Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғазо аҳолиси уруш бошланганидан буён 6 фоизга қисқарди – Фаластин статистика бюроси

Ғазо аҳолиси уруш бошланганидан буён 6 фоизга қисқарди – Фаластин статистика бюроси

Ғазо аҳолиси тахминан 160 минг киши (6 фоиз)га камайди, жумладан, жанглар бошланганидан бери 55 мингга яқини ҳалок бўлди ва 100 мингдан ортиғи анклавни ташлаб қочди.

Бу ҳақда Фаластин марказий статистика бюроси маълумотларида келтирилади.

Анклавдаги жанглар натижасида 45 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, деб ҳисоблайди ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Фаластин статистика бошқармаси маълумотларига кўра, яна 11 минг киши бедарак йўқолган. 2023 йил 7 октябрдан бери 100 мингга яқин фаластинлик Ғазони тарк этган.

Шундай қилиб, Ғазо аҳолиси 160 мингдан ортиқ кишига камайиб, 2,1 миллион кишига етган. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу рақам нотўғри эканини таъкидласа-да, бу БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг 2024 йил июл ҳолатига кўра Ғазо секторида 2,1 миллионга яқин одам қолгани ҳақидаги ҳисоб-китобларига мос келади.

«Инсон ва моддий йўқотишлар ҳалокатли. Аммо Исроилнинг бутун Ғазо секторига нисбатан тажовузкор ва шафқатсиз тажовузлари давом этмоқда», – дейди Фаластин марказий статистика бюроси.

Amnesty International ва Human Rights Watch каби ташкилотлар ҳамда Халқаро суд ва бошқа Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аллақачон Исроилни Ғазода фаластинликларга қарши геноцидда айблаган.

Human Rights Watch, жумладан, ўз ҳисоботида Исроил ҳукумати Ғазога сув ва электр таъминотини атайлаб тўхтатиб қўйгани, инфратузилмани вайрон қилгани ва муҳим озиқ-овқатларнинг бир йилдан ортиқ вақт давомида тақсимланишига тўсқинлик қилгани натижасида кўп сонли чақалоқлар, болалар ва катталар тўйиб овқатланмаслик, сувсизланиш ва касалликлардан вафот этганини айтган.

«Ҳукумат сиёсатига кўра, бу ҳаракатлар тинч аҳолига қарши қаратилган кенг кўламли ва тизимли ҳужумдир. Исроил ҳукумати шу тариқа инсониятга қарши қирғин жиноятини содир этмоқда», – деб ёзади халқаро ташкилот.

Маълумот учун, аввалроқ Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни уруш жиноятларида айблаб, ҳибсга олишга ордер бергани хабар қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг