Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эксперт: Молдова Москва қаршисида тиз чўкмади

Эксперт: Молдова Москва қаршисида тиз чўкмади

Молдованинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 80 фоиз қопловчи Днестрбўйидаги ГРЭС жорий 1 январдан электр узатишни тўхтатиши ҳақида хабар бергандик.

Ушбу ҳолат ГРЭС билан шартномани узайтиришнинг имкони бўлмагани, чунки электр ишлаб чиқариш учун газ етказиб берилишига тўлиқ ишонч йўқлиги билан изоҳланганди. Бунинг ортидан Молдовага электр инқирози хавф солаётгани айтилганди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Днестрбўйи ҳудудининг Россия газидан узилганини постсовет маконида ҳафтанинг энг эътиборли жараёнларидан бири деб атаган.

“Лекин Молдовага нисбатан энергошантаж иш бермади, мамлакат энерготизими кутилганидан кўра анча барқарор қолди. Бугун 5 январь ҳолатига Молдова назоратидаги ҳудудлар бўйлаб энергия таъминоти 100 фоиз тикланган. Молдова ўзи учун (яъни ўз назоратидаги ҳудудлар учун) газни Европа бозоридан олаётганига анча бўлган. Шимол газини босиб олинган Днестрбўйи бевосита истеъмол қилган (Молдова фақат Днестр ИЭС ишлаб чиқарган электр энергиясидан фойдаланган). Яъни, бошқача айтганда, газни қурол деб билувчилар энергошантажи билан аслида ўзлари босиб олган Днестрбўйини жазолаган. Қишнинг қоқ ўртасида рус дунёсига алданган Днестрбўйи газсиз, электрсиз ва сувсиз қолган (худди шундай аҳвол Абхазияда ҳам)”, – деб ёзди Отабек Бакиров.

Молдова навбатдаги шантаж олдида тиз чўкмаганини урғулаган эксперт Кишинёв ҳукумати энергетикани товар эмас, қурол деб биладиган Москванинг кейинги ҳаракатларини олдиндан кўра билгани, шунга яраша фавқулодда чоралар кўргани, бозорини диверсификациялашни бошлаганини қайд этган.

“Энергошантаж модели 30 йилдан буён ўзгармаган. Аввалига алдов учун арзон ва ҳатто текинга газ берилади, газ игнасига ўтказиб қарам қилинади, кейин сизларни биз боқяпмиз, дейишга ўтишади, бир муддат ўтиб бозордан каррасига қиммат ўлчовларда коррупцион ҳисоб берилади: ё ҳозир тўлайсан ё ерингни, бойлигингни, демакки, суверенитетингни бизга берасан қабилида. Шунинг учун ҳам энергохавфсизлик миллий давлатчилик ва мустақиллик учун ҳаддан зиёд муҳим масала. Энергохавфсизликни аутсорсингга топшириб бўлмайди. Энергохавфсизликни хатар яратувчилар қўлига қолдириб бўлмайди”, – дея хулоса қилади О.Бакиров.

Таҳлилчиларга кўра, Молдова Россия қутбидан чиқиб, эркин дунё сари интилмоқда. Москвадан узоқлашув сиёсатини юритаётган Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибидан чиқиш истагини билдирганди.

Молдова президенти Майя Санду Кремль мамлакатда давлат тўнтариши ва қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида баёнот бергани маълум.

Россия Молдовада 2024 йил 20 октябрь куни бўлиб ўтган сайловга турли йўллар билан аралашиш ҳамда фуқароларнинг суверен ҳуқуқидан фойдаланишга тўсқинлик қилишда ҳам айбланган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Майя Санду сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг жиноий тўдалар хориждаги кучларнинг ўнлаб млн евро кўмаги билан Молдовада бошбошдоқлик ва тартибсизликни юзага келтиришга урингани ҳақида баёнот берганди.

АҚШ ҳам 2023 йили Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлаётганидан огоҳлантирганди. Вашингтонга кўра, Кремль ЕИ билан ҳамкорликни янада кучайтиришга интилаётган Санду ҳукуматини заифлаштиришга уринмоқда.

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг