Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёнинг энг зиқна ва ўта тежамкор одамлари... ёхуд улар орттирган бойликларнинг фойдали томонлари

Дунёнинг энг зиқна ва ўта тежамкор одамлари...  ёхуд улар орттирган бойликларнинг фойдали томонлари

фото: интернет, очиқ манба

Гетти Грин расман Гиннеснинг рекордлар китобига «тарихдаги энг зиқна аёл» сифатида киритилган.

1835 йилда Америкада туғилган Гетти бадавлат тадбиркорнинг ягона қизи эди. Унга отасидан 7,5 миллион долларга яқин мерос қолган (бу ҳозирги вақтда миллиардлаб долларга тенг). Йигирма бир ёшида у Уолл-стритга сармоя киритиш учун Нью-Йорк шаҳрига кўчиб ўтди ва «Уолл-стритнинг ёвуз жодугари» лақабини олди.

Гетти миллионерга турмушга чиқди, лекин тежамкорлик билан яшади, озиқ-овқат дўконларидан қолган ширинлик ва синган печенеларни истеъмол қилди. У итига бепул суяк олиш учун ҳар куни қассоблар билан баҳслашишгача борди. У жуда зиқна эди, ўн олти ёшида ўзи тиккан ички кийимини вафот этгунича кийиб юрди.

У деярли ҳеч нарсага пул сарфламаган, маълумотларга кўра, иссиқ сув ишлатмаган, бир хил қора кўйлакни увадага айлангунча кийиб юрган ва бор-йўғи икки сент турадиган пирогни истеъмол қилган.

Ўғлининг оёғи синганида, у пулни тежаш мақсадида даволанишни кечиктирган, натижада шифокорлар унинг оёғини кесишга мажбур бўлишган. Яъни ўғлини камбағаллар даволанадиган шифохонага ётқизишга ҳаракат қилиш асносида вақтдан ютқазган.

Гетти Грин 1916 йилда Нью-Йорк шаҳрида 81 ёшида вафот этди ва Гиннеснинг рекордлар китобига «дунёдаги энг зиқна одам» сифатида киритилган.

Гетти хизматкори билан арзимаган маошни ошириш борасида жанжаллашиб, инсултдан вафот этди.

Гетти зиқналигига қарамай, катта бойлик қолдирди. Фарзандлари сахий эдилар, қизи эса мерос пулига текин касалхона ҳам қурдирди.

Яна бир ўта тежамкор миллиардер – Жон Рокфеллер. Бу одамнинг номи ўз вақтида мисли кўрилмаган бойлик ва фаровонликни англатар эди гўё. Чунки инсоният тарихидаги биринчи расмий доллар миллиардерига айланган Рокфеллер эди. У бутун умри давомида пулга бўлган оқилона муносабати учун отасининг тарбиясидан миннатдор эди: «Отам мен билан тез-тез савдолашиб, мендан турли хизматлар сотиб олди. У менга қандай қилиб сотиб олишни ва сотишни ўргатди. Дадам шунчаки бойиб кетишим учун устоз бўлган.» Етти ёшида кичкина Жон ярим кунлик ишларда ишлай бошлаган. Сотиш учун парранда боққан ва қўшниларига картошка қазиш учун ёрдам бериб пул олган. У топган ҳамма пулини пул йиғадиган идишда сақларди ва кичик дафтарга қайд қилиб борди. Бу одати умрининг охиригача тарк этмади. Ҳатто 13 ёшида у дўстига йиллик 7,5% билан қарз берган.

Унинг рафиқаси ҳам зиқна аёл бўлиб, қатъий қоидалар асосида тарбияланган, бунинг натижасида оила харажатлари ҳеч қачон зарур миқдордан ошмаган. Болаларнинг ҳар бирида ўз харажатлари ва даромадларини ёзиш учун китоб бор эди. Оилада бонуслар ва жарималарнинг қатъий тамойиллари мавжуд эди – меҳнат учун мукофотлар, тартиб-интизом, ҳаёт неъматларидан воз кечиш (масалан, ширинликсиз кун) ва ёмон қилган ишлари учун пул рағбатлари берилмаган. Болаларга камдан-кам ҳолларда янги кийимлар сотиб олинган.

Шуни таъкидлаш керакки, Жон Рокфеллер ўзига зиқналик қилган бўлса-да, бойлигининг катта қисмини хайрия ишларига сарфлаган. Бу инсон ўз даврининг энг йирик хайриячиси сифатида ҳам ёдда қолган. Унинг шарофати билан Чикаго университети, Рокфеллер тиббиёт институти, таълим марказлари, Рокфеллер фонди ташкил топди. Умуман олганда, у хайрли ишларга ярим миллиард долларга яқин хайрия қилди ва ўғли бу ишни давом эттирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг