Чад президенти сайловда ғалаба қозониб, вафот этди
Чад президенти Идрис Деби яна бир бор сайловда ғалаба қозониб, ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда РИA Новости ўз манбасига асосланиб ёзмоқда.
Бугун олтинчи муддатга қайта сайланган сиёсатчи Деби 30 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимият тепасида. Президент исёнчилар устидан қозонилган ғалабани фронтда нишонлашга қарор қилди, бунинг учун у мамлакат шимолидаги уруш зонасига борди. Бироқ исёнчи кучлар ҳукумат кучларига ҳужум қилиб, Дебининг яраланишига олиб келди. Шифохонада унинг жони узилган.
Сайловлар 11 апрель куни бўлиб ўтди, сиёсатчи 79 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, яна бир муддатга сайланди. Деби бу лавозимни 1990 йилдан бери эгаллаб келаётганди.
Сайлов куни жангарилар Чадга қарши Ливиядаги базаларидан (шимол билан чегарадош) ҳужум бошлади. Шу муносабат билан тез орада AҚШ Давлат департаменти Чаддаги элчихонасидан дипломатлар оила аъзоларини чақириб олаётганини эълон қилди. 19 апрель куни мамлакат армияси 300 дан ортиқ жангарилар йўқ қилинганлиги ҳақида хабар тарқатганди.
Чад Aфрикадаги жиҳодчиларга қарши курашнинг асосий иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Минтақадаги террорчиларга қарши курашишдан манфаатдор бўлган Франция мамлакатда барқарор ҳукуматни қўллаб-қувватлайди ва Дебига ҳокимиятни сақлаб қолиш учун бир неча бор ёрдам берганлиги айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter