Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Акс-садо: предмет ва фаннинг нима фарқи бор?

Акс-садо: предмет ва фаннинг нима фарқи бор?

Асарият ўқитувчилар дарсликларнинг мураккаблиги, айрим мавзуларни ўқувчиларга тушунтириш қийинлиги ҳақида гапиришган.

Фото: «tutoronline.ru»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида 2018 йилнинг 23 март куни тўрткўллик математика фани ўқитувчиси Муроджон Хўжаниёзовнинг «Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда» номли мақоласи эълон қилинган, унда муаллимнинг 10-синф математика дарслиги билан боғлиқ эътирозлари баён этилган эди. Орадан бир кун ўтиб ушбу дарслик муаллифларидан бири Шуҳрат Исмоиловнинг жавоби тақдим этилди. Юқоридаги икки мақолани ўқиб, менда ҳам ушбу ҳолат юзасидан ўз фикримни билдириш истаги туғилди.

Мактабда қайси фандан дарс беришимиздан қатъи назар, у биология, кимё, тарих, меҳнат, математика, физика бўладими, биз университетда ушбу фанни ўқитиш методикаси деган фанни ўқиганмиз, у ерда ушбу фанни ўқувчиларга қай тартибда ва қандай усулларда етказиш мумкинлигини атрофлича ўрганганмиз. Аввало мактаб дарсликлари ҳақида фикр юритишдан олдин «предмет» ва «фан» орасидаги фарқни тўғри тушуниб олишимиз лозим. Ҳеч эътибор берганмисиз, мактабдаги синф журналларига ёки ўқувчиларнинг кундалик дафтарларига одатда «фаннинг номи» эмас, балки «предмет номи» деб ёзилади. Демак, мактабларда фан эмас, предмет ўқитилар экан, хўш, улар ўртасидаги фарқ нимадан иборат?

Мен буни одатда биринчи курсга қабул қилинган талабаларга дарсга кирганимда биринчи маърузамда қуйидагича тушунтиришга ҳаракат қиламан. «Бутун бошли биология — океанда сузиб юрган улкан айсберг. Унинг сувдан ташқарига чиқиб турган ва биз кўришимиз мумкин бўлган қисми — сизлар мактабда ўқиган биология, яъни предмет. Олий таълимда эса биз сиз билан унинг остки, кўзга кўринмас қисмини ўрганамиз, яъни ҳақиқий фанни. Предмет маълум бир фаннинг аниқ, ўрганилганда мавҳумликка, охири йўқ саволлар қаршисига олиб бормайдиган қисмидир. Ҳақиқий фаннинг эса туби мавжуд эмас, унга қанча чуқур кириб борилган сари сиз янада тубсизликни ҳис қилиб бораверасиз». Биз мактабларда ҳар бир фаннинг ана шундай аниқ ва лўнда, ўқувчилар учун фундаментал асосий қисми ҳақида маълумот берамиз. Бу фикрлар ҳар бир мактаб предметига тегишли бўлиб, ушбу предмет юзасидан дарслик ёзаётган муаллифлар буни жуда яхши билишади.

Худди мана шу нуқтада кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган бир жиҳат мавжуд, яъни дарсликлар чиндан ҳам ўқувчи тушуна олмайдиган даражада мураккаб тилда ёки айрим мавзуларда боши берк кўчага олиб кирадиган услубда ёзилмоқдами? Бу саволга аксарият мактаб ўқитувчилари ҳа деб жавоб беради. Бу масалани чуқур таҳлил этмаган ёки соҳага алоқадор бўлмаган киши ўқитувчи ва соҳа вакилларининг иддаоларига қулоқ тутар экан, ростан ҳам дарсликларни соддалаштириш лозим деб ўйлайдилар. Худди мана шу ерда мен сизга вазиятни нариги тарафдан кузатиш ва холис баҳолашни таклиф қиламан.

Дарсликларга «мураккаб», «бола ёшига мос эмас», «мужмал» каби сифатларни аввало ким беради? Ҳа, тўғри топдингиз – ўқитувчи! Энди савол туғилади: қандай ўқитувчи? Мана шу саволга мен ўзим жавоб бера қоламан, ўз фанини ёки дарс ўтадиган соҳасини чуқур билмайдиган ўқитувчигина мана шундай фикрни беради. Мен доим такрорлаганман, агар ўқитувчи ўзи мавзуни яхши тушунмаса, унинг моҳиятига етиб бормаса, ҳеч қачон ушбу мавзуни ўқувчига тушунтириб бера олмайди. Ўқитувчида билим, малака ва методика бўлса, ҳар қандай ёшдаги ўқувчига исталган мавзуни тушунтириб бериш йўлларини излаб топади, ўқувчини дарсликдаги мавзуларнинг ёритилишидан қатъи назар керакли йўналишга йўналтира олади.

Гапларим қуруқ бўлмаслиги учун сизга иккита ҳаётий воқеани мисол қилиб келтираман. Уларнинг биринчиси бир касбдошим билан юз берган. Касбдошим Фарғона вилоятидаги мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш институтида биология ўқитувчилари билан суҳбатлашганда аксарият ўқитувчилар 9-синф биология дарслигидаги «Оқсил биосинтези» мавзуси ниҳоятда мураккаб ёзилганини, ўқувчи уни тушунишга қийналишини айтиб, шу мавзуни қандай қилиб болага оддий қилиб тушунтириш мумкинлигини сўрашади. Шунда касбдошим айнан савол берганларга «сиз ўзингиз мана шу мавзуни яхши билмайсиз, мана шунинг учун ҳам уни ўқувчиларга тушунтиришга қийналасиз» дея жавоб қайтаради. Савол берган ўқитувчилар ростан ушбу мавзуни яхши тушунмасликларини айтиб, уни тушунтириб беришни сўрашади.

Иккинчи воқеа эса ўзим билан содир бўлган. Ўтган ўқув йилида Фарғона давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида коллеж ва лицейларнинг биология ўқитувчиларига дарс ўтдим. Курс аввалида гуруҳдаги вилоятдан йиғилган ўқитувчилар орасида кириш тести сифатида биологиянинг базавий қисмига алоқадор, мустақил фикрлаб топса бўладиган ва ўз устида ишлайдиган ҳар бир ўқитувчи топа оладиган қилиб очиқ ва ёпиқ тарзда тест саволлари тузиб имтиҳон ўтказдим. Натижа эса ҳайратланарли даражада эди, яъни ўқитувчиларнинг умумий билиш даражаси 11,5 фоизга тенг!

Бу нима эканлигини тасаввур қилаяпсизми? Худди мана шу гуруҳдаги аксарият ўқитувчилар ҳам дарсликларнинг мураккаблиги, айрим мавзуларни ўқувчиларга тушунтириш қийинлиги ҳақида гапиришган эди. Энди инсоф билан айтинг-чи, билиш даражаси ҳаминқадар бўлган ўқитувчи қандай қилиб мураккаб мавзуларни ўқувчига тушунтириб бера олади? Бу гапим билан ҳамма ўқитувчилар билимсиз, ўз фанини билмайди демоқчи эмасман, улар орасида ўз фанининг ҳақиқий мутахассислари бор, лекин, афсуски, улар бармоқ билан санарли даражада кам. Бундай ҳолатни туман олимпиадаларида айрим ўқитувчиларнинг оддий бир саволнинг жавобини излаш жараёнида ҳам кузатиш мумкин. Энг ачинарлиси, айрим ҳолатларда ўқувчилар ўқитувчилар йўл қўйган хатоларни кўрсатиб беришади.

Айнан биология фанидан 10-синф ўқувчилари учун ёзилган дарсликнинг рус тилидаги нашри билан батафсил танишиб чиқдим. Дарсликда асосан 9-синф биология дарслигидаги ҳамда лицей ва коллежлар учун чоп этилган биология дарслигидаги мавзулар такроран берилибди. Лекин эътироф этишим лозимки, дарслик ёзаётганда муаллифлар мавзуларнинг илгаригидан мураккаброқ чиқишига ҳаракат қилишган. Қўшимча илмий маълумотлар, расмлар, жадваллар бериб ўтилган. Айниқса муаллифлар орасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори Ж.Толипованинг борлиги дарсликдаги мавзулар ёритилишида шундоққина сезилиб турибди. Мен мутахассис сифатида дарсликдаги мавзуларнинг мураккаблиги ва ёзилиш услубига ҳеч қандай эътироз билдирмайман. Аксинча, бу борада ҳурматли мактаб ўқитувчиларимизга айтадиган бир-икки оғиз маслаҳатларим бор.

Ҳурматли касбдошлар, азиз устозлар, мактабда ўқувчиларингиз билан дарс жараёнини ташкил этар экансиз, вазирлик томонидан ушбу фан учун тавсия этилган дарслик сизнинг бирламчи манбангиз ҳисобланади, лекин асло ягона эмас!

Фақат мактаб дарслиги билан чекланиб қолиш ўқувчиларнинг ушбу фанни ўзлаштиришига ижобий таъсир кўрсатмайди. Исталган мавзу бўйича дарс ўтишдан олдин ушбу мавзуга оид дарслик ва қўшимча маълумотлар билан аввало ўзингиз танишиб чиқсангиз, мавзуни ўқитиш методикасига оид адабиётларни кўздан кечирсангиз фойдадан холи бўлмайди. Бугунги кунда фан шу даражада илдамлик билан ривожланмоқдаки, ўтган йилги маълумот бу йилга келиб эскирмоқда ёки мавжуд муаммолар ўз ечимини топмоқда. Интернет мавжуд бўлган жойда бундай маълумотларни топиш учун қўл бармоқларини ҳаракатлантиришнинг ўзи кифоя қилади. Шу ҳолатда ҳам дарсликлар бўйича фикр-мулоҳаза, эътироз ва таклифингиз бўлса, уларни албатта муаллифларга етказинг, улар бундан фақат ва фақат хурсанд бўлишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг