Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олотдаги «шилқимлик воқеаси»: туман ҳокимлиги биносида нима бўлганди?

Олотдаги «шилқимлик воқеаси»: туман ҳокимлиги биносида нима бўлганди?

Ижтимоий тармоқларда «Олот тумани ҳоким ўринбосаридан шилқимлик: «Сизни қучоқлайман, кўзингизни юминг...» сарлавҳаси остидаги хабар муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, аслида, ҳоким ўринбосари шилқимлик қилганми? Ўзини «журналист» деб таништирган аёл ҳақиқатан журналистми ёхуд...

Муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида «Xabar.uz» мухбири тарафлар билан суҳбатда бўлди.

Бир неча йилдан буён Бухорода хусусий нашр – «Бухоро адабиёти ва санъати» газетаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда кўпчилик босма нашрларнинг иқтисодий танг аҳволда экани барчамизга маълум. «Бухоро адабиёти ва санъати» газетасини ҳам шундай нашрлар сирасига киритиш мумкин.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2 май куни ушбу газета бош муҳаррири Шавкат Носировнинг топшириғи билан таҳририят ходими бўлган аёл (ўз исми-шарифини очиқланишини истамади) Олот туманида бўлган.

«Мен хизмат сафари билан Олот туманига бордим. Бош муҳаррир топшириғига кўра, тумандаги бешта ташкилотнинг иш фаолиятини ўрганиб қайтишим керак эди. Мен туман ҳокимлигида бўлиб, хотин-қизлар масаласи бўйича ҳоким ўринбосари билан гаплашдим. Шундан сўнг у қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Маъруф Атаков билан таништиришди», – деди Н.Н.(шартли)

Маълум бўлишича, ўринбосар ўзини «журналист» деб таништирган аёлнинг қурилиш объектларини ўрганиши учун унга туман ҳокимлиги ходимларидан бирини бириктириб берган. Ва Н.Н. маълумот тўплаш учун ўзи истаган объектларда бўлган. Бир нечта объектларда бўлгач, Н.Н. яна туман ҳокимлиги биносига қайтган ва ҳоким ўринбосари хонасига кирган.

«Менга уй ва компьютер таклиф қилди»

«Ҳоким ўринбосарининг ўзи ҳам мен билан бир нечта объектларга борди. Қайтаётганимизда, «жуда тушкун аҳволдасиз, кўзларингиз ғамли, нимадан изтироб чекаяпсиз?» деб сўради». Мен эса чарчаганимни билдирдим. У эса ғайриқонуний ҳаракатлари, аёллик  қадр-қимматига мос келмайдиган муносабатлари билан шахсиятимга тега бошлади. Аввалига ўзимни анча босиб турдим. Шунга қарамай, у менинг оилам, ишим, яшашим, турмуш ўртоғим ва ҳоказолардан савол бера бошлади. Кейин мен яна унга эътибор қилмай, обуна масалаларида кўмаклашишини сўрадим. Замҳоким эса обуна масаласида сўз очганимдан сўнг, «у билан бирга «юришимни», менга Геофизиклар қўрғонига туташ уйини таклиф қилди, компьютер олиб бермоқчилигини,  у билан яқин алоқада бўлсам, менга кўп ёрдам қилишини таклиф қилди», – деди аёл.

«Ожизлигимдан фойдаланмоқчи бўлгандир...»

Н.Н.нинг сўзига кўра, туман ҳокими ўринбосари чегарадан чиқа бошлаган ва шилқимлик билан унга тегажоқлик қилмоқчи бўлган.

«Сизга эрнинг меҳри керак. Ўша меҳрни сизга мен бераман», – деб менга яқинлашмоқчи бўлди. Шунда коридордан кимнингдир овози эшитилди, мен эса уни итариб юбориб, кабинетидан отилиб чиқиб кетдим», – деди.

– Кечирасиз, у сизга ишқий муносабат таклиф қилаётганда ёхуд шилқимлик қилмоқчи бўлганда эмас, нега айнан ўзингиз айтмоқчи, коридордан кимнингдир овози эшитилгандагина, хонадан отилиб чиқиб кетгансиз. Унинг сўзларини, ножоиз таклифларини эшитиб туришга ёхуд сизга шилқимлик қилгунича вазиятни кутиб туришга сизни нима мажбур қилди?

– Мен унинг саволларига жавоб бердим. Эримнинг бир неча йиллардан бери хорижда ишлаётгани, уч нафар фарзандим борлигини, ижарада туришимни айтдим. 15 ёшар қизмасман-ку, вағиллаб кетсам, эшитиб турдим. Телефонимни олиб, «запис қилмаяпсизми?» – деб кўриб, қайтариб берди ва кейин таклиф қила бошлади. Балки, менинг ожизлигимдан фойдаланмоқчи бўлгандир, – деди суҳбатдош.

Соҳага мутлақо дахли йўқ «журналист»

Маълумот ўрнида: Н.Н. 1988 йилда Қоракўл тумани «Янгибозор» МФЙ «Қўлва» қишлоғида  туғилган. 13 йилдан буён фуқаро Х.Х.нинг қонуний никоҳида. Эри Россия Федерациясида ишлайди. Уч нафар қизи бор. Бухоро шаҳрида  ижарада яшаб келади. Бухоро педагогика коллежини тугатган. Бухоро шаҳридаги «Мономарказ»да компьютер саводхонлигини ўрганган. Ва ўзининг билдиришича, «Бухоро адабиёти ва санъати» газетасида техник ходим бўлиб ишламоқда.

«Журналистика соҳасига мутлақо дахлим йўқ. Қўлимда компьютер саводхонлигини тугатганим бўйича сертификатим борлиги сабабли мени таҳририятга ишга олишди. Жорий йилнинг 1 апрелида ишга қабул қилинганман. Бош муҳаррир берган топшириқ ва кўрсатмаси билан Олот туманида иш юзасидан бўлдим. Олот тумани ҳокимлик биносидаги ҳолат юзасидан эса мен бош муҳарриримга айтиб турдим, бош муҳаррир менинг сўзларим билан уни ёзди...», – деди Н.Н.

«Хабарни ўринбосарнинг «душманлари» тарқатган»

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда келтирилган ушбу хабарга тўхталиб ўтсак. 

«Албатта, чуқурроқ фикрласангиз, мана шу жумла ҳам одамни ўйлантиради: ҳамма ишнинг бошида газета раҳбари тургани йўқми мабодо?» – дейилади ушбу манбаада.

«Балки, ходимнинг ўзидан ҳам ўтгандир, деган кечинма ўтди кўнглимдан. Аммо, воқеанинг эртаси куни Маъруф Атаков ва яна бир замҳоким, шунингдек, унинг отаси таҳририятимизга келиб, узр сўраб кетишди. Ушбу юзасидан бошқа ҳеч қаерга мурожаат этилмаслиги юзасидан ҳам ўртоқлашилди. Бу хабар қаердан ва ким томонидан тарқалиб кетди хабарим йўқ!» – деди бош муҳаррир.

Н.Н. ҳам буни тасдиқлаб, туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинига ёзилган ушбу шикоят аризаси ҳоким ўринбосарини кўра олмайдиган «душманлари» томонидан ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Олот тумани ҳокими қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Маъруф Атаков эса «Xabar.uz»га ўзига нисбатан мутлақо бўҳтон қилинаётганини билдирмоқда.

Маълумот ўрнида: Маъруф Атаков 1989 йилда Қоракўл туманида туғилган. Оилали. Икки нафар фарзанди бор. Олот туман қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

«Ўзини «журналистман» деб таништирган аёлни 2 май куни биринчи марта кўрдим. Ёши каттароқ аёл. У аввалига бир нечта қурилиш объектларини кўриб келгани, муаммолар борлигини, уларни танқидий мақола қилиб чиқаришини билдирди. Мен эса «Қаршимасмиз, муамммо бўлса, ечим топамиз. Агар нотўғри манбаа тарқалса, албатта, бунга нисбатан қонуний жавобгарлик бор» дея унинг журналистик фаолиятига тўсқинлик қилишга ҳақим йўқлигини билдирдим. Биринчи марта кўриб турганим аёлнинг шахсий ҳаёти билан қизиққаним йўқ, ҳатто, бу ҳақда хаёлимга ҳам келмаган. «Агар маълумотлар нотўғри талқинда ёритиладиган бўлса, қонуний жавобгарлик бор» деганим учун у аёл мен сўрамасам-да, ҳали ишга кирганига бир ойча ҳам бўлмагани, турмушда қийналиб яшаётгани, агар таҳририятга пул олиб бормаса, бош муҳарриридан гапга қолишини айтиб, дарди-ҳол қилди. «Бухоро адабиёти ва санъати» газетасидан бир нусха қўлимга тутқазди...», – деди туман ҳокими ўринбосари.

«Ишқ»нома ўқишга вақт борми?! »

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, газета босма қоғоздан эмас, худди компьютердан чиққан кўринишдадек бўлган. 

«Тушлик бердингиз, раҳмат. Аммо, кетишга пулим йўқ. Қўлингизда қанча қурувчиларингиз бор, ҳеч бўлмаса, 200-300 минг сўм олиб беринг, шароит қилиб беринг»  деб қолди. Мен эса қурувчиларга буни айтолмаслигимни, уларни мажбурий обуна қилолмаслигимни, агар рози бўлса, фақат Қоракўл туманигача ўзим олиб бориб қўйишимни ва мени пастда кутиб туришини айтдим. У эса менинг кабинетимдан хуш-хурсанд ҳолда чиқиб кетди. Орадан 15 дақиқаларча ўтар-ўтмас, мен унга қўнғироқ қилдим ва Қоракўл туманида хизмат вазифа билан кетаётганим боис, олиб кетишим мумкинлигини билдирдим. Аёл эса олотлик холаси билан кўришишини айтди», – қўшимча қилди ҳоким ўринбосари.

– Ўзини «журналистман» деб  таништирган аёлнинг тасдиқловчи ҳужжати бормиди? Унинг сизнинг хизмат хонангиздан чиқиб кетаётганини кимлар кўрди?

– Йўқ, тўғриси, журналистлигини тасдиқловчи ҳужжатни кўрмабман. Унинг хизмат хонамдан чиқиб кетишини ҳоким ўринбосари Асрор Янгиев ҳамда ўз мурожаати юзасидан келган яна икки фуқаро кўришди. Ҳеч тушунмай қолдим. Ўша аёлнинг ўзи ҳам гувоҳ бўлди. Иш тиғиз, топшириқлар қайнаб турган пайтда, мен хизмат вазифамни қўйиб, журналист аёлга «ишқ»нома ўқирмидим?! Тўғриси, ҳайронман! Мен унинг пул билан боғлиқ талаб ва истакларини бажармадим. Обуна масаласида кўмаклаша олмаслигимни, аммо, обунада кўмак учун таклиф киритишим мумкинлигини билдиргандим, холос.

«Агарки, аёл ўзи айтганидек, Маъруф Атаков унга шилқимлик қилганида, у ҳеч бўлмаса, ўринбосарнинг хонасидан танг ва тажанг бир алфозда чиқиб кетган бўларди. Очиқ чеҳра ва кулиб чиқиб кетганини кўрдик», – дейди Асрор Янгиев.

«Катта туманда 500 000 сўм топилмайдими?»

Маъруф Атаковнинг айтишича, 4 май куни «Бухоро адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Шавкат Носиров ҳоким ўринбосарига қўнғироқ қилиб, «Кечирим сўранг, ҳаммасини биргаликда кечирамиз!» деб унга шарт қўйган.

«Биз 4 май куни Асрор Янгиев ҳамда отам билан таҳририят жойлашган бинога бордик. Мен эса «айтмаган сўзларимга кечирим сўрамайман» дедим. Шунда бош муҳаррир қўлимдан ушлаб, «катта туманда 500 000 сўм топилмайдими?» – деган сўзларини айтди. Айнан бу ҳолатни ўзлари видео тасвирга ҳам олишаётган эди. Афсуски, хато ва камчилик, муаммо ўзларида экани боис, қўлларида ҳеч қанақа асос ёки видеотасвир, овоз ёзувлари йўқлигини рўкач қилишмоқда», – деди ўринбосар.

Обуна учун 500 АҚШ доллари «берган» ота

Ўринбосарнинг айтишича, у таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракатидан жазавага тушиб, улардан узоқлашган. Отаси эса унинг хабарисиз вазиятни юмшатиш мақсадида улар сўраётган ҳар бир донаси 200 минг сўм турадиган газетанинг 200 донаси учун 500 АҚШ доллари миқдорида пул берган.

Обуна учун тўлов квитанциясини олдингизми?

– Йўқ! Ўғлимнинг бошида бўҳтон тушиб турганда, пул кўзга кўринармиди? Шу билан тинчишсин, шов-шув қилишмасин, деб обуна пули сифатида 500 доллар бердим. Шартномаларининг ичига қўйишди пулни, – деди ўринбосарнинг отаси.

Маъруф Атаковнинг айтишича, 4 май куни Н.Н. унга телеграмм тармоғи орқали овозли хабар жўнатиб, унинг устидан шикоят аризаларни маҳаллага, оиласига ва ҳокимга ташлаб беришини билдирган.

Ҳолат бухоролик журналистлар ўртасида ҳам муҳокамага сабаб бўлган.

P.S: Ҳақиқий журналистлар журналистика этикасидан доимо хабардор бўлгани, қонун-қоидани яхши билгани учун ҳеч қачон бундай нохуш ҳолатга тушмайди. Бу вазиятда «журналист» аёл этика ва қонун-қоидадан бехабарлиги боис, унга берилган асосий топшириқ – мақола ёзиб топширилиши ўрнига унинг ўзи  мавзуга айланиб қолаяпти. Чумчуқ сўйсаям қассоб сўйсин, дейишади. Ҳар томонлама жуда катта масъулияти бор журналистикани ижоддан, қалам заҳматидан йироқ ходимга ишониб топширилиши мана шундай ҳижолатли ҳолларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу энди алоҳида мавзу. 

Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жиддий иш олиб бориб, изчил ўрганишлари муҳим. Қайси тараф айбдор бўлса, қонун олдида жавоб бериши шарт!

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг