Пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди
Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди. “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-443-сон, 18.12.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди.
2025/2026 ўқув йилидан:
- спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти жорий этилади;
- спорт мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозими жорий этилади;
- ҳар бир оммавий спорт бўйича тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасалари бириктирилади;
- оммавий спорт бўйича тренер-селекционер ўзига бириктирилган ҳудудда “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиб боришга масъул ҳисобланади.
2025/2026 ўқув йилидан ҳудудлардаги олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолияти қуйидаги янгича тартибда ташкил қилинади:
- спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари ташкил қилинади;
- маҳорат мактаблари фаолияти спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ва уларни терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади ҳамда алоҳида спорт турларига ихтисослаштирилади;
- маҳорат мактаблари ўқувчи-спортчиларининг умумий контингенти жами 150 нафардан кўп бўлмаган миқдорда 7–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;
- маҳорат мактаблари ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади;
- маҳорат мактабларида озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter