Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонга Европа Иттифоқи комиссари ташриф буюради

Ўзбекистонга Европа Иттифоқи комиссари ташриф буюради

Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела жорий йил 12–18 март кунлари Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради.

ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси матбуот хизмати Xabar.uzга маълум қилишича, юқори мартабали мулозим Ўзбекистонда ҳам қатор учрашувлар ўтказади.

Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела ташриф мобайнида ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий тараққиётни кучайтириш, иш ўринларини яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишни кучайтиришга йўналтирилган «Global Gateway» ташаббусини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.

Маълумот ўрнида, «Global Gateway» ЕИнинг бутун дунёдаги инвестиция тафовутини камайтириш, рақамли ўзгаришлар, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ақлли, экологик тоза ва хавфсиз алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегиясидир. Шу билан бирга, у соғлиқни сақлаш, таълим ва илмий тадқиқотларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Стратегия доирасида 2021–2027 йиллар давомида жамоат ва хусусий сектор инвестицияларидан 300 миллиард еврогача маблағ жалб қилиш орқали глобал инвестиция бўшлиғини ёпиш, қарамлик эмас, балки мустаҳкам алоқаларни яратиш кўзда тутилган.

Комиссар Йозеф Сикела минтақага сафари мобайнида «Global Gateway» стратегиясининг транспорт, муҳим хомашё, рақамли алоқалар, сув, энергетика ва иқлим каби йўналишларига оид бир қатор ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда.

«Марказий Осиё Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиб, бизнинг алоқаларимиз истиқболда ҳам улкан салоҳиятга эга. Бугунги глобал муаммолар мустаҳкам ҳамкорлик зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди ва мен ушбу сафар давомида айнан шуни кучайтиришга интиламан. Менинг мақсадим Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлари билан биргаликда амалга оширилаётган «Global Gateway» лойиҳаларига эътибор қаратишдир. Ушбу лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, бизнес имкониятларини кенгайтириш ва таълимдан тортиб замонавий инфратузилмага қадар муҳим хизматларни яхшилашга ёрдам беради», — деди Йозеф Сикела сафар олдидан берган баёнотида. 

Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда учрашувлар ўтказган европалик меҳмон минтақа бўйлаб сафарини Ўзбекистонда якунлайди. Мамлакатимизда ЕИ комиссари юқори мартабали ҳукумат вакиллари, ўзбекистонлик ва европалик бизнес вакиллари билан мулоқотлар ўтказади. Рақамли алоқалар соҳасида минтақавий лойиҳалар бўйича келишувларни имзолаш маросимида иштирок этади. Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюради.

Ушбу ташриф Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити олдидан амалга оширилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 3-4 апрел кунлари Ўзбекистон мезбонлигида илк минтақавий саммит бўлиб ўтади. Олий даражадаги машваратда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон етакчилари ҳамда Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен қатнашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг