ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи: Бизга нима фойда ва нима зарар? Нима учун зиёлилар қарши?
Кеча Россия Федерацияси парламенти юқори палатаси раиси Матвиенко хоним Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистон ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига кириш устида ишлаётганлиги ҳақида айтиб ўтди.
Ижтимоий тармоқларда сиёсатчи хонимнинг бу гапи ўзбек зиёлилари ва блогерларнинг норозилигига олиб келди.
Нима учун элита бунга қарши?
ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқидан бизга нима фойдаю нима зарар?
ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи 2015 йил 1 январдан Россия ташаббуси билан расман фаолият бошлаган халқаро ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда иттифоққа Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь аъзо. Шунингдек, иттифоқ ва Вьетнам ўртасида эркин савдо шартномаси имзоланган. Молдова, Сурия иттифоққа аъзо бўлиш хоҳишини билдирган.
Иттифоқ, аввало, иқтисодий мақсадларда ташкил этилган дейилади. Иттифоққа аъзо бўлган мамлакатлар «тўрт ҳаракат эркинлиги»га эга бўлишади.
Булар:
— маҳсулотлар, яъни товарлар ҳаракати эркинлиги;
— мигрантлар, яъни ишчилар ҳаракатланиши эркинлиги;
— хизматлар ҳаракати эркинлиги;
— капитал ҳаракати эркинлиги.
Мана шу омиллар эркинлиги таъминланиб, ягона божхона тизимига эга бўлган ягона иқтисодий ҳудуд шакллантирилиши керак.
Концепцияга келсак, иттифоқнинг қуйидагича фойдаси бўлиши керак:
— маҳсулотлар ҳаракатида турли хил тўсиқлар йўқолиши, хом-ашё тез ва осон ҳаракатланиши эвазига маҳсулотлар таннархи тушиши;
— Иттифоқ ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида «соғлом» рақобат яратилиши ва бунинг эвазига умумий иқтисодиёт ўсиши;
— ишлаб чиқариш қуввати ошиб, бюрократик тўсиқларнинг йўқолиши иқтисодиётларнинг ўсиши эвазига аҳоли яшаш даражаси ва даромадларининг кўпайишига олиб келиши;
— ўзаро иқтисодий алоқалар кучайиб, халқлар ўртасида муносабатларнинг янада ривожланишига ва туризм тараққиётига олиб келиши керак.
Бунинг биз учун иқтисодий томондан нимаси билан фойдали?
Аввало, меҳнат муҳожирлари, яъни Россия ва Қозоғистонда ишлайдиган мингратларга патент олмасдан ишлаш имконини беради. Улар Россия ёки Қозоғистон меҳнат қонунчилиги билан ҳимояланади. Шунингдек, уларнинг иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида тўлаган солиғи ўз юртида ҳам тан олинади. Бу пенсия ва солиқлар, ижтимоий ҳимоя борасида муҳожирларга катта ёрдам бўлиши мумкин.
Иккинчиси, бизга маҳсулотларимизни иттифоқ ҳудудида эркин тарқатиб, эркин сотиш имконини беради. Шунда биз мева-чева, енгил саноат ва бошқа маҳсулотларни иттифоқ ҳудудига эркин экспорт қилишимиз мумкин. Шунга яраша рақобатга туриб беришимиз керак бўлади. Чунки, иттифоқ ҳудудидаги бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам бизнинг бозорга эркин кира олишади.
Учинчидан, ягона божхона ҳудуди шаклланади. Биз бу учун божхона тизимини бутунлай ўзгартиришимиз, протекционизмдан воз кечишимиз, бозорни очиб қўйишимиз, Россия ёки бошқа давлат ҳудудида божхонадан ўтказилган товарни тан олишимиз керак бўлади. Бозорни бунақа очилишини бизнинг монополларимиз, жуда юмшоқ айтганда, хушламаслиги аниқ.
Нима учун кўпчилик бунга қарши?
ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи, аввало, иқтисодий ташкилот. Лекин Россия уни сиёсийлаштиришга ҳаракат қилади ва шундай қиляпти ҳам. Агар биз масаланинг фақат иқтисодий томонини олсак, қоғозда бу биз учун фойдали лойиҳа. Бироқ масаланинг сиёсий томони ҳам бор. Аввало, Россия иттифоққа аъзо ҳудудни ўзи учун бозор деб билади ва ўз ишлаб чиқарувчилари орқали босимни кучайтириши, кўп ҳолларда эътибор рус ишлаб чиқарувчиларига қаратилиши эҳтимоли жуда юқори. Бундай ҳолатда маълум лойиҳаларни амалга оширишда русларни танлашга мажбур бўлишимиз мумкин.
Модомики, Россиянинг иттифоққа аъзо мамлакатларга босим ўтказиш эҳтимоли юқори экан, бора-бора расмий Кремль уларнинг (Иттифоққа аъзо мамлакатларнинг) ташқи ва ички сиёсатига аралашиши деярли аниқ. Шу томондан ўз вақтида Қозоғистоннинг биринчи президенти Н. Назарбоев ҳам ўз хавотирларини билдириб ўтганди. Шу маънода ЕвроОсий иқтисодий иттифоқи ташкил этилиши собиқ совет иттифоқини қайта тиклашга ҳаракат деб биладиганлар ҳам кўп. Ва бунда мантиқ ва ҳақиқат учқунлари ҳам йўқ эмас. Демак, иттифоққа аъзо бўлиш бу мамлакат мустақиллигини хавф остига қўйиш ва тўлиқ Россия таъсир доирасида тушиш мумкин деганидир.
Шунингдек, Россиянинг иттифоқ ҳудудида ягона пул бирлигини жорий этишдек ташаббуслари бор. Бунга Беларусь ва Қозоғистон қарши. Чунки бу Россия таъсирини янада кучайишига олиб келади. Шунинг учун ҳам Ўзбекситоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бу иттифоққа киришга қарши бўлган ва бундан олдин амалда бўлган ЕвроАзEСга кириб, 2007 йилда чиқиб кетганди.
Демак, ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига кириш иқтисодийгина эмас, балки сиёсий масала ҳамдир. Шунинг учун ҳам қайта ва қайта таҳлил қилиш, етти ўлчаб бир кесиш керак. Россия бизни иттифоққа киритиш учун босимларни кучайтириб боради. Кечаги чиқиш ҳам босимнинг бир қисми. Ўзбекистон бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқда ва шундай бўлиши керак ҳам.
Бизнинг иқтисодиёт учун ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқидан кўра Бутунжаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиш манфаатлироқ ҳисобланади. Бу эса мураккаб ва осон бўлмаган жараёндир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter