Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

Икки ҳокимга «икки» баҳо: Китобдаги «Обод қишлоқ» уч йилдан бери обод бўлмаяпти

Икки ҳокимга «икки» баҳо: Китобдаги «Обод қишлоқ» уч йилдан бери обод бўлмаяпти

Фото: Xabar.uz

«Бу қишлоққа эга йўқ, ҳеч ким гапирмайди...»

Роппа-роса тўққиз ой аввал «Обод қишлоқ»да «дам еб ётган» қурилишлар: бефарқлик ва масъулиятсизлик қачонгача давом этади?» номли мақола ёзилганди. Унда ўзим истиқомат қилаётган Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги Катта Тўпчоқ қишлоғида чала ташлаб кетилган «Обод қишлоқ» лойиҳаси бўйича камчиликлар қаламга олинганди. Мана 2021 йил, октябрь ойи охирлашяпти: ақалли бир кесак олиниб, қўйилгани йўқ. Қишлоқ одамлари бир гапириб қўйишади, сўнг ҳамма ўз тирикчилигига шўнғиб кетади. Бинойидай шифохона биноси бузиб ташланган, ўрнига ғиштли чала иморат қаққайган, чолдеворлар ораси чиқиндихонага айланган. 

2019 йил бошланган қурилиш шу тахлитда ётибди. Фото: Xabar.uz
Фото: Xabar.uz

Коронавирус пандемияси ва Сардоба воқеаси, ёлғон бўлмасин, айрим расмийларга «чиқиш эшиги» вазифасини бажариб берди. Бирон муаммо юзасидан изоҳ сўрасанг, шу икки фалокатни мисол қилиб келтиришади. Мана, Сардоба жароҳатлари ҳам битди, вирус билан ҳам эл бўлишга улгурдик, аммо жойларда чала қолган ишлар, шу жумладан Тўпчоқдаги ободонлик ишлари ҳам судралиб қолган. 

Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашарканман, улар бир сўзни кўп такрорлашди: «Бу қишлоққа эга йўқ, ҳеч ким гапирмайди...»

Балки бу гап ростдир: МФЙ раиси Жалол Гадоев учун гўё бу масала мавжуд эмас. 

«Ҳоким келди, аммо тайинли гап гапирмади...» — маҳаллий фаол

— Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров масаладан хабардор. Аммо негадир бу масалага бефарқроқ. Аввалига ҳокимнинг шижоатини кўриб, хурсанд бўлгандик, дейди маҳаллий аҳоли вакили Дилшод Қаршиев.  Шахсан ўзим ҳокимга ва унинг матбуот котиби Оқиловга интернет орқали материаллар юбордим. Ҳоким қишлоққа келди, аммо чала ишлар ҳақида тайинли гап айтмади. 

Дилшод Қаршиев.

Кейин вилоятга, ҳоким Зойир Мирзаевнинг ишонч рақамларига қўнғироқ қилдим, сурат ва материалларни юбордим. Ҳокимнинг матбуот котиби Аҳрор Содиқовга шу йилнинг 14 май куни мурожаат қилгандим. Аммо у пинагини ҳам бузмади. Ҳатто саломимга алик ҳам олмади (скриншот илова қилинади). 



Ҳоким Зойир Мирзаевнинг барча раҳбарлар тоққа чиқиб кетиши ҳақидаги видеосини кўрдим. Тоғдаги муаммоларни ўрганиш яхши. Аммо қуйида, марказроқ ҳудудларда ҳам аҳволга ҳавас қилиб бўлмайди. Қилинган ишларнинг ҳам аксарияти сифатсиз қилинган. Уч йил бўлмай қилинган асфалтлар чўкиб ётибди. Кўчага янги симёғочлар, ёритиш чироқлари ўрнатилмади. Мана қуйидаги Севаз қишлоғини олинг. Ҳақиқий обод қишлоқ. Уларга ҳавас қилса арзийди. 

Гап кўп, натижа йўқ 

Муаммо ҳақида сўрасангиз, расмийлар аллақандай амалга ошмай қолган режалар, масъулиятдан бўйин товлаган корхонаю, ташкилотлар ҳақида гапиришади. Бир нарса аниқ бўлиб боряпти: МФЙ биноси бўлиши кутилган объект режасиз бошланган. Афсуски, масъулиятсизлик жабрини оддий аҳоли тортяпти, чала бино ва бузилиб ётган иморат қишлоқ марказини бузиб турибди. 

Бу сўзлар туман ва вилоят раҳбарларига қишлоқ аҳолисидан жамоавий мурожаатдир: келинг, вазиятни кўринг. Президент ташаббуси билан бошланган «Обод қишлоқ» дастури гап-сўзларга сабаб бўлмасин. Зеро ушбу сўзлар, муаммога четдан қараган эмас, унинг ичида яшаётган инсон томонидан ёзилмоқда. 

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети