Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Тириклик муборак, Ҳасан ака!» – қулаган уй олдидаги ўйлар

«Тириклик муборак, Ҳасан ака!» – қулаган уй олдидаги ўйлар

Фото: Xabar.uz

Пастдарғом Самарқанд шаҳри билан туташган туман. Маркази — Жума шаҳарчасигача 25 км. Шаҳарчада уй-жойлар йирик шаҳарларимиз маҳаллалариники каби. Бир қаватлиси ҳам, бир ярим, икки қаватли иморатлар ҳам оқланган, пардозланган.   

Куни кеча ижтимоий тармоқларда айланган видеода, кўз ўнгимизда қулаган бино ҳам икки қаватли бўлган.

Қандай рўй берди?

Атрофи ўраб олинган улкан ҳандақ ён-атрофида бугун қурувчилар кўринмайди. Уюм тупроққа айланиб қолган уй-жой яқинида хонадон эгаларини журналистлар саволга тутмоқда. Бу ерда ҳамма бир-бирини огоҳликка чақиради. «Эҳтиёт бўлинг, у ёққа ўтманг, қолгани ҳам қулаб тушиши мумкин». «Оёқ остига қаранг, тупроқ уваланиб кетаяпти». Бир чеккада, чамаси 70-80 ёшлардаги отахон, бошини эгганча сукутга чўмган, миқ этмайди, ҳеч кимга қарамайди ҳам. У киши уйи бузилган Ҳасан Муродуллаевнинг отаси.  

Бизни кутиб олган Ҳасан аканинг укаси Жамшид аввалига шундай дейди: «3-4 йил давомида қурилиб, ичига кирганига ҳали кўп бўлмаганди. Лекин, шу уй учун бир умр ишлаган. Эски уйини бузиб, бир амал қилиб битказган эди. Бу дунёда орттирган бор бисоти мана шу уй. Фермер бўлиб ишлар эди, қўлида борини мана шу иморатга тиккан, ҳозир ишсиз».

Жамшид Муродуллаев ўша куни акаси: уйимиз негадир қимирлаяпти, деб қўнғироқ қилганда келиб воқеага гувоҳ бўлган.

«Келганимда, уйнинг бир томони 15 сантиметрча ерга кириб турган ҳолатда эди. Акамлар, ҳаммаси ичкарида эди, уларни чиқардик. Чиқишдики, орадан 3-4 дақиқа ўтиб, уй қулади. Аслида  3-4 дақиқада эмас, уйнинг мустаҳкамлиги эвазига 5-6 соат турган, тагидаги тупроқ оқиб кетганидан кейин қулаган», дейди у.

Ҳасан ака бир хўрсиниб қўйиб гапиради: «Биз уйда ўтирувдик, ўғилча ташқаридан уйга кириб келиб, дада дарвозамиз ёпилмаяпти деб айтди. Ташқарига чиқдик. Қарасак, уй жадал ёрилишни бошлади, қасир-қусур товуш чиқариб. Беш дақиқага ҳам бормади-да, уй қулаб тушди. Яшаймиз деб қурган эдик, тўйлар қилмоқчи эдик шу уйда. Унча-мунчага қуламайдиган иморат эди».

Ҳасан ака, қулаган уйнинг эгаси. Фото: Xabar.uz

Жума шаҳар, Самарқанд кўчаси, 26-манзилда ҳандақ қазиш ишлари уч кун давом этган. Учинчи кунда қўшни бино қулаб тушган. Бино қулаши олдидан ҳандақ ичида 6 нафар ишчи бўлган. «Ўзим қурувчиман. Бўладиган ҳолатни илғадим. Ишчиларни ҳандақдан чиқаришим билан бино темир конструкциялари ҳам сина бошлади», дейди Жамшид. Тарқатилган видеога диққат қилсангиз, тақ-тақ овозларни эшитасиз. Бу икки қаватли бинодаги арматуралар синиши овози экан.

Маълум бўлишича, ҳандақдан чиқарилган ишчилар ва КамАЗ ҳайдовчилари телефонларида видеони тасвирга олишган ва ижтимоий тармоқларда тарқатишган.  

«Ер меники, қандай қуришни ўзим биламан»

Ҳасан ака қўшни ҳовлини кимдир сотиб олгани ва қандайдир савдо мажмуаси қуриши ҳақида эшитганда маҳалла қўмитаси раисига учраганини айтади. Қурилишни келишувсиз бошламасин деб сўраган экан: «Қурилиш бошлаётган куни маҳалла чақириб кетди. Сардор деган йигит келган экан, водийданми, қаердандир. Қурилишни бошлаяпмиз деди. Мен, қурилишни давлатни чиқарган қонун-қоидасига биноан қилинглар. Уйни ораси икки метр бўладими, олти метрми, шунга қараб қилинглар, дедим. У йигит, «Ака мен бу ерни сотиб олганман, хоҳласам 35 метр кавлайман, бу менинг ишим» деди. Шу гапни маҳалламиз раиси ҳам, инспектор ҳам эшитиб туришди, ҳеч ким ҳеч нарса демади. Мен ҳам у йигитга бошқа гап гапирмадим».

Ҳасан аканинг айтишича, қўшни участкада прорабни ҳам кўришмаган, бирор бош-қош бўлиб турган инсонни ҳам. «Кўчадан олиб келинган кишилар ишлашди» дейди у. Ҳасан ака,  қурилишнинг ҳақиқий эгаси ким эканини ҳамон билмайди. Қурилишга оид бирор ҳужжат билан ҳам танишмаган. Лекин, бир неча марта ҳокимиятга борган.

«Воқеа бўлмасидан олдин шу масала бўйича бир ҳафта ҳокимнинг олдига бордим. Лекин, киритишмади. Қабулхонада у дейишди, бу дейишди, хуллас, учраштиришмади».  Шундай бўлса ҳам Ҳасан ака ҳар куни қурувчиларга унинг уйига масофа сақлаб кавлашларини ўтинган, акс ҳолда уйи қулаши ҳақида айтган. Барибир, янги иморатининг шундоққина пойдеворига туташ кавланган котлаван ўз ишини қилди.

Расмийлар нима дейди?

Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлиги Паст Дарғомда ҳовлидаги бино қулаши ҳақида шундай расмий муносабат билдирди:

«Фуқаро Б.Исроиловга тегишли бўлган Самарқанд вилояти, Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри, «Самарқанд» маҳалласи, Самарқанд кўчасидаги 26-уйни реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудидан қўшимча бино ва иншоотларни қуришга Паст Дарғом тумани қурилиш ва коммунал хўжалиги бўлимининг 2024 йил 20 январдаги рухсатномаси берилган.

Мазкур ҳужжатга асосан Самарқанд вилояти қурилиш ва уй жой комммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан 2024 йил 2 февралда архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган.

«MEZANA PROYEKT» MCHJ ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжати Самарқанд вилояти қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги бошқармаси лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик Кенгаши ишчи органининг 2024 йил 4 мартдаги хулосаси билан келишиб берилган.

«MEZANA PROYEKT» MCHJ ишлаб чиққан лойиҳа ҳужжати «Шаҳарсозлик ҳужжатларини эскпертиза қилиш» республика маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан кўриб чиқилиб, 2024 йил 26 мартда эскпертиза хулосаси олинган.

Самарқанд вилояти қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан объектда қурилиш монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказилган.

Ўрганиш жараёнида фуқаро Б.Исроилов томонидан ўзбошимчалик билан «MEZANA PROYEKT» MCHJ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига амал қилмасдан, пойдевор қуйиш учун ер қазиш ишларини олиб борганлиги сабабли қўшни хонадон пойдевори остидаги тупроқнинг чўкиши натижасида тураржойнинг бир қисми қулаб тушганлиги аниқланди».

Номутаносиблик

Расмий муносабатга юзаки бир кўз югуртириб чиққанингизда, барча масъул идоралар ишини рисоладагидек бажаргану, фақат тадбиркор ўзбошимчалигидан қўшни уйи қулагандек таассурот қолдиради. Аммо, айрим жиҳатлар эътиборга лойиқдек.

Хўш, лойиҳа «MEZANA PROYEKT» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилибди. Қурилиш объектига туташ қўшнилар рухсатномаси бўлмаган ҳолда тайёрланган лойиҳа қонунга хилоф ҳисобланмайдими?

Тағин ёзилишича, туман  Қурилиш ва коммунал хўжалиги бўлими 2024 йил 20 январда рухсатнома берган. 20 январь дам олиш куни эди. Яна-чи, реконструкция дейилаяпти. Бориб кўрганимизда, савдо мажмуаси қурилиши жойида реконструкция қилинадиган нарсанинг ўзи қолмаган. Улкан ҳандақда фақат янгитдан қурилиш бошлаш мумкин эди...

Ана шу ўйлар билан Самарқанд вилоят қурилиш бошқармаси матбуот котибидан, муносабатда қайд қилинган, қурилишга оид рухсатнома, лойиҳа, лойиҳа эскпертизаси нусхаларини сўрадик. Ваҳоланки, қатор саволлар жавобсиз қолмоқда. Масалан, қайсидир манба лойиҳада ертўла йўқ дейди. Жамшид Муродуллаев эса лойиҳада ертўла минус уч деб кўрсатилганини таъкидлайди. «Яъни 3 метр чуқурликдаги иморат бўлиши керак эди. Булар ҳозир қазигани 5 метр чуқурликда» таъкидлайди жабр кўрган оила яқини. Ҳар ҳолда ишни ўрганишда асқатадиган ҳужжатлар бизга берилмади.  

Жума шаҳрида 14 май оқшомида ҳандақ қазиш жараёнида қўшни хонадони қулатилиши ортидан жиноят иши қўзғатилган. Бунда иш, яъни мулкни атрофдагилар учун хавфли усулда қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш жинояти билан ифодаланадиган ЖКнинг 173- моддаси 2 қисми «в» банди билан кўрилмоқда. Даъвогар аризасида 300 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрганини қайд қилган.

Фото: Xabar.uz

Ҳуқуқ-тартибот  идоралари ишни қай даражада ўрганади, буни вақт кўрсатади. Жабр кўрган томон ишни ўрганиш учун Самарқанддан борган мутахассислар, зарар етказган томоннинг қурилишга оид ҳужжатлари асосан хусусий фирмалар томонидан берилганига эътибор қаратишади. «Геология хулосаси ҳам хусусий ташкилотдан олинган. Лекин, геология анализларини оладиган техника катта машина бўлади.  Маҳаллага унақа техника умуман келган эмас. Бироқ, хулосаси қўлида», дейди Жамшид Муродуллаев.

Маълумот учун: Ҳандақ қазилиши кўзда тутилганда, қурилишга рухсат олгандан сўнг, биринчи навбатда, тупроқнинг геологик хулосаси олинади. Бунда объект эгаси геологик тадқиқотлар бажарадиган ташкилотларга ариза билан чиқади. Улар ўз навбатида махсус техника билан келиб тупроқни таҳлил қилишади, сифатини тўлиқ текшириб, шунга кўра хулоса берилади.

Тупроқнинг геологик хусусияти бир томон, нотураржой сифатида қурилаётган бино ва хусусий хонадон орасида маълум масофа сақланиши керак, шарт экани ШНК нормаларида аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган. Яна бир илғаганимиз, ҳандақдаги кавланиш тикка ва 90 градусли бурчак ҳосил қилган. Талабларга кўра эса, чуқурлик 45 градусли қилиб қазилиши  белгиланган.

Кўнглим-а, кўнглим...

Ҳар тонг кўзингни очиб, дунёга боқадиган даргоҳ бу уйинг, Ватан ичра Ватанинг! Ҳасан ака бир неча дақиқа ичида ана шу Ватанидан мосуво бўлди. Шунданми, маҳзун кўринди. Унинг бошқа уйи йўқ!

Ҳасан аканинг уйи қулаши улар учун фақат иқтисодий зиён келтирмагани, балки руҳиятига ҳам маълум даражада таъсир ўтказаётганини сезиш қийин эмасди. Гарчи қон-қариндошлар, қўшни, маҳалладошлар оқибатли бўлишса-да, уни бир лаҳза ҳам холи қолдиришмаётган бўлса-да, мумкин қадар таскин сўзлар айтаётса-да... Воқеа ярим тунда содир бўлгандами... 7 нафар жон ана шу бинода ухларди. Айтишларича, қатор хоналардан ташқари бу бинода ошхона, ҳаммом ва ҳожатхона бўлган. Видеони кўрганлар гувоҳ, бино қурилишга туташ хоналари бўй-басти билан қулади. Бинонинг бир қисми қулади дегани билан қийшайиб қолган қисми ҳам қулагандек яроқсиз аҳволда. Резонанс деган тушунча бор, энди бу қисмнинг ҳам зилзилабардошлик кафолати йўқ, ернинг рельфи бузилди...

Фото: Xabar.uz

Яқинларининг айтишича, Ҳасан ака тунда кўчада юриб чиқаяпти экан. Жигарлари оилани бағирларига олишган бўлса-да, у ўз уйида ухлагиси келади, ўз уйида ювинсам дейди. Ундан аҳвол сўраб келган ҳар бир одамни ҳурмат билан тилга олади. Лекин, қурилиш эгалари узр сўраш тугул, ҳали кўриниш бергани ҳам йўқ. Туман ҳокимлиги эса қулаган уйдан бир неча дақиқалик йўл.  

«Паст Дарғом туманида яшаб мана шу воқеа бўлганидан бери туманимиз каттаконларини ҳам мен кўрганим йўқ. Ҳеч ким хабар олгани йўқ, ҳолимни сўрагани ҳам йўқ», дейди Ҳасан ака.

Самарқандда «ҳандақчилар» кам эмас

Сўнгги йилларда Самарқандда юқоридаги каби ҳандақ қазиб қўшни хонадонга зарар етказиш ҳоллари етарлича. Самарқанд шаҳри «Афросиёб» маҳалласидаги ҳолатларнинг бирида уй ичидаги одами билан биргаликда қулаган. Тасодиф туфайли шу инсон омон қолди. Ўтган йили «Тошканди» маҳалласида, бир ҳафтадан кейин келин туширилиши керак бўлган хонадонда худди юқоридаги ҳолат кузатилган.

Қўшнининг айби билан уй қулаганда икки томон ўзаро келишилган ҳоллар кузатилади. Лекин, ҳамма вақт ҳам эмас.

Қўшнининг уйи қулатилмаган, аммо, авария ҳолатига келтирилган ҳолатлар ҳам кўплаб учрамоқда. Бир томонга оғган, кўплаб ёриқлар вақт ўтган сайин кенгайиб бораётгани билан зарар қопланмай, одамлар ўша ҳолатда яшаётган қатор ҳолатлар маълум. Таҳлилимизга кўра, бундай ҳолатларнинг аксариятида қурувчилар қурилиш архитектура назорати инспекцияси рўйхатидан ўтмаган бўлади.

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» ўрганган ҳолатларнинг бирида қўшни хонадон билан белгиланган масофа сақламасдан қазила бошланган 10 метрлик ҳандақнинг ҳали 3 метри қазилганда, вилоят қурилиш бошқармаси, Самарқанд шаҳар архитектура бўлими, қурилиш назорати инспекцияси ва қатор ҳуқуқ-тарбибот органларига мурожаат қилинганига қарамай, 2 қаватли ертўла ва ер устида икки қаватли савдо мажмуаси қуриб битказилишига имкон берилган. Қурилиш томи ёпилгандан кейин битта жарима билан қурилишни рўйхатдан ҳам ўтказиб қўйишган. Лекин, рўйхатдан қайддан ўтиш, бу бузилган қатор нормаларни тузатиб қўймайди. Камига, тадбиркорнинг қурилиши зилзилабардошлиги савол остига олинган ҳужжат бизда сақланмоқда. Қўшни хонадонда аҳвол эса... Биз бу мавзуга батафсил қайтамиз.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керак, 1 апрелдан бошлаб қурилиш назорати инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган қурилиш эгасини маъмурий жавобгарликка тортиб жарима ундириб, шундан сўнг рўйхатдан ўтказиш амалиёти батамом тўхтатилди. Яхши тадбир. Лекин, бу тадбир коррупциянинг янги шаклларига йўл ҳам очиб бермайдими? Дейлик, қовун туширилган вақтда расмийлаштирилмаган ҳужжатларни бир кечада тахлаш ҳам тадбиркорни, ҳам қурилиш масъул ташкилотларини анчайин қутқариши айтилади. Хоҳласам, 35 метр кавлайман, дейдиган ва била туриб қонунни бузадиган бойваччалар бунча кучни қаердан олади, деган савол ана шундай гумонга олиб боради.

Яқинда Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси»даги 2024 йил 17 апрелдаги қарори билан боғлиқ фойдали бир тадбир ўтказди. Унда кўпроқ кўп қаватли уйларнинг зилзилабардошлик ҳолатига эътибор қаратилди. Лекин, бугун шаҳарсозлик нормаларини бузаётган 2 ёки 3 қаватли қурилиш эгалари, эртанги 10 қаватли бинолар эгаси бўлиб чиқиши мумкин. Қолаверса, бир қаватли бўлсин, қўшни хонадонларда ҳам одамлар яшайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг сейсмик хавфдан ҳоли бўлмаган ҳудудлари сирасига Самарқанд ҳам киради. Шундай экан, авария ҳолатига келтириб қўйилганидан кўра, Муродуллаевларнинг уйи қулагани бир томондан яхши ҳам бўлгандир...

Фото: Xabar.uz

Ҳасан ака, сиз бу гапимдан хафа бўлманг. Ўзимнинг Самарқандда янгидан қурилган уйим ҳам ноқонуний қурилиши бошланган ҳандақдан оға бораяпти...

Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети