Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Санъат Умаровга раҳмат!

Санъат Умаровга раҳмат!

Фото: «Xs.uz»

Каттақўрғонга борганмисиз? Самарқанддан тахминан 90 километр наридаги туман, марказида шу номли шаҳар жойлашган. Анчагина йирик, ҳатто театри ҳам бор. Бу ҳудуддан етишиб чиққан шоирлар туфайли Каттақўрғон адабий муҳитини Қўқон адабий муҳитига менгзаганлар ҳам талайгина. Аммо бугун ҳеч ким Каттақўрғоннинг ижобий жиҳатларини эсламай қўйди. Диана фожиаси ва бунинг ортидан мажбурий меҳнатга чек қўйилиши катта воқеага айланиб, ҳали сурони босилмай турган бир пайтда ички ишлар тизимидаги тизимли муаммо тасодиф туфайли оммага ошкор бўлиб кетди. Бир аёл яланғочланди, бунинг ортидан бутун соҳа муаммолари яланғочланиб бўй кўрсатди...

Ўз ҳикояларининг бирида Азиз Несин тахминан шундай дейди: «Мухбирлар билан суҳбатлашаркан, ички ишлар вазири ўта бемаъни баёнот берди. Унинг фикрича, бўлимларда маҳбуслар асло калтакланмас экан...».

Бизнинг ҳам Каттақўрғон воқеасига жуда бир ноёб ҳодиса сифатида қарашимиз таажжубланарли. Панжаралар ортида бўй чўзган, деразасига қора тортилган, ертўлалари Алибобонинг ғорларидай сирли биноларда кечаётган жараёнлардан ҳаммамиз хабардор эдик. Андиша қилардик, далилимиз бўлмасди, айтиб исботлай олмасдик, ичимизга ютиб кетаверардик хуллас. Шу ўринда алоҳида таъкид — Санъат Умаровга «раҳмат»! У бугун ҳамманинг қарғишига қолиш ва бир умрлик тамғали бўлиш билан бирга ўзи ишлаб турган соҳанинг муаммоларини ҳам ошкор қилиб қўйди!

Михаил Саакашвилини ҳамма танийди. Ўзи грузин бўлса-да, АҚШ фуқаролигига эга сиёсатчи, маълум муддат Грузияда президентлик ҳам қилган. Биз уни асосан Россия оммавий ахборот воситалари орқали таниймиз ва айнан уларнинг тақдимотига асосан баҳо берамиз. Уларга ишонсак, Саакашвили бир каззоб, айғоқчи, ватан хоини. Майли, улар ўз фикрида қолақолишсин. Аммо коррупция ботқоғига ботган, иқтисоди мунтазам орқага кетаётган, кўплаб соҳалар қатори кучишлатар тизимларда ҳам бошбошдоқлик авж олган бир давлатни қабул қилиб олган Саакашвили бу муаммоларни енгишда катта муваффақиятларга эришган. Унинг ислоҳотларидан бири айнан ички ишлар соҳасида бўлган. Хусусан, у деярли барча ички ишлар амалдорларини бўшатган, янги ходимларининг маошларини оширган, бўлимлар ойнаванд деворларда бўлишини таъминлаган, яъни ҳар қандай сўроқ жараёнлари ҳамманинг кўз ўнгида бўлган. Қисқа муддат ичида бу кичик давлат коррупцияга қарши кураш бўйича катта муваффақиятларга эришди. Гарчи жуда бойиб кетмаган бўлса-да, Грузия ҳозир анча тартибли ва қонунга бўйсунувчан инсонлар давлатига айланиб улгурди.

Бизда ҳам сўнгги ислоҳотларда ички ишлар тизими алоҳида ўрин тутди. Ходимларни моддий жиҳатдан таъминлаш бўйича анча ишлар амалга оширилди, уларга хизмат уйлари ва автомобиллар берилди. Аммо Санъатнинг санъати ҳали бу соҳада мадда бойлаб ётган яралар кўплигини рўй-рост кўрсатиб берди.

Бугун ҳам «отдел»га олиб кириб кетилган инсоннинг қай аҳволда чиқиши, қандай таҳқирланишини фақат тахмин қилишимиз мумкин. Чунки бино дарвозасининг тахминан 50 қадам берисиданоқ бир ходим сизни бошдан-оёқ текширади, телефонингизни олиб қўяди. Авахталарни эслатувчи панжара ортида юзига ниқоб тортган автоматли аскар сизга душманни топгандек нигоҳ ташлайди. Эшикдан киришингиз билан ўзингизни ожиз ва нотавон сезасиз. Ортингиздан ким сўраб келмасин сизни кўра олмайди...

Албатта, ички ишлар ходимларининг ҳаммаси ҳам унақа эмас. Санъат Умаровнинг қилмишини уларнинг аксарияти ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. Лекин озчилиги шундай йўл тута олишга қодир эканлиги ҳам даҳшат! Чунки кўпчиликнинг озчилиги ҳам кўпчилик бўлади!

Сўнгги йилларда ўзгараётганимиз рост. Авваллари бундай видеонинг чиқишини ҳам, Санъат Умаров каби ходим ишдан четлатилишини ҳам, ҳолатга катта-ю кичик амалдорларнинг муносабат билдиришини ҳам, энг муҳими биз — журналистлару оддий одамлар бу каби воқеалардан жунбушга келганимизни яширмай қоралашимизни ҳам тасаввур қила олмасдик.

Аммо ҳар қандай яхши ўзгариш учун кимнидир қурбон қилишимиз шартми? Мажбурий меҳнатга чек қўйиш учун Диана жонидан кечди, ички ишлардаги таҳқирлар очилиши учун бир аёл номусини қурбон қилди. Бу ҳали фақат биз билганларимиз, билмаганларимиз қанча экан? Наҳот биз жиддий муаммоларни ечиш учун ана шундай ҳолатларни кутиб яшайверамиз?!

Ҳозирча саволлар кўп...

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети