Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Қозоғистон воқеаларидан қандай хулоса чиқаришимиз лозим?

Қозоғистон воқеаларидан қандай хулоса чиқаришимиз лозим?

Фото: Валерий Шарифулин / Forum

Қўшни давлатдаги воқеалар огоҳликка ундаши табиий. Бундай норозиликлар дастлабки босқичидаёқ мулоқот йўли билан ҳал этилиши зарурлиги, шу билан бирга хавфсизликка таҳдид ҳам реал баҳоланиши лозимлиги кундек равшан бўлди. Яна қатор мулоҳазалар борки, айрим муаммоларнинг ечими бугунги кунда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуларга нуқта қўйиши аниқ.

  1. Бизда ҳам локал норозиликлар бўлиб туради, бу табиий. Ана шундай вазиятда раҳбарлар паналаб олмасдан дарҳол аҳоли билан учрашиши, уларни жазолаш йўлини изламай дардини тинглаши шарт;
  2. Ёқилғи нархи ва таъминотида жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Бу маҳсулот истеъмолчилари нисбатан фаол қатлам ҳисобланади ва кескин оширилишларни жуда оғриқли қабул қилишади;
  3. Иқтисодий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлашни кучайтириш зарур. Дотация усулини кам таъминланганлар учун сақлаб қолиб, бозор шартлари асосида таъминлашни йўлга қўйишни ўйлаб кўриш фурсати келган. Чунки амалда аҳоли барибир кўмир ва ўтин учун бундан анча кўпроқ сарфлаяпти, аммо қийналишда давом этяпти. Ҳатто импортни оширган ҳолда таъминотни яхшилаш ҳам ўзини оқлаши аниқ. Ўғирликлар, қинғирликларни баҳона қилмаслик керак. Замонавий технологиялар бунинг ечимини аллақачон топган;
  4. Конвертацияни енгдик, пропискани енгдик, чегараларни очиб, ҳамма билан дўст бўла олдик. Наҳот энди ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиль хариди ва парвозларда ожиз қолсак, тилимиз қисиқ бўлиб ўтирсак?! Шундай монополиялардан шартта воз кечиб бўлсада, бу масалаларни узил-кесил ҳал қилиш зарур;
  5. «Тонировка», «растаможка», баланд жарималар кабилар бугунги кунда энди майда-чуйда сифатида қаралиши ва дарҳол ҳал қилиниши лозим. Токи аҳолининг кўзига қумдай тушиб, диққатини оширмасин. Умуман, тонировкадан катта пул ундириш на дунёвий қонунлар, на адолатга мослиги шу қадар кўп таъкидландики, энди ҳам бу мавзуни давом эттириш шунчаки уят даражага чиқди;
  6. Контрактлар аксарият қатлам даромадларига нисбатан қимматлиги ҳақиқат. Агар уларни камайтириш иложи йўқ экан, талабалар учун қўшимча имкониятлар яратиб бериш керак. Контракт миқдорини талабанинг ўзлаштириши, илмий салоҳиятига боғлаш механизмини яратиш лозим. Яъни қанча яхши ўқиса, шунча кам тўласин, жуда зўр натижа кўрсатса, умуман тўламасин ҳатто. Шунингдек, турли грантлар тизимини ҳам ривожлантириш керак;
  7. Таълим ва тиббиётда маошларни реал ошириш ҳамда рақобат муҳитини кучайтириш бўйича қарорлар ижросига жиддий қараш керак. Токи одамлар буни чиндан ҳис қилсин, бу тизимдаги майда порахўрлик камайсин, бемор ўз дарди етмагандек таъмагир шифокордан оғринмасин;
  8. Уй-жой билан таъминлаш тизимида максимал енгиллик ва қулайлик яратиш лозим. Аҳоли ҳам уйли бўлсин, ҳам аниқ мақсадли;
  9. Ҳокимларни сайлашга ўтишни тезлаштириш, вазирларни тайинлаш жараёнини шаффофлаштириш зарур. Токи бугун ваъда берган одам эртага жавоб берсин, ишни битириб қочиб қолиш пайида бўлмасин. Курсиси омонатлигини ҳис қилиб ишламасин;
  10. Парламент жонланиши, депутатлар кўпроқ ўзини кўрсатиши, яна реалликдан узоқлаша бошлаган марказий ОАВ халқчилликка қайтиши лозим;
  11. Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маиший даражадан элита босқичига ўтиши зарур. Шунингдек, йирик порахўрлик ҳолатларидаги суд жараёнлари шаффоф бўлиши, имкон бўлса тўғридан-тўғри эфирга узатилиши керак;
  12. Энг зарур озиқ-овқатлар хариди ва коммунал тўловларда табақалаштирилган тизимни жорий қилишни ўйлаб кўриш лозим. Бунга етарлича иқтисодий салоҳият бор, фақат аниқ ва шаффоф механизмини ишлаб чиқиш керак холос;
  13. Шахсий мулкнинг мутлақ дахлсизлигини таъминлаш зарур. Снослар ортидан куйиб қолишлар энди ўтмиш сарқити – бугунги кунга умуман ярашмайдиган ҳолат;
  14. Судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришишда шундоқ ҳам кечикдик. Уларнинг ҳатто ижро ҳокимияти олдида ҳам ожиз бўлиб қолиши жаҳон ҳамжамияти олдида шармандаликдан ўзга нарса эмас. Бунга тезкор чек қўйиш керак;
  15. Ҳар қандай ҳолатда ҳам – тинчликпарвар кучларми, адолатпарварлар рицарларми, валломати бўлсаям четдаги ҳарбийлар Ўзбекистонга кирмаслигини таъминлаш шарт! Бу борада қонунчилигимиз, ҳарбий доктринамиздан оғишмаслик зарур. Чунки бу мустақиллик масаласи, ор ва номус масаласи.

Энг муҳими – юқоридаги таклифлар бажарилмаслиги, ёки кимдир хоҳлаётгандай амалга ошмаслиги (норозиликни билдириш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда) тартибсизлик уюштириш, кимнингдир мулкига тажовуз қилиш, давлат органларига ўт қўйиш ваниҳоят қон тўкишга асос бўлмаслиги ҳам шарт. Норозилик билдириш ҳуқуқи бўлиши керак, лекин ўт ёқиш ва қон тўкиш ҳеч қанақасига оқланмаслиги лозим.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети