Япония «кексалар мамлакати»га айланди
Кеча, 16 сентябрда Японияда миллий байрам — Ёши улуғларга эҳтиром кўрсатиш куни нишонланди. The Asahi Shimbun хабарига кўра, мамлакат ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги шу муносабат билан Кунчиқар юрт аҳолиси ҳақида ҳисоботини эълон қилди.
Маълумотга кўра, 15 сентябр ҳолатига мамлакатда ёши 65 дан ошганлар ёки кексайиш кўрсаткичи 0,2 фоизга ошган. Яъни демографик маълумотлар батафсил ҳисоблаб келинадиган 1950 йилдан буён Япония ялпи аҳолисига нисбатан кексалар улуши ва аҳолининг қариш суръати энг юқори чўққисига кўтарилди.
65 ва ундан катта ёшли аёллар сони 20,53 миллион нафарни ёки Япониядаги жами аёлларнинг 32,3 фоизини ташкил этмоқда. Худди шу ёш тоифасидаги эркаклар сони — 15,72 миллион нафар (жами эркакларнинг 26,1 фоизи).
Япония кексалари:
- 75 ёшлилар ва ундан катталар — 20,76 млн киши (аҳолининг 16,8 фоизи);
- 80 ёшлилар ва ундан катталар — 12,9 млн киши (аҳолининг 10,4 фоизи)
1947–1949 йилларда туғилган «бэби-бумерлар» ёки «данкай авлоди» 2024 йилнинг охирига бориб 75 ёшлилар ва ундан катталар қаторига қўшилади.
Япония ҳукумати тиббиёт хизматлари ва узоқ муддатли парвариш хизматлари кексайиб бораётган аҳолига қарашга улгурмай қолиши кутилаётган «2025 йил муаммоси»га жиддий ҳозирланмоқда.
Аҳолисининг қариш даражаси 29,3 фоизга ёки 36,25 млн нафарга етган Япония дунёнинг 200 мамлакати ва ҳудуди орасида яққол етакчига айланди.
G7 айрим мамлакатларида аҳолининг қариш даражаси: Италия — 24,6 фоиз, Германия — 23,2 фоиз, Франция — 22,1 фоиз.
Қолаверса, Япония кексалари улуши бўйича Жанубий Корея (19,3 фоиз), Хитой (14,7 фоиз) ва Ҳиндистон (7,1 фоиз)дан тафовутли тарзда олдинда.
Айни пайтда Японияда ишловчи кексалар сони ошиб боряпти. 2023 йилда 65 ёшли ва ундан катта ёшдаги ишловчилар сони рекорд кўрсаткич — 9,14 миллион нафарга етган. Қаторасига 20-йилдирки, ишловчи кексалар сони тинмай ўсмоқда. Кексаларнинг жами ишчи кучидаги улуши 13,5 фоизни ташкил этмоқда.
Сўнгги маълумотга қараганда, 65–69 ёшлиларнинг 50 фоизи, 70-74 ёшлиларнинг 34 фоизи, 75 ёшлилар ва ундан катталарнинг 11,4 фоизи ишлашда давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter