Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хавфсиз туризмни таъминлаш ходимлари уч банка гиёҳвандлик воситаси топишди

Хавфсиз туризмни таъминлаш ходимлари уч банка гиёҳвандлик воситаси топишди

Фото: Сурхондарё ИИБ ахборот хизмати

2019 йил 1 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Денов туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситалари топилди. Шу туманда яшовчи фуқаро Н. гиёҳвандлик воситалари савдосида айбланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар бериб ўтди.

Фуқаро Н. 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «в» банди, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2018 йилда Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган эканларни етиштириш) 1-қисми, 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми, 57-модда (Енгилроқ жазо тайинлаш) ва 59-моддалари (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) билан судланган. У Денов тумани ҳудудида соф оғирлиги 732.49 грамм бўлган 200 дона гугурт қутига жойланган «марихуана» гиёҳвандлик моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Н.нинг уйи кўздан кечирилганида унинг уйидаги шкафидан 3,34 гр «марихуана» топилган. Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари натижасида фуқаро Н. ушбу гиёҳвандлик моддасини Денов тумани Куёвсув маҳалласида яшовчи фуқаро А.дан олганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, фуқаро А.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, унинг уйидан 194,09 гр «Марихуана» борлиги аниқланиб, ҳолислар иштирокида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан фуқаро Н. ва А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 25-моддалари (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш)нинг тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз навбати, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан гиёҳванд воситаларининг савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қайд этиб ўтадиган бўлсак, 2019 йилнинг 10 ойи давомида вилоят ҳудудида 128 та ҳолат аниқланган. Шундан гиёҳванд моддаларни сотиш 29 та, сақлаш 17 та, экиш 50 та ва контрабанда (давлат чегарасидан олиб кирилган) 32 та ҳолатларни ташкил этган. Жиноятчилардан жами 69 457 граммдан зиёд гиёҳванд моддалари олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг