Туркияда тутқунликда сақлаб келинган аёл қутқарилди
Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб келинган ўзбекистонлик аёл қутқарилди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабарига кўра, идорага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва ватанга қайтаришда ёрдам сўраган мурожаати келиб тушган.
Мазкур мурожаат асосида олиб борилган текширишлар натижасида эса 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилганлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, «Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилди.
Натижада, ўзбекистонлик аёлнинг ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилди.
Шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаб келган М.Г.га нисбатан эса Туркия қонунчилигига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Х.Д.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.
Бош консулхона ўзбекистонликлардан турли ваъдаларга ишониб эрк ва ҳаётни хавф остига қўймасликни, шу каби вазиятга тушган тақдирда элчихона ёки Бош консулхонага мурожаат этишини тавсия қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter