Собиқ амалдорлар Оқ уйнинг хатосини кўрсатди
Президент Жо Байден маъмуриятининг Исроилни Ғазо секторидаги урушда сўзсиз қўллаб-қувватлаётгани АҚШ тарғиб-ташвиқ этиб келаётган қадриятларга зид бўлибгина қолмай, миллий хавфсизликка ҳам таҳдид туғдирмоқда, дейилади Оқ уйнинг бу борадаги сиёсатига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан ишдан кетган 12 нафар собиқ амалдорнинг мактубида.
Мактубга кўра, Байден маъмуриятининг Исроилни Ғазо секторида шартларсиз қўллаб-қувватлаши минглаб фаластинлик ўлдирилиши ва очликка маҳкум этилиши каби жиноятларга АҚШнинг ҳам шерик эканини англатади.
“Бу фақат ахлоқий нуқтаи назардан номақбул бўлиб қолмай, халқаро ҳуқуқ ва АҚШ қонунларининг ҳам бузилиши саналади”, – деб огоҳлантиради собиқ мулозимлар.
Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 37953 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 87266 нафари жароҳатланди. Ғазо бўйлаб қамал ўрнатилиши оқибатида 2,4 миллион аҳоли очлик ва ташналикка гирифтор бўлди.
Вашингтон Тель-Авивни инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилмасликка чақирган бўлса-да, Исроил қамалдаги минтақага кўмак киришига ғов бўлиб турибди.
“АҚШ инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилаётгани учун Исроилга танбеҳ бериш ўрнига Ғазога инсонпарварлик кўмаги етказувчи энг йирик тузилма – БМТнинг Фаластин бўйича агентлигини молиялаштиришни тўхтатди”, – дейди собиқ амалдорлар.
Таъкидланишича, Оқ уй Россиянинг Украинага босқинини қоралагани ҳолда Исроилнинг хатти-ҳаракатларини оқлаётгани АҚШ қадриятларига бўлган ишончга рахна солмоқда.
Вашингтон анъанавий равишда Исроилни молиявий, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Ғазо секторида давом этаётган урушда ҳам Қўшма Штатлар яҳудий давлатини яқиндан дастакламоқда. Аммо Ғазода ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши ортидан Қўшма Штатларда Исроилни қўллаб-қувватлашни бас қилиш талаби тобора баландроқ овозда янграмоқда.
Аввалроқ АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.
АҚШдаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс Исроил Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими сабабли дунё ҳамжамияти кўз ўнгида обрўсини йўқотмоқда деб ҳисоблайди. Шунга кўра у президент Байдендан Исроил раҳбариятига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаслик борасида шарт қўйишни талаб қилган.
Шундай вазиятда Исроил Ғазодаги уруш юзасидан АҚШ жамоатчилигининг хайрихоҳлигини кучайтириш мақсадида яширин пропаганда кампанияси ўтказаётгани ўртага чиқди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter