Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путиннинг Шимолий Корея сафаридан кўзланган асл мақсади очиқланди

Путиннинг Шимолий Корея сафаридан кўзланган асл мақсади очиқланди

Ҳар икки сиёсатчи дунёда иҳоталаниб қолмаганини кўрсатишга уринади

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин жорий йил 18-19 июнь кунлари Шимолий Кореяга давлат ташрифи билан борди. Бу Россия раҳбарининг Пхеньянга 2000 йилдан кейинги илк ташрифидир. 

Музокаралар якунида Путин ҳамда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин томонлардан бирига ҳужум уюштирилган тақдирда ўзаро ҳарбий кўмак кўрсатиш тўғрисида битим имзолади. Ушбу битим «совуқ уруш» даврида, 1961 йили СССР ва Шимолий Корея ўртасида имзоланган мудофаа соҳасида ўзаро кўмак тўғрисидаги битимга муқояса этилмоқда. Аммо битим матни ҳали жамоатчилик ҳукмига тўлиқ ҳавола этилмагани сабаб, таҳлилчилар томонлар айнан қандай мажбуриятларни олиши борасида фикр айтишга шошилмаётир.

Шимолий Корея Россияни қурол билан дастаклаётган саноқли давлатлардан бири (Emad Hajjaj)

Халқаро ҳамжамиятдан иҳоталаниб бораётган икки давлат раҳбари учрашуви Ғарб мамлакатларида диққат билан кузатилди. Берлиндаги «Фан ва сиёсат» маркази таҳлилчиси Вольфганг Рихтер фикрича, Путиннинг Пхеньянга чорак асрлик танаффусдан кейинги ташрифи биринчи навбатда Ғарб давлатларига «яккамохов» эмаслиги, иттифоқчиларга эга эканини кўрсатиш истаги билан изоҳланади.

«Бугун Россия маълум маънода иҳоталаниб бўлди. Глобал Жанубдан эмас, аммо Ғарб дунёсидан. Ғарб санкциялари остидаги Россия глобал миқёсда яккаланиб қолмагани, иттифоқчиларга эга эканини кўрсатишдан манфаатдор. Москва шу боис ҳам Хитой, Шимолий Корея, Вьетнам, шунингдек, БРИКС (Бразилия, Ҳиндистон, ЖАР ва бошқалар) давлатлари билан яқин ҳамкорликка уринмоқда. Ўйлайманки, (Пхеньянга ташриф) ортида ҳам биринчи галда ана шу сиёсий мақсад ётибди», – дейди  германиялик ҳарбий эксперт.

Таҳлилларга қараганда, Москва ва Пхеньян «сиздан угина, биздан бугина» қабилида бир-бирини дастаклаб келмоқда.

«The New York Times» нашрига кўра, Москва БМТ чекловларини четлаган ҳолда Пхеньянга 30 миллион долларлик музлатилган маблағдан 9 миллионини олиш имконини тақдим этган.

Шимолий Корея эса Россияни Украинага қарши урушда фойдаланиш учун артиллерия снарядлари ва бир неча турдаги ракеталар билан таъминлаган.

Путиннинг Пхеньянга сўнгги ташрифи давомида ҳарбий ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Таҳлилчи В.Рихтер Шимолий Корея етказиб бераётган ўқ-дори ва ракеталар Россияга Украинага қарши урушда қўл келмоқда деб ҳисоблайди.

«Россияга (Шимолий Кореядан) камида бир неча миллион артиллерия снаряди юборилгани ҳақида маълумотга эгамиз. Бу рақам 3 миллионга етиши мумкин. Қиёс учун: Европа Иттифоқи бир йилда 155 мм ўлчамдаги 1 миллион снаряд ишлаб чиқариш борасида қийинчиликларга дуч келди. Пировардида унинг ярми ишлаб чиқарилди, холос. Бу вазиятда (Шимолий Корея ўқ-дорилари) Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини дастаклашда муҳим ўрин тутади», – дейди Вольфганг Рихтер.

Аввал хабар берганимиздек, Путин Шимолий Кореяга ташрифи чоғида КХДР Давлат кенгаши раиси Ким Чен Инга янги «Aurus» автомобили, ханжар ва сервиз совға қилди.

Россия президенти йил бошида ҳам шимолий кореялик ҳамкасбини «Aurus» русумли лимузин билан сийлаган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг