Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд кўрсаткичга етди
Октябр ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна рекорд даражага етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг халқаро заҳираларга доир статистикасида қайд этилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига мамлакат захиралари бир ойда 2 млрд АҚШ долларидан кўпроққа ошган ва 43,14 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
Бунга асосий сабаб сифатида олтин захираларининг давом этаётган ўсиши билан боғлиқ бўлди. Яъни, унинг қиймати ҳам рекорд кўрсаткични – 33,36 млрд АҚШ долларини (ўтган ойга нисбатан 1,5 млрд АҚШ долларига кўп) ташкил қилган.
Ўз навбатида, захираларнинг соф ҳажми 12 млн троя унсияда (373 тоннадан ортиқ) ўзгаришсиз қолмоқда.
Эркин конвертация қилинувчи валютадаги активлар ҳажми сезиларли даражада ошиб, октябр ойи охирида 9,22 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
Марказий банкнинг хорижий ҳисобварақларидаги нақд валюта ҳажми 445,5 млн АҚШ долларига ошиб, 9,11 млрд АҚШ долларига етди. Шундан 414,4 млн АҚШ доллари бошқа Марказий банклар ва ХВФда, қолган 8,67 млрд АҚШ доллари эса бошқа хорижий молия институтларида сақланади.
Бундан ташқари, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар нархи бир ой ичида деярли уч баравар ошиб, 100 млн АҚШ долларидан ошди.
Марказий банкнинг ўз маълумотларига кўра, учинчи чоракда тартибга солувчи орган томонидан олтин хариди 12 фоизга ўсган. Ўз навбатида, Жаҳон олтин кенгаши (WGC) Ўзбекистоннинг қимматбаҳо метални сотишдан уни сотиб олишга ўтганини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter