Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги авиақатновлар кескин ошиши мумкин
Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиация маъмуриятлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, мазкур ҳужжат икки мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасида Сеул шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар натижасига кўра имзоланган ва айрим келишувларга эришилган.
Жумладан, эндиликда икки мамлакат ўртасида тайинланган авиакомпаниялар сони бўйича чекловлар бекор қилинади. Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги амалдаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳар бир томон авиакомпаниялари учун ҳафтасига 10 тадан 24 тага ошириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, ҳар икки томон авиакомпаниялари учун Жанубий Кореянинг «Жежу» ҳамда Ўзбекистоннинг «Самарқанд» халқаро аэропортларида эълон қилинган махсус «Очиқ осмон» режимидан икки томонлама фойдаланиш бўйича келишувга эришилган.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги авиақатновлар Uzbekistan airways авиакомпанияси, шунингдек, келгусида Ўзбекистон томонидан ташкил этилган янги резидент авиакомпаниялар (Qanot Sharq, My Freighter, Air Samarkand) томонидан ҳам амалга оширилиши маълум қилинди.
Маълумот учун, икки давлат авиация ҳукуматлари ўртасидаги охирги маслаҳатлашувлар 2018 йилда ўтказилган бўлиб, унга кўра икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар ҳар бир томон авиакомпаниялари учун ҳафтасига 10 тадан этиб белгиланган ва ҳар бир томондан 2 тадан авиакомпанияларга авиақатновларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter