Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Одамлари лоқайд бўлмаган мамлакатлар ривожланади: эгасига қайтарилган ҳамён, совуқдан асралган тухумлар, фош этилган жиноят

Одамлари лоқайд бўлмаган мамлакатлар ривожланади: эгасига қайтарилган ҳамён, совуқдан асралган тухумлар, фош этилган жиноят

иллюстратив сурат

Лоқайдлик энг катта жиноят аслида. Бугун 120 su – қизиқарли, ғайритабиий, ва кулгули хабарлар ёритиладиган сайтда кетма-кетликда учта хабар ўқидим. Ва шунга амин бўлдимки, ривожланган давлатларда ҳеч ким ҳеч нарсага бефарқ эмас. Биз майда-чуйда деб ўйлаган воқеалар, нарсалар улар учун жуда катта воқелик ёки арзийдиган яхшилик.

Қирқ йилдан кейин «эга»сига қайтарилган ҳамён

Эндрю Медли исмли аёл Eaton Centre (Торонто, Канада) савдо мажмуаси омборида ишлаётганда ажойиб бир нарсани топди, яъни ҳамённи. Ҳамён янгилигидан яқинда йўқолгандек эди. Аммо ҳамён 40 йил олдин ҳаво тозалагич ичига тушиб қолганини Эндрю билганида янада ҳайратланди. Эндрю, балки уни ташлаб юбориши мумкин эди, ахир қирқ йил олдинги нарсани ким ҳам изларди? Аммо у интернетдан ҳамёнини йўқотган аёлни топишга вақт ажратди. Ҳамёнда пул ҳам, баъзи муҳим ҳужжатлар ҳам бор эди. Натижада, Эндрю ҳамён эгасининг қизи Ванесса билан боғланишга муваффақ бўлди ва у топилмани шахсан унга олиб борди.

 

фото: 120su

Ванессанинг сўзларига кўра, ўша йилларда онаси тез-тез ушбу савдо марказига ташриф буюрган ва ҳамёнини йўқотган бўлиши мумкин. Ҳамён ҳаво тозалагич ичига тушиб қолгани ва унга ҳеч ким тегинмагани учун яхши сақланган бўлса керак.  

Кичкина ўғирлик катта жиноятни очди

Исми ошкор қилинмаган хоним 52 ёшли Браян Стивен Смит (Аляска – АҚШ)  билан учрашувда ўғирликка қўл урди, яънинг унинг машинасидаги хотира картасини ўғирлади. Аммо бу кичик ўғирлик янада жиддий жиноятнинг очилишига олиб келди. Аёл картага ёзилган видеоларни кўриб полицияга югурди. Унда 30 ёшли  ва 52 ёшли аёлларни қийнаб ўлдирилиган видеолар тасвирга олинган эди. Ваҳшийликлар 2017-2019 йилларда содир бўлган.

фото: 120su

Ҳибсга олинган Браян терговчиларга қотиллик ҳақида гапириб берди ва бахтсиз аёлларнинг қолдиқлари топилди. Бироқ, қотил ўзини айбдор деб тан олмади.

Стюардесса фламинго тухумларини қандай асраб қолди?

Амбер «Alaska Airlines» авиакомпаниясининг ходими парвоз пайтида энг кутилмаган қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкинлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.

Парвозларнинг бирида Сиэтлдаги ҳайвонот боғи (Вашингтон, АҚШ) ишчиси камдан - кам учрайдиган юкни – инкубаторга жойлаштирилган Чили фламинго тухумларини олиб кетишга қарор қилади.

Ва бахтга қарши инкубатор парвоз пайтида ишламай қолди. Амбер инкубатордаги тухумларга ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига олди. У бир нечта резина қўлқопларни илиқ сув билан тўлдирди ва тухумларнинг атрофини ўраб қўйди. Шу билан бирга, аёл  қўлқоплар совиши билан уларни тез-тез иссиқ сувли қўлқопларга алмаштириб турди. Бошқа йўловчилар ўзларининг курткалари ва шарфларини тухумларни иситиш учун бериб туришди. Аммо воқеанинг якуни, тухумлар ичидаги жўжалар тирикми, йўқми номаълум эди.

фото:120 su

Яқинда Амбер ва унинг кичкина набираси ўша ҳайвонот боғига ташриф буюришди ва ёш фламинго жўжалари – Магдалена, Амая, Росалес, Гонзо ва Бернардо билан танишишга муваффақ бўлишди. Булар стюардесса томонидан иситилган тухумлардан чиққан жўжалар эди.

Хулоса

Биринчи воқеадаги савдо маркази ишчиси ўша ҳамёндаги ҳужжатларни ташлаб юбориб пулни олиши мумкин эдими? Мумкин эди, ахир орадан қирқ йил ўтганди, ҳеч ким сўрамасди, қолаверса пул ҳеч кимга зарар қилмайди. Йўқ, савдо маркази ишчиси бунинг ўрнига интернетда ҳамён эгасини излаш учун вақтини сарфлади. Ҳамён эгасига эмас унинг қизига етказилган бўлсада, хотиралар жонланишига ҳисса қўшди. Яъни бу эътибор қиз онаси ҳақида хотирлашига туртки бўлди, хотиралар сандиғи яна бир ашё билан бойиди.

Иккинчи воқеадаги қотилнинг топилиши эса яна қанча қотилликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бировнинг карта хотирасини ўғирлаган аёл ўз ўғирлигидан хижолат бўлиб полицияга бормаслиги мумкин эди. Чунки том маънода унинг ўзи ўғирлик қилди. Лекин аёл бунга бефарқ қараб туролмади – тақдирини боғламоқчи бўлган одамнинг ваҳшийлигига шунчаки кўз юмолмади. Қолаверса, қурбонларнинг оила-аъзолари мудҳиш воқеадан хабардор қилинди.

Учинчи ҳолат – ҳаммасидан меҳрли воқеа. Агар стюардесса тухумларга бефарқ бўлса унга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ эди, чунки тухумларни «ўлдирмасдан» олиб кетиш унинг вазифасига кирмасди. Қолаверса, бизнинг кўзимиз билан қарайдиган бўлсак тухум, бу шунчаки тухум, шунга шунчами? Йўқ стюардесса бизнинг жамиятнинг одами эмас, у ҳайвонларга, табиатга меҳрли бўлган муҳитда яшайди. Янада бир ҳайратланарли ва сабоқли томони ўзи қутқарган фламинголар тақдирига қизиқиб ҳайвонот боғига ташриф буюргани, неварасини қушлар билан таништиргани. Ахир невара олдида фахрланадиган қаҳрамонлик бу, шундай эмасми?

Ривожланган мамлакатларда ҳеч ким ҳеч нарсага бефарқ, лоқайд эмас. Шунинг учун улар ривожланади, ўсади, фаровонлашади!

                                                                                                        Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг