Навбат Савдо саноат палатасига: улар электромобил учун бож киритиш ташаббусини илгари суряпти
Жорий йилнинг 26 июль куни Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида электротехника ва автомобилсозлик соҳаларида фаолият юритадиган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилган ва унда ADM Jizzakh заводи бош директори электромобиллар импорти учун божларни қайтаришни сўраган эди.
Мазкур таклиф ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларни келтириб чиқарганидан сўнг, Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов ушбу масала атрофлича ўрганиб чиқилганини маълум қилиб, бу бўйича ўз фикрини билдирди.
Даврон Ваҳобовга кўра, электромобиллар импорти бўйича жаҳон тажрибаси ўрганилганда, етакчи хориж давлатларида ички иқтисодиётни ҳимоя қилиш мақсадида Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга қўшимча божлар жорий қилинган ва бу тажриба АҚШ, Европа иттифоқи, Туркия ва Бразилия каби давлатларда ҳам бор.
«Жаҳон савдо ташкилотининг аъзоси ҳисобланган – АҚШ (автомобиль нархининг 102,5 фоизини), Европа Иттифоқи давлатлари (38,1 фоизини), Туркия (50 фоизини) ҳамда Бразилия (2024 йилда 10 фоизгача, 2026 йилдан эса 35 фоизгача) давлатларида нотариф Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга божлар жорий қилинган», – дейди ССП раиси.
Даврон Ваҳобовнинг айтишича, бож тарифларининг ноль қийматда сақланиб қолиши «Хитой электромобилларининг сифатли хизмат кўрсатиш ва ҳеч қандай кафолатларсиз оммавий равишда Ўзбекистонга кириб келишига» сабаб бўлади.
ССП раисининг ушбу чиқиши ҳам айрим ижтимоий тармоқ фаоллари эътирозларига сабаб бўлди.
Жумладан, иқисодчи О.Бакиров «электромобиллар учун бож киритиш ташаббусини оқлаб бериш навбати Савдо саноат палатасига келдими? » мазмунида пост ыолдирди.
Унда айтилишича, саналган мамлакат ва ҳудудлар дунёдаги энг йирик автомобиль бозорлари ҳисобланади. Бу бозорларнинг ҳар бирида Европа ва АҚШ мисолида ўнлаб, Туркия ва Бразилия мисолида камида ўнга яқин автомобиль ишлаб чиқарувчилари мавжуд. Яъни саналган бозорларда импортни ҳисобга олмаганда ҳам, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзида рақобат даражаси ҳаддан зиёд юқори.
«У ердаги Ўзбекистондаги монополлашган концентрацияни саналган бозорлардаги рақобат коэффициенти билан умуман солиштириб бўлмайди. Бундан ташқари мамлакатларда нотариф божларнинг миқдори палата раиси келтирган ва атайин қўрқинчли қилиб кўрсатилган рақамлардан анча фарқланади.
Қолаверса, энг қашшоқ мамлакатлардан бир бўла туриб биздан каррасига бой мамлакатларнинг ютуқли эмас, хатоли қадамларидан ўрнак олишга уринишлар рости ачинарли», – дейди Бакиров.
У, шунингдек, «электромобилларга бож киритишаяпти» деб саналган давлатларнинг Ўзбекистондан улкан фарқи борлигини айтади.
«Бу мамлакат ва ҳудудларда бирон бир автомобиль ишлаб чиқарувчи компания яширин ва махфий қарор билан импорт божлардан (ҚҚСдан) озод қилинмайди.
Ва энг асосийси, агар яширин қарорлар билан импорт божи тўламайдиган компания бор дея тасаввур қилсак, унинг электромобилларга бож солишни таклиф этиши, иккиюзламачи компанияни ўша куниёқ банкротликка олиб келадиган даражада жамият тарафидан cancel қилишга олиб келган бўларди. Қанақадир ҳукумат вакили ёки шартли Савдо саноат палатаси раиси ўзи ҳам cancel бўлиб кетишини билгани учун бу абсурдни ҳимоялаб чиқишга журъат этмаган бўларди», – дейди ивтисодчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter