Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Мен нечун севаман Ўзбекистонни...» қўшиғи қандай яралганди? (видео)

Ватаннинг ранги қандайлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Мен ҳам кўп ўйлаганман. Токи бир қўшиқни тинглагунча... Ўшанда ўсмир қизалоқ эдим.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва бастакор, Ўзбекистон санъат арбоби Анор Назаров ҳамкорлигида туғилган «Мен нечун севаман Ўзбекистонни...» қўшиғини  йиллар ўтиб, такрор тинглар эканман, кўз олдимга яна Ватанимиз байроғи келаверди!

Шунда англадимки, Ватаннинг ранги, қиёфаси бу – миллат байроғи экан! Ватаннинг оҳанги эса юртнинг чин ватанпарварлари ноласида мангу яшаркан!...

 Бастакорнинг тўнғич фарзанди, Халқаро солист, виолончель устаси Дилшод Назаров билан суҳбатимиз муқаддимаси қадрли қўшиқ тарихига бағишланди!

Энг ҳайратланарлиси, «Мен нечун севаман Ўзбекистонни...» қўшиғи куйи виолончель чолғусида янгради!

Дилшод Назаров

Халқаро тоифадаги виолончель устаси, маҳоратли созанда.

Иль-де-Франс Халқаро танлови лауреати.

Чайковский номидаги танлов совриндори.

Париж Олий консерваториясига ўқишга кирган илк ўзбекистонлик.

«Ниҳол» мукофоти совриндори.

Бастакор, атоқли санъаткор, Ўзбекистон санъат арбоби Анор Назаровнинг тўнғич фарзанди.

– «Мен нечун севаман Ўзбекистонни...» қўшиғи доим қалбимда, тилимда, созимда! Ўзбек халқининг буюк шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг шу номли шеърига отам, буюк ўзбек бастакори, Ўзбекистон санъат арбоби Анор Назаров басталаган куйни виолончельда ижро этганда, ўзгача ҳислар қуршовида қоламан! Сабабини айтгин, десалар, шеърда битилганидек:

 Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,

Мен таъзим қиламан она халқимга!

дея жавоб қиламан!

Бу қўшиқ Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган 1991 йилда ёзилган. Мен у пайтда ёш бола эдим. Шоир ва бастакорнинг ижодий суҳбати, умуман, қўшиқнинг туғилиши жараёнига гувоҳи бўлганимдан бахтиёрман! Эсимда, раҳматли Абдулла Орипов стулда ўтирган кўйи шеърни ўқир эканлар, отам дарҳол пианинони ёнига ошиқдилар. Шундай қилиб, лаҳзада қўшиқ туғилган! Бунга маҳлиё Абдулла Орипов кўрсаткич бармоғини лунжига тираганча, шундай дегандилар: «Вой, Анор! Офарин! Ниҳоятда ажойиб қўшиқ туғилди! Яша!»

Орадан 32 йил ўтган бўлса-да, бу қўшиқ одамларнинг тилида, дилида, ёдида эканлиги хурсанд қилади кишини. Шу йиллар ичида қўшиқ худди халқнинг қалбига сингиб кетган ажиб оҳанг, юраклардаги Ватан мадҳига айланиб кетган гўё... Баъзи одамлар бу қўшиқни Ўзбекистоннинг норасмий мадҳияси, деб ҳам эътироф этганлар. Биринчи навбатда, шеърни ўзи кучли ёзилган! Бунга яна ажойиб мусиқа қўшилиб, аъло уйғунлик бўлган! Укам Қаҳрамон билан бу қўшиқни жуда ҳам севганмиз!

1997 йил Париж Олий консерваториясига ўқишга кетган бўлсам, 2000 йилда отамдан куйларини виолончельда ижро этишга рухсат сўрадим. Отам «Яхши, лекин булар тайёр қўшиқларнинг куйлари-ку, мен сенга  виолончель учун алоҳида куйлар ёзиб бераман. Ахир сен, мумтоз куйлар ижрочисисан!» дея жавоб қилди. Отам ўзи айтганидек, менга виолончель учун махсус куйлар ҳам ёзиб берди. Аммо, отам репертуаридаги қўшиқларнинг куйи оҳанрабоси мени доим мафтун этган!

Виолончель мусиқа чолғусининг ажойиб ва ўзига хос томони шундаки, у ўзидан нафақат эркак ёки аёл, балки бола товушини ҳам таратади. Ҳатто, миллий чолғумиз сато товуши билан ҳам яқин.

Парижда ажойиб инсон ва ўзбек миллий куйларининг атоқли созандаси Турғун Алиматов билан танишдим. У киши Париждаги концертларга келганлар. Устозга «Менга ҳам нолаларни ўргатсангиз...» дея илтимос қилдим. Ҳис қилардимки, «Тановор» ва бошқа кўплаб халқ куйларини ҳам виолончельда ижро қилса бўлади. Бу борада ҳозирда лойиҳаларим бор. Париж саҳналарида шу услубдаги ижроларим билан кўп бор чиқишлар қилганман. 

Онам раҳматли биринчи ўзбек аёл виолончель устаси. Табиийки, биринчи виолончель бўйича  устозим ҳам онамдир! Отам раҳматлини қўшиқларини ҳам биринчи бўлиб виолончельда куйга солган ҳам бу онам бўлади.

Отам Анор Назаров халқини жуда севадиган, чин ватанпарвар инсон эдилар. Фарзандлар ҳам шу тарбияда камол топдик. Бизда бошқача тарбия бўлиши ҳам мумкин эмасди! Бунинг учун ота-онамиздан миннатдормиз!                

Тошкентда В.Успенский номидаги Республика ихтисослашган мусиқа мактабини битирганман. Биз масалан, ҳеч қачон пахта теришга бормаганмиз. Қишлоқ болалари кичкина қўллари пахта билан териб, менга ўхшаган ўз тенгдошларини чет элларда ўқишига имоният яратишган. Мен шундай ҳисоблайман! Шунинг учун уларга катта раҳмат! Улардан қарздорман!  Келажакда уларнинг фарзандларига ёрдамим тегишини жуда хоҳлардим!

Ўшанда «Ўзбектуризм» ҳомийлигида Париж Олий консерваториясига ўқишга кетиб,  1-босқични тамомладим. Ўқишнинг иккинчи йили Франция ҳукумати менга стипендия берди. Отамнинг маоши ўқишим пулини тўлиқ қоплашга етмасди. Оилам мени ўқитаман деб, кўп қийинчиликлардан ўтган. Тўйтепада уйимиз бўларди. Уйдагиларим шу уйни сотиб, пулини мени ўқишим учун юборишган. Ҳозир эса бу борада имкониятлар талайгина. Ўқишни истасанг, бас!

Болалигим Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ўтган. Отам театр оркестрида 20 йил ишлаганлар. Боғчага бориш ўрнига, отамга эргашардим. Оркестр репетициялари пайти бутун театрни, ертўласидан то том бошига қадар айланиб чиқишга улгурардим. Энг қизиғи, отам маош олган кунида чақаларни саралаб, қўлимга тутқазаркан, «Мана, ол! Бу сени маошинг!» дерди кулиб. 

Парижга кетишимдан аввал, ўзбек тилим соф эмасди. Сабаби, ўша пайтда мактаб таълимини рус тилида олганмиз. Узоқ юртларга кетгандан кейин, Ватанни, оилангизни қадрига етаркансиз... Шунда Алишер Навоийнинг «Хамса»сини насрий баёнисиз ўқиш истаги туғилди. Отам китобни Парижга юборди. Китобни ўқишга киришарканман, очиғи, эллик фоизини ҳам тушунмадим ва ўзимга айтдим: «Энди, ўзбек тилини қунт билан ўқийман!» Бунгача «Хамса»ни рус тилида йиғлаб, ҳайратланиб ўқигандим.  Лекин биринчи галда асарни ўзбек тилида ўқишим лозим ва шарт эди! 

Мумтоз адабиётимиз жуда ҳам хушоҳанг! Ўқисангиз, қулоғингизга оҳанглар қуйилиб келади. Маромлари ҳам бор. Ўзбек миниатюраларини кўрсангиз, най, қонун, чанг, сато, танбур миллий чолғулармизни тасвирини ҳам учратасиз.

Келажак авлодни болаликдан нафақат мусиқа, умуман, санъатга қизиқтириш керак!  Бадиий дид шаклланишида бу жуда асқотади.

Ватан мен учун ота-она, қариндошларим ва Тошкент! Тошкентни жуда ҳам севаман!

25 йилдан бери Оврўпадаман. Ҳозирда Германияда Халқаро солистман. Аммо барибир, хаёлимда Ўзбекистон, ўзбек халқи, оилам, уйим, бутун қариндош-урғуларим!... Ўзим жаҳонаро кезсам-да, илдизим шу ерда! Ўзбекистонда!

Лобар Қобилова суҳбатлашди.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг