Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мадамбойликлар: «Бизнинг қишлоқ ўгайми?» (видео)

Бухоро вилояти, Жондор тумани, «Ушот» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Мадамбой қишлоғи аҳолиси нима дейди?

«Бизнинг қишлоқ маҳаллага ўгайми? Маҳалла раиси ҳам, туман масъуллари ҳам ҳар қандай хизматни энг охирида бизнинг қишлоққа зўрға раво кўришади. Муаммоларимиз тиқилиб ётибди. Айниқса, электр энергиясини етказиб берадиган симёғочлар ачинарли аҳволда. Қишда лой, ёзда чанг кўчалар ҳақида-ку, гапимрай қўя қолайлик...», дейилади «Xabar.uz»га келган мурожаатда.

Жондор туманидаги Мадамбой қишлоғида яшовчи бир нечта фуқаролар мурожаати юзасидан манзилда бўлдик.

«Мадамбой», «Мадамбой-1», «Зартепа», «Зартепа-1» каби 7 та кўчадан иборат мазкур қишлоқнинг асосий кўчалари асфальтлаштирилган бўлишига қарамай, қатор ички кўчалар таъмирга муҳтож. Асфальтлаштирилмаган. Умрида шағал юзини кўрмай, уйдим-чуйдим ҳолатга келиб қолганлари ҳам йўқ эмас.

«Мактаб бошланди. Эрта-индин совуқ, ёмғир-сочинли кунлар ҳам бошланади. Ўшанда келиб, бизнинг кўчалар аҳволини кўринг. Болалар мактабга оёқ кийимлари бир ботмон лойга ботиб боришади ёхуд иложсизликдан бормай қўяқолишади»...

«Бетонлари тўкилиб, титилиб кетаётган симёғочларимизни кўрмай кетманг. Симлари узилиб, ерга осилиб ётади. Бир неча кун, деганда, зўрға тузатиб кетишади. Қиш-қировли кунлар бошланиши билан юракларимиз зириллайди...»

Қишлоқ аҳолисининг мурожаатларини бир-бир билдирар эканмиз, маҳалла раисидан қуйидагича жавоб олдик.

«Ушот маҳалласида 4040 нафар аҳоли яшайди. Маҳалланинг «Мадамбой» қишлоғи эса кичиккина, нари борса,  1700 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Президентнинг 408-қарори билан жорий йилда жами 4,2 километр масофа асфальтлаштирилган бўлса, шундан 1,5 километрга яқини Мадамбой ички кўчаларига қарашди. Ҳозирча, «Мадамбой»нинг 4 та ички кўчаси асфальтлаштирилмаган. Дастур асосида амаллар босқичма-босқич бажарилади», дейди маҳалла раиси Отабек Амиров.

Маҳалла раисининг сўзи билан айтганда, 1700 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган қишлоқ кичик бўлса, 200-300 аҳоли сони бор қишлоқларни, «йўқ» деб аташ мумкиндир, балки. Қишлоқда 100 нафар аҳоли яшаса ҳам, 1000 дан зиёд аҳоли яшаса ҳам уларнинг ҳар бири учун шарт-шароит, имконият яратиб бериш давридамиз. 

Қишлоқнинг ички кўчалари бўйлаб пиёда кезар эканмиз, қумли, эгри-бугри, ўйиқ-сўйиқ йўлларнинг ҳолини ёғин-сочинли кунларда тасаввур қилишнинг ҳеч қийинчилиги бўлмади.

«Мана, кўриб турибсиз, кўчамиз асфальтланган. Аммо, чала-чулпа. Энг оғриқлиси, менинг ҳовлим шу кўчанинг охирида жойлаган. Бир менинг ҳовлимнинг кўчаси асфальтланмай қолдирилган. «Шу ер охирги масофа қилиб дастурга киритилган. Ортиқча асфальт тўка олмаймиз» дейишди. Чала-ярим дастурни қандай тушуниш мумкин? Бу ички кўчанинг ярми асфальтланган, ярми «йиғлаб» тураверсин, деаними? Ҳокимиятга борсам ҳам, порталига ёзсам ҳам “билайман” деган жавоб олдим. Шуям гапми, опа?! Тўрт томонга югурганимдан сўнггина шундоқ дарвозамиз тагига асфальт тўкиб кетишди. Асфальтни ўғлим билан биргаликда кетмонда ёйиб чиқдик», дейди фуқаро Шакар Қаюмов.

Ҳақиқатан ҳам фуқарога тегишли хонадон олди кўча асфальт маҳсулоти қўлда нотекис ёйилган. Ва унга тегишли қатнов қисми ажралиб турарди.

«Вилоят раҳбаримизнинг шахсан ўзидан ички йўлимизни асфальт қилишни сўраган эдим. Асфальтлаб бериш ваъдаси билан шағаллаштириб кетишди. Аммо, қуйидагилар эътиборсиз қолдиришди. Балки, вилоят ҳокимига «асфальтланди» деган ҳисобот ҳам берилгандир. Бизга қоронғу. Аммо, кўриб турганингиздек, шағал ҳам бора-ора ўтирган. Ўйдим-чуқурлар ҳосил қилган. Одамнинг иссиқ-совуғи бор. Уйимда бир ногироним бор.  «Тез ёрдам» машиналари ҳам бир неча бор келишганда, лойларга ботиб-ботиб кетишди. Ишлар чала ярим. Тунги чироқларнинг доимий ишламаслиги ҳақида-ку, гапирмасаям бўлади», дейди қишлоқ фуқароси Фарида Йўлдошева.

Жондор тумани ҳокимлиги Қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Хуршид Бафоев ушбу таъмирталаб ички йўлларга кейинги дастурларга таклиф берилгани ва манбаалари аниқ бўлгандан сўнг қурилиш ишлари бошланишини билдирган.

«Биласиз, бу ишларни якунига етиш мааласи йирик маблағ талаб қилади. Кейинги йилда дастур бўйича, ёки балки йил якунигача бу муаммолар бартараф этилади. Туман ҳокимига бу ҳақда маълум қиламиз», деди Хуршид Бафоев.

Қишлоқ фуқароси Дўстмурод Шокировнинг айтишича, «Мадамбой»да электр энергияси масаласи ҳам 15 йилдан ортиқ вақтдан бери туя гўштини «еб» келган.

«Ўн беш йилдан ортиқ вақтдан буён чироқ масаласида қийналамиз. Бормаган жойимиз қолмади. Симёғочлар сифатсиз. Қайрағоч симёғочлар ўрнида теракдан ҳам қурилганлари топилади. Борларининг ҳам бетонлари тўкилиб кетган. Ёғочи чириганлари ҳам йўқ эмас. Шунда ҳам уларни электр тармоқлари вакиллари чўнтагидан келтириб ўрнатишмаган. Қишлоғимиз аҳолиси пул йиғишиб, ўрнаттирганмиз. Симёғочнинг симларигача чўнтагимиздан сотиб олганмиз. Шунда ҳам талаб даражасида тикланмаган», дейди Дўстмурод Шокиров.

Маълум бўлишича, аҳолининг электр симёғочлари борасидаги кетма-кет мурожаатлари  ҳудуд депутатини эътиборсиз қолдирмаган. Депутат ташаббуси билан 250 Кв трансформатор қурилган.

«Трансформатор янгилангани билан унга ток етказиб берувчи симёғочларда осилиб ётган электр симларининг аҳволи-чи?! Ҳар шамолда узилади. Монтёр келади, чиқишга юраги йўқ. Симёғочга нарвон тиркаб қўйиб берамиз. Наридан-бери тузатиб кетишади», деди Дўстмурод Шокиров.

Қишлоқ фуқароси Зарина Мустафоеванинг айтишича, қишлоқ кўчаларида симёғочлар бетартиб ва талабга жавоб бермайдиган ҳолатда ўрнатилган.

«Шундоқ ҳовлимиз билан туташ, деса ҳам бўлади симёғочни. Қиш-қировли, ёғин-сочинли кунларда шамолда симлари осилиб қолади. Хавфсизлиги таъминланмаган. Болаларим ҳаёти учун хавфли симёғочларни, деб юрагимни ҳовучлаб юраман», дейди аёл.

«Мадамбой қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашар эканмиз, аҳолининг муаммосини ечигш учун фақат 70 ёшдан ошган Дўстмурод бобо Шокиров югуриб юриши, эвазига ёзувчи» деган ном орттиргани, аслида, мурожаатчи «қишлоқнинг юраги» эканини куйиниб гапиради.

«Бир оёғи ерда, бириси гўрда бобо учун қишлоқнинг заҳматини елкалаш осон эмас. Борига шукур, шу кишининг. Ҳозир нима қиласиз, ёғин-сочинли кунларда келинг қишлоғимизга, кўчаларнинг аҳволини кўрасиз. Айримлари тошлар билан тўсиб қўйилади. Устига-устак, электр энергияси таъминотида ҳам муаммо бор. Трансформатор ўрнатишган. Паст кучланишда яроқсиз симёғочларга уланган. Энди бу ердаги турмуш тарзини ўйлаб кўраверинг.  Йўл учун, симёғоч учун ҳеч қаерга мурожаат қилманглар, сиёсатга аралашманглар, деб кетишади. Уйида ногирон ўғли бор. Уйи ҳам тўкилиб кетган. Аммо, ҳеч қачон давлатдан ўзи учун ёрдам сўрамайди. Фақат қишлоқ ва қишлоқ аҳолиси учун ёрдам сўрайди»,-дейди яна бир маҳалла фуқароси.

Жондор тумани Электр тармоқлари корхонаси директори ўринбосари Рифат Розиқовнинг сўзига кўра, қишлоқда жами 110 га яқин ёғоч симёғоч бор.

«Камчиликлар йўқ, деб бўлмайди. Бор. Аммо навбатма-навбат муаммоларни бартараф этиб келаяпмиз. Мурожаатчи айтмоқчи, барча симёғочлар ачинарли аҳволда эмас. Бориб, кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Яқинда 5 дона бетонли симёғоч ўрнатдик. Тез ойлар ичида яна қолган яроқсизларини ҳам», дейди Рифат Розиқов.

Суриштирув давомида муаммоли манзилга келган масъул идоралар вакиллари Мадамбой қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган масалалар тез ойлар ичида бартараф этилишини билдиришди.

«Аҳоли мурожаатида жон бор. Ва албатта, мурожаатчи доим ҳақ. Келаётган янги йил дастурини «пойлаб» турмай, муаммоларни бартараф этишга киришамиз. Шу ўринда, симёғочлар ўрнатилганига қарамай, айрим фуқаролар ҳовли-жойларини айнан симёғоч билан ёндош тиклашгани эътиборимизни тортганини айтмоқчиман. Бу нафақат,  ҳовли жойларда турли ёнғинларнинг келиб чиқишига, балки одамларнинг ҳаёти учун ҳам хавф солишига шубҳа йўқ», деди туман ҳокимлиги вакили Элбек Муқимов.

Мадамбой қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган ушбу муаммоларни ўрганар эканмиз, кўплаб фуқароларнинг ҳовли-жойи теварак атрофи ободончилиги ва тозалигига ҳам аҳамият бермаганига ҳам гувоҳ бўлдик. Нафақат, маиший хизмат ускуналари, балки чиқиндилар билан ҳам қишлоқ кўчаларини бетартиб аҳволга солиб қўйишган. Туман ҳокимлиги масъулларидан бирининг сўзига кўра, маҳалла раиси ҳамда қишлоқ оқсоқолларининг огоҳлантиришига қарамай, кўплаб одамларда ўзгариш сезилмаган.

«Ҳовлисидаги қурилиш молларидан ташқари, молхоналаридаги маданий ўғит, ўтину бедалар, ўрни келганда, чиқиндиларгача дарвозлари олдида бостириб қўйишади. Қайта-қайта огоҳлантиришлар фойда бермаяпти», дейди маҳалла раиси.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг