Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғарб ва Россия маҳбусларни алмашди. Путин қотилликда айбланган Красиковни шахсан кутиб олди

Ғарб ва Россия маҳбусларни алмашди. Путин қотилликда айбланган Красиковни шахсан кутиб олди

Анқарада Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди.

Алмашинувда Россия, Беларус, АҚШ, Германия, Полша, Словения ва Норвегия вакиллари иштирок этган. Жами 26 киши алмашилди: 10 киши Россияга, 13 киши Германияга, 3 нафари АҚШга юборилди. Маҳбуслар Туркияга еттита самолётда олиб кетилган: иккитаси АҚШдан, биттадан Германия, Полша, Словения, Норвегия ва Россиядан келган.

Россия қамоқхоналарида бўлган россиялик сиёсатчилар ва Америка фуқаролари озод қилинди.

Улар — сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин, ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Орлов, жамоат арбоби Андрей Пивоваров, рассом Саша Скочиленко, мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериклари Лилия Чанишева, Ксения Фадеева ва Вадим Останин, Германия фуқароси Кевин Лик, сиёсатшунос Дитер Воронин, Германия ва Россия фуқароси Германа Мойжес, АҚШ фуқаролари Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева, Германия фуқароси Патрик Шобел. Бундан ташқари, Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригер экстрадиция қилинди.

Ғарб давлатлари саккиз маҳбусни Россияга топширди.

Уларнинг исмлари: Германияда қотилликда айбланган Вадим Красиков, Словенияда жосусликда айбланиб, судланган Артем Дулцев ва Анна Дулцева, Норвегия ҳукумати томонидан жосусликда айбланган Михаил Микушин, Полшада Россия фойдасига жосусликда айбланган Павел Рубцов, АҚШда банк карталари маълумотларини ўғирлагани учун 27 йилга қамалган Роман Селезнев, АҚШда компьютер тармоқларини бузишда айбланиб, судланган Владислав Клюшин, ФСБ агенти Вадим Коношченок.

Россия президенти Владимир Путин Москванинг «Внуково» аэропортида Ғарб давлатлари билан маҳбуслар алмашинуви доирасида ватанига қайтган россияликларни шахсан кутиб олган.

Германияда чеченистонлик собиқ қўмондон Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган «ФСБ» ходими Вадим Красиков ва бошқаларни Путин қучоқ очиб қаршилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг