Эрдўғон мусулмон давлатларни «Исроил террори»га қарши иттифоқ тузишга чақирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мусулмон давлатларни Исроилнинг босқин, террор ва экспансия сиёсатига қарши туриш учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундади. Бу ҳақда у диний таълим муассасаларининг Имом Хатиб номли қурултойида гапирган.
«Аввал ҳам айтганимдек, Исроил Ғазода тўхтамайди. Агар Исроил шу суръатда давом этса, Рамаллоҳни (Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қароргоҳи жойлашган шаҳар, Ғарбий Соҳил – таҳр.) босиб олганидан кейин нигоҳини бошқа ҳудудларга қаратади... Ливан ва Сурияга қадар келади. У ўз нигоҳини Фурот ва Дажла ўртасидаги тупроқларимизга ҳам қаратади. (Исроил расмийлари) очиқ-ошкора суратини намойиш этаётган хариталар шундан далолат беради», – деган Туркия раҳбари.
Эрдўғон 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода давом этаётган уруш мобайнида Исроил ҳарбийлари 40 минг нафар бегуноҳ фаластинлик, жумладан, 17 минг болани ўлдирганини кескин қоралаган. Шунга кўра, у Тель-Авивнинг террор сиёсатига қарши туриш ахлоқий ва инсоний бурч эканини урғулаган.
«Барча мусулмон мамлакатлар қачон тугаши номаълум бўлиб қолаётган Исроил истилосига қарши муштарак позицияни эгаллаши керак. Биз аввал-бошданоқ шундай чорлов билан чиққан эдик. Биз Исроил зўравонлиги, Исроил босқини ва Исроил давлат террорини тўхтатишнинг ягона чораси мусулмон давлатлар иттифоқи деб биламиз», – деган сиёсатчи.
Туркия етакчиси кучайиб бораётган босқин сиёсатига қарши Миср ва Сурия билан бирдамликни кучайтириш йўлида амалий қадамлар ташланаётганини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter