Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энг катта тумандаги энг кам аҳоли ҳақида. Томдида нималар кўрдик?

Энг катта тумандаги энг кам аҳоли ҳақида. Томдида нималар кўрдик?

Фото: Xabar.uz

Навоий шаҳридан Томди туманига йўл олсангиз, оз эмас, кўп эмас, салкам 300 километр юришга тўғри келади. Ҳа, Навоий Ўзбекистондаги энг йирик вилоят — салкам бешдан бири. Масалан, Тошкентдан ғарб томонга отлансангиз, 300 километрдан сўнг водийга етиб борасиз, шарқ томон юрсангиз — воҳага. Навоийда эса шунча йўл босиб, минг машаққат билан тумандан туманга ўтасиз ҳолос.

Албатта йўловчининг фойдасига ҳам гапириб қўяйлик —Томдига бора-боргунча чўл тароватидан баҳраманд бўлиб борасиз — қум барханлари, саксовул, юлғун, шувоқ, шўра, янтоқ. Табиат бор бўйи билан намоён бўлади. Йўл узоқлиги ҳам билинмайди, томоша қилиб, манзилга етиб борганингизни билмай қоласиз.

Аммо оддий йўловчига завқ бағишлайдиган бу манзара маҳаллий аҳоли учун азобдан ўтган азоб. Томдида деярли ҳар бир кун қайсидир машаққатга қарши туриш керак.

Маълумот учун: Туманда 2308 та хонадон мавжуд бўлиб, 14 337 нафар фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли учун энг катта муаммо — ичимилик сувидир. Фақат туман марказига бир соат сув берилади. Асосий аҳоли истиқомат қиладиган чекка овулларга эса сув ташиб олиб борилади. Текинга эмас, бир тоннаси учун 19 500 сўм тўлаш керак.

Аҳолининг асосий тирикчилик манбаи чорва бўлиб, мол-ҳолга ёзнинг жазирамасида сув, қишнинг изғиринида эса ем-хашак етказиб бериш осон иш эмас.

Томдиликлар ўн йиллардан буён шундай муаммолар гирдобида яшайди. Тўғри, яқиндан бошлаб фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш бўйича ҳаракат бошланди. Уч йилда анча-мунча ўзгаришлар бўлди. Аммо қилинадиган ишлар ҳам етарли. Йўқ, етарли эмас, балки ошиб-тошиб ётибди. Келинг, шу масалани битта овул мисолида кўрайлик...

***

Навоийдан 300 километр йўл босиб, Томди тумани марказига етиб олгандан сўнг, «Сукетти»га бориш учун яна 70 километр чўл оралаб кетиш керак.

Овулда 108 та хонадон мавжуд бўлиб, 528 фуқаро истиқомат қилади. Камбағал оилаларни ҳисобга олиш бошланганда 22 та хонадон «Темир дафтар»га киритилган эди. Бугунги кунга келиб рўйхатда 8 та оила қолган. Қолганларга ёрдам пуллари берилди ва кредит ажратилди. Асрлар давомида асосий тирикчилиги чорва бўлган аҳоли бу пулга ҳам мол-қўй сотиб олмоқда.

Овулда яшайдиган Шеримов Манарбек ва Мусаев Бойқосим 33 миллион сўм кредит олишди ва 19 та қўй харид қилишди. Ферманов Давлат ҳам 10 000 000 сўмга 10 та қўй сотиб олди. Ҳамма ҳам ўзи яхши тушунган ишни йўлга қўйишни истайди, аммо афсуски Томдида бошқа туманларга ҳос бўлган иссиқхона, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик қилиш имконияти деярли йўқ. Кейин, имкон топиб помидор-бодринг эккан билан, энг яқин овулгача 50-60 километр бўлгач, маҳсулотни кимга ҳам сотардингиз?

«Сукетти»да 528 киши яшашини айтдик. Узр-ку, шаҳардаги унча-мунча кўп қаватли уйда бундан кўпроқ одам яшаса керак.

***

Томди туманида иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлар яхши эмас. Рақамларга қараган одам буни осон илғаб олади. Аммо фақат туманга боргачгина машаққатлар сабабини тушуниб олиш мумкин.

Томдида расман 2 308 та оила мавжуд бўлиб, 14 337 киши истиқомат қилади. Энг муҳими — болалар таълими. Туманда 17 та мактаб, 1 та мактаб-интернат ва 1 та болалар уйи мавжуд. Бирламчи эҳтиёж учун ҳафтада бир марта бозор ташкил этилади.

***

Туманни ривожлантириш учун нима қилса бўлади? Аввало айтиш лозим, бу борада иш аллақачон бошлаб юборилган. Тўғри, узоқ йиллар давомида туманга эътибор бўлмагандир, балки, аммо сўнгги йилларда халқ розилиги учун бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳокимлик ишламоқда, секторлар раҳбарлари ҳаракат қиляпти. Битта мисол — аввалги қийинчиликлар туфайли кўчиб кетган оилалардан 180 таси охирги бир йилда Томдига қайтди. Яқин келажакда аҳоли сони яна-да ошиши кутилмоқда.

Томди аҳолисининг умиди бепоён чўл бағрида ётган бойликларни юзага чиқаришга қаратилган. Бир қарашда қаҳрли кўринган бу замин аслида жуда бой — унинг бағрида кварц, фосфор, гранит, мармар, травертин каби ноёб бойликлар бор. Биргина кварцнинг ўзи кўпгина муаммоларни ҳал қилади. Унинг сифати шунчалар яхшики, шунчаки ойна эмас, балки қимматбаҳо телефонлар учун сенсор экран тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Бунинг учун албатта вақт керак. Аммо энг муҳими — иш бошлаб юборилган. Хориждан инвесторлар бор, лойиҳалар тузилган ва яқин вақтлар ичида ҳаммаси ўзгариб кетишига умид бор. Ишонч бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг