Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

«Электрон боғча». Янги тартибнинг афзаллик ва муаммолари

«Электрон боғча». Янги тартибнинг афзаллик ва муаммолари

Foto: «Uza.uz»

Хабарингиз бўлса керак, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштириш, шу жумладан навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиб келинаяпти.

Бу нима дегани?

Энди аввалгидай маҳалла, ишхонадан маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тўплаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги қабул комиссиялари эшигини қоқиб юрмайсиз. Борганингиз билан ҳужжатларингизни қабул қилишмайди ҳам. Чунки энди уларда бундай ваколат йўқ. Ёки боғча мудири билан «келишиб» ишингизни битириб кета олмайсиз. Бу усулда фарзандингизни қабул қилишса ва бу аниқланса, мудир каттагина жаримага тортилиши аниқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-қарори билан Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ушбу регламентга кўра, 1 апрелдан бошлаб болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари(МТМ)га расмийлаштириш, навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилмоқда.

Электрон хизматлар дейилганда кўпчилик бошини чангаллайди. Ҳаммадаям бу кўникма йўқ чунки. Лекин энди вақти келди. Ўрганишингиз, кўникишингиз шарт.

Бундан буён давлат хизматлари босқичма-босқич электрон кўринишга ўтказилиб борилаверади. Интерактив хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиб олсангиз, ўзингизга яхши, келгусида вақтдан ва ортиқча харажатлардан ютасиз. Коррупция ва бюрократик тўсиқларга дуч келмайсиз.

Болаларни боғчага жойлаштириш тизими қандай ишлайди?

Регламентга мувофиқ барча туман мактабгача таълим муассасалари ва болалар боғчалари ЯИДХПга уланади (афсуски, орадан салкам бир ой ўтаётган бўлса-да, тизимга тўлиқ уланмаган ёки энди-энди уланаётган туман ва шаҳарлар ҳам бор). Порталда болаларни МТМга қабул қилиш бўйича жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилади.

Ота-оналарда йўлланмаларни олиш учун анкета топширишда икки йўл бор:

  • биринчиси ― белгиланган шаклдаги анкетани тўлдирган ҳолда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш;
  • иккинчиси ― Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my2.gov.uz) уйдан ёки ишхонадан туриб, бир зумда юбориш.

Ҳар икки ҳолатда ҳам анкета топширувчига электрон рақамли имзо (ЭРИ) керак бўлади. Чунки аризачи анкетани ЭРИ билан тасдиқлайди.

Эътибор беринг, ЭРИ мавжуд бўлмаса бу хизмат кўрсатилмайди!

Яъни, электрон рақамли имзоси бўлмаган ота-оналар болаларини давлат боғчаларига жойлаштира олмайди. Улар шаҳарда яшашадими, қишлоқдами, фарқи йўқ: албатта электрон рақамли имзога эга бўлиши шарт!

Бу ҳолатда фуқароларга енгиллик туғдириш мақсадида Давлат хизматлари марказлари аризачилар томонидан жойида ЭРИни олиш учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлаши белгиланган. Бироқ шахсан гувоҳи бўлишимча, бу ҳозир анчагина чигалликларни юзага келтирмоқда.

  • Биринчидан, ЭРИни олиш учун фуқаронинг солиқ тўловчи идентификацион рақами (СТИР) бўлиши лозим.
  • Иккинчидан, ЭРИни харид қилиш (17224 сўм) учун ҳужжат тўлдираётган ота ёки онанинг электрон тўлов тизимларига уланган пластик картаси ҳамда мобиль телефони бўлиши талаб этилади.

МТМга болаларини қўйишни истаган кўпчилик оналарда (боғчага фарзандини жойлаштириш билан асосан улар шуғилланишади) СТИР ҳам, электрон тўлов тизимларига уланган пластик карта ҳам бўлмаслиги мумкин. Чунки уларнинг орасида уй бекалари ва расман бирор ерда ишламайдиганлари оз эмас.

Барибир боғчага йўлланма олиш керак-ку. Бошқа йўли бўлмаса. Хўш, болани боғчага жойлаш учун қандай йўл тутиш ва нималарга эътибор бериш керак?

Биринчи қадам

Демак, энди болаларини давлат мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришни истаган ота-оналар биринчи бўлиб туман солиқ идораларига боришлари ва ўзларига СТИР очтиришлари (агар шу вақтгача олинмаган бўлса) зарур. Юқорида айтилганидек, электрон рақамли имзони харид қилишда СТИР керак бўлади.

Иккинчи қадам

Ўзингизнинг номингизга банк пластик картаси очтирасиз (агар мавжуд бўлмаса) ва уни электрон тўлов тизимларидан бирига улатасиз.

Учинчи қадам

Флешка харид қиласиз (электрон рақамли имзо калитини сақлаш учун) ва давлат хизматлари марказига борасиз. Агар электрон рақамли имзони тўлов тизимлари орқали мустақил харид қилишни уддалай олсангиз, бунга сизнинг саноқли дақиқаларингиз кетади. Тўловни амалга оширгач, флешка билан ўзингиз яшаб турган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига борасиз ва ЭРИ калитини сизга кўчириб беришади. Бунда телефонингизга ЭРИ калитининг пароли ҳам келиб тушади. Бу пароль сизга давлат хизматларидан электрон фойдаланганда электрон ариза ва ҳужжатларни имзолаш учун керак бўлади.

Агар электрон рақамли имзони мустақил равишда тўлов тизимлари орқали харид қилишни билмасангиз, давлат хизматлари марказида сизга кўмаклашишади.

Шу ўринда мулоҳаза: Давлат хизматлари марказларига фарзандини боғчага жойлаштириш мақсадида келган ота-оналарнинг кўпчилиги айнан ЭРИ харид қилишда муаммога дуч келишмоқда. Юқорида биз санаган тартиб кўпчилик учун мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун, «Click» тизимидан фойдаланишни биладиган ота-оналардан улар тўловни амалга ошириб беришларини, бунинг эвазига нақд пул беришларини айтиб, илтимос қилишаяпти. Назаримда, давлат хизматлари марказларида айнан шу хизмат муқобилини йўлга қўйишса, ота-оналарга анча енгиллик бўларди.

Бу ерда яна бир масала бор: фуқароларнинг ахборот хавфсизлиги. Кўпчилик ота-оналар иши тезроқ ҳал бўлиши учун бошқалар орқали (мисол учун, давлат хизматлари маркази ходими) ЭРИ калитларини харид қилишаяпти, уларга калит паролини маълум қилишмоқда (бу мавзуда мутахассисдан алоҳида интервью уюштирамиз). Аксарият ота-оналар ЭРИ калитидан фақат боғчаларга ариза топшириш мумкин деб янглиш ўйлашлариям ҳеч гап эмас. Шунинг учун ЭРИ калитини бошқаларга ишониб топшириб қўйишлари ҳам мумкин.

Эътиборсиз бўлманг! ЭРИ калити ― оддий нарса эмас. Бу сизнинг электрон имзонгиз! У бирор бузғунчининг қўлига тушиб қолса, сизнинг номингиздан кўплаб амалларни бажариши ва оқибатда сизга жиддий зиён етказиши мумкин. Шунинг учун на ЭРИ калитини, на унинг паролини бегоналарга ишониб топширманг ёки қолдирманг.

Тўртинчи қадам

Ниҳоят ЭРИ калитига эга бўлганингиздан сўнг давлат хизматлари маркази ходими сиз тўлдирган анкета кўмагида йўлланмага буюртма беради ёки фарзандингизни навбатга қўяди.

Давлат хизматлари маркази.

Болаларни боғчага қабул қилиш бўйича давлат хизматлари ― бепул.

Агар Ягона интерактив давлат хизматлари портали(my2.gov.uz)дан фойдаланишни билсангиз, марказга боришингизга ҳожат қолмайди. 5-10 дақиқада ўзингиз йўлланмага буюртма бера оласиз.

Имтиёз ҳақида

Болаларнинг қуйидаги контингенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади:

  • ногиронларнинг болалари;
  • уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчиси бўлган болалар.

Аризачиларда устунлик ҳуқуқининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот анкетада кўрсатилади.

Бироқ! Негадир Ягона порталда имтиёзлар келтирилган иккинчи бандда «тўрт нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари» дейилган. Бу эса юқорида тилга олинган регламентга мос келмайди.

Кейинги жараёнлар қандай бўлади?

Барча МТМлар ҳар ойда бўш ўринлари тўғрисидаги маълумотни туман халқ таълими бўлимига юборади. Туман бўлимлари бўш ўринларнинг электрон ҳисобини юритиб, болаларни қабул қилиш бўйича электрон навбатни шакллантиради ва йўлланма беради, улар асосида боғчалар болаларни қабул қилади.

Бундан ташқари, туман бўлимлари ўз расмий сайтларида қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ўз тасарруфидаги барча боғчалар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб ва мунтазам янгилаб боришлари белгиланган:

  • муассасадаги ўринлар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги;
  • анкеталарнинг умумий рўйхати;
  • анкеталарнинг имтиёзли рўйхати

(аммо барча туман ХТБларининг расмий сайти борми-йўқми, номаълум. Шахсан ўзим бу сайтлар рўйхатини топа олмадим).

Анкеталар Давлат хизматлари марказларида ёки ЯИДХП орқали расмийлаштирилгандан кейин тегишли туман ХТБга дарҳол йўлланади. Шундан кейин 1 иш куни мобайнида аризачиларга йўлланма берилади ёки навбатга киритилиши расмийлаштирилади (шахсий синовга кўра ЯИДХП орқали анкета йўлланганига икки кундан ошди, лекин ҳали унинг қабул қилингани ёки қилинмагани ҳақида жавоб келгани йўқ).

ЯИДХПдан скрин.

Албатта, бу тизим йўлга қўйилганига ҳали бир ой ҳам бўлмади. Уни тўлақонли ишга тушириш қийинчиликларни юзага келтириши табиий. Эшитишимизча, регламент талабларини бажармаган масъулларга катта миқдорда жарималар белгиланган. Шу сабабли хато қилиш ва жаримага тортилишдан чўчиб, ўз аризасига кўра ишдан бўшаётган мутахассислар ҳам оз эмас. Уларнинг ўрнини тўлдиришга ва янги келганларни тайёрлашга яна вақт кетади.

Статистика

Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар беришича, ўтган ҳафтада (16-20 апрель кунлари) Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш хизмати орқали жами 22460 нафар бола мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган (ҳисобга олинган). Демак, тизим ишлаяпти.

Аслида жуда зарур ва қулай тизим

Президент Шавкат Мирзиёев коррупция ва бюрократияга батамом барҳам бериш учун аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида АКТни жадал ривожлантиришни кўп бора таъкидламоқда. Шу мақсадда «Давлат хизматлари маркази»ни ташкил этиш ғояси ўртага ташланганди.

Яқинда бу йўналишда қабул қилинган қарор асосида хизмат кўрсатишни электронлаштириш янада кўпаяди. Энди аксарият давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш мумкин. Ортиқча қоғозбозлик, идора биносига бориш, навбат кутишлар йўқолади. Энг муҳими, хизматларнинг электрон тизимга ўтказилиши икки омилга жиддий таъсир этади: ўртада инсон омили (коррупция) вазиятга аралашмайди ҳамда вақт ва нақд тежалади.

Ҳозир эса, энг асосийси, ушбу тизим ишига боғлиқ идоралар — Мактабгача таълим вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, «UZINFOCOM» ягона интегратори ва бошқалар ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишда давом этиши, бирининг камчилигига иккинчиси бефарқ қарамасдан, ҳамжиҳат ишлашлари талаб этилади. Шунда муаммолар тезроқ ҳал бўлиб, минглаб инсонлар оворагарчиликдан холи, тизим эса барча ҳудудларда ҳақиқатан қулай ва самарали хизмат кўрсатадиган бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг