Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухородаги 1200 йилдан буён сақланиб келинаётган қабристон: кеча ва бугун (видео)

Абу Ҳафс Кабир Бухорий зиёратгоҳи ҳамда жомеъ масжиди ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти маркази ҳамда улуғ зиёратгоҳларидан бири саналади. Хўжа Имом Абу Ҳафси Кабир Бухорий одамларни Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилишга чорлаган. Бухорони шариф шаҳарга айлантирган ва Қуббатул ислом қилган. Фиқҳ ва ҳадис илмини юқори даражада ривожлантирган Абу Ҳафси Кабир вафотидан сўнг унинг майити Бухоро эски шаҳарининг қадимий деворларидан шимолий ғарбда жойлашган мозорга қўйилган ва мақбара ўрнатилган. Мақбаранинг қибла тарафида ўғиллари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ҳамда машҳур фақиҳ издошлари дафн қилинган. Ва бухороликлар узоқ асрлардан буён эъзозланиб келинаётган бу улуғ зиёратгоҳ қошидаги қабристонда дафн қилинишни ўзларига фахр, деб билишган.

Тарихга кўра, Абу Ҳафс Кабир, яъни «Дарвозаи Имом» ёхуд «Ҳақ дарвозаси» дея номланган ушбу қабристондан 1200 йилдан ортиқ вақтдан буён фойдаланиб келинмоқда.

Одамларнинг ўлимдан илгари «жой» эгаллаш «мусобақаси»га гувоҳ қабристон

2019 йилда йилда марҳум Бухоро ҳокими ташаббуси билан 19 гектарга яқин майдонни эгаллаб турган қабристон қабрлари хатловдан ўтказилган. Хатловда қабрлар сони 18 мингдан ортиқ экани аниқланган.

Эски шаҳарнинг қадимий деворларидан шимоли-ғарбда, мозор эса янги қурилган мақбаранинг шимоли-шарқида жойлашган қабристондан одамлар йиллар ўтган сари ўлимидан олдин «жой» эгаллаб олиб қўйишга «мусобақалашишган». Айнан 2019 йилда ижтимоий тармоқларда Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонида 1700 таси майитсиз эканлиги, яъни ўлимидан олдин «эгаллаб» олингани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. 

Қабристондаги бундай оғриқли ҳолат Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида кўтарилган ва ўша йилиёқ Бухоронинг марҳум раҳбарлари томонидан муаммоларни бартараф этиш, қабристонда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

«Жой мусобақаси»га қўйилган чек 

«Дарвозаи Имом» қабристони назоратчиси Фахриддин Кенжаевнинг сўзига кўра, ҳозирда ўлимидан олдин «жой» олиб қўйишларга чек қўйилган.

«Қабристоннинг айрим манзилидаги очиқ сағаналарга кўзингиз тушиши, бор гап. Кўриб турганингиздек, сизот сувларининг баландлашгани айрим қабрларнинг зах сувдан емирилишига олиб келган. Ва лаҳаднинг чўкиб кетиши мумкинлиги эҳтимоли йўқ эмас. Шу боис, унинг кўчирилиши эҳтимолида Марҳумнинг яқинлари томонидан очиқ сағаналар тайёрлаб қўйилган. Бундан ташқари, узоқ йиллардан буён ёмғир ва қор, шамол ва дўлларнинг тошлари тўкилиб, вайронага айланиб кетган, эгаси номаълум қабрлар ҳам йўқ эмас. Ҳар куни ободонлаштириш, ҳар куни тозалаш ва таъмирлаш ишлари бор, бир кунда камида 2 та юк машинасида чиқиндилар чиқариб ташлаб, озодаликни сақлаб турамиз», — дейди Фахриддин Кенжаев.

2020 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Бухоронинг ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилингани қабристонда Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини олиб борилишига йўл очган. 1000 нафардан ортиқ меҳнат кучи жалб этилган. Қабрлар атрофига 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилган. Чиқиндилардан, бегона ўтлардан тозаланган. Йўлакларга оқтошлар ётқизилиб, ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатилган. Эски деворлар қайта тикланиб, қабристон атрофидаги йўлларга асфальт ётқизилган.

19 гектарли жуда катта ва кенг ҳудудни эгаллаб турган қабристонда иш кўлами ҳам, тозалаш ва таъмирлаш ишлари ҳам кенг.

«Xabar.uz»га маълум қилинишича, ўз шахсини сир тутишни сўраган бухоролик саховатпеша тадбиркорлардан бири қабристондаги 200 дан ортиқ хароб ҳолга келган қаровсиз қабрнинг қайта таъмирланишида бош-қош бўлган. Ушбу таъмирлаш ишларида йирик миқдорда маблағ сарфлангани бор гап. Бироқ, уринишларимизга қарамай, тадбиркор биз билан суҳбатлашишни истамади.

«Улуғ Ҳожи ва бизга Қуббатул исломни ҳадя қилган Абу Ҳафс Кабир хизматлари олдида бу қилган ишимиз урвоқча бўлмас»,— деди тадбиркор.

Маълум бўлишича, тадбиркор бундан илгари ҳам кўплаб масжид ва қадамжоларни тиклаш ва таъмирлаш ишларига саховат кўрсатган ва ўзини «сир»ли тутиб келган.

«Бир етим ё ночорга бир бурда нон бериб, уни кўз-кўз қилиб, турли ижтимоий тармоқлару, телеэкранларга олиб чиққанларга кўзимиз тушади. Аммо, ўтган марҳумларнинг хотираси, уларнинг ёди учун қабристонда хароба ҳолга келиб қолган қабрларни таъмирлашда ўзининг улкан ҳиссасини қўшаётганлар Аллоҳнинг суюкли ва гўзал инсонларидир.  Улар шу дунёнинг ҳам нури ҳидоятига муяссардирлар», — дейди Абу Ҳафзи Кабир жомеъ масжид имом хатиби Акрам Абдуллаев.

Қабристон уларга масъул бўлган мутасаддилар томонидан муҳофазага олинган. Зиёратга келган одамлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлаклар ўтказилган. Тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатилган.

Марҳумлар хотирасига тиловат қилиб, қабристонга ёндош, ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий зиёратгоҳи ва унинг қошидаги жомеъ масжидига йўл олдик.

Зиёратгоҳ қабристондан девор билан ажратилган, боғлар ташкил қилинган ва турли манзарали дарахтлар ўтқазилган, шунингдек, кўмилиб ётган ҳовуз очилган. Қадимий масжиднинг ички қисми ҳам таъмирланган. 2017 йилда эски масжид рўпарасидаги минора айни кўринишида қайта қурилган.

Жомеъ масжид имом хатиби улуғ ҳазрат ҳақида сўзлаб берар экан, бу масканга ҳар куни, ҳар соатда юзлаб одамлар зиёратга келишаётгани бежизга эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

Ҳикмат шаҳар

«Абу Ҳафси Кабирнинг асли исмлари Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибарқон ибн Абдуллоҳ ибн Баҳр ал-Кабир ал-Ижлий ал-Бухорий ал-Фақиҳ ал-Ҳанафий бўлиб, ҳижрий 150 (милодий 767) йили Бухоронинг Фагсодара маҳалласида таваллуд топганлар. Улкан зиёратгоҳ у кишининг номларига қўйилган. Ул зот Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилишимизга сабабчи бўлган, Бухорони шариф шаҳарга айлантирган, Қуббатул ислом қилган. Қуръони каримни ёдлаб,  ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганган илмларининг янада мукаммал бўлиши учун Боғдодга борган. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси мужтаҳид Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит - Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг таниқли шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний роҳимаҳуллоҳга шогирд тушганлар. Ҳазрат Боғдоддан Бухорога қайтгач, фиқҳ ва ҳадис илмини юқори даражада ривожлантириб, юз мингдан ортиқ шогирдлар етиштирганлар. Айни ўша пайтда Бухорода оташпарастлар кўп бўлган ва бу зот шарофати билан оташпарастлар ислом динини қабул қилишган. Бухорои Шариф шу зот баракотлари сабабли Қуббатул Ислом, яъни ислом динининг маркази, деб аталган. Имом Ал-Бухорийдек зот шу кишидан таълим олганлар. Катта шогирдлари ва илмларининг меросхўри буюк олим Абу Ҳафси Кабирнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳ бўлиб, у кишини Абу Ҳафси Сағир, дея аташган. Яна бир катта шогирдлари Абдуллоҳ Супадмуний роҳимаҳуллоҳ бўлиб, у кишининг қабрлари ҳам Абу Ҳафс Кабир ҳазратларининг ёнида жойлашган», — дейди суҳбатдош.

Имом хатибнинг тарихга таяниб, билдиришича, Бухородаги илк мадраса ҳам Абу Ҳафси Кабир томонидан очилган. Шогирдларининг ҳаракатлари билан ҳам ўша даврларда бир нечта масжид ва мадрасалар очилган. У кўпгина фақиҳларни тарбиялаб, камолга етиштирган. Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатлари билан Бухорода фиқҳ шу даражада ривожланганки, Бухоро фақиҳлари ислом оламининг асосий шаҳри Боғдод фақихларидан устун бўлган.

«Фиқҳ ва ҳадис илмини юқори даражада ривожлантирган Абу Ҳафс ал-Бухорий ҳижрий 217 (милодий 832) йилнинг муҳаррам ойида вафот этганлар. Вафотларидан сўнг майити шу мозорга қўйилган ва мақбара ўрнатилган. Мақбаранинг қибла тарафида ўғиллари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ҳамда машҳур фақиҳ издошлари дафн қилинган. Бу манзилнинг 1 200 йилдан ортиқ вақтдан буён энг серқатнов ва гавжум зиёратгоҳлардан бири сифатида эъзозланиб келинаётганининг ўзи ҳикматдир», — дейди имом хатиб.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг