Бухорода мактаб ўқувчилари институт типидаги бинода таҳсил бошлади
Бухорода вилоят ҳокимлиги биноси ҳамда «Бухоро спорт» мажумасининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан одамларнинг норозилиги шов-шувларга сабаб бўлган эди. Ҳатто, кўплаб фуқаролар норозилик кайфиятидаги чиқишлар ҳам қилишганди.
Айниқса, Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг ҳам «снос»га тушгани кўплаб ота-оналарни ташвишга солган эди. Орадан бир неча ой ўтгач, соҳа мутасаддилари ҳамда масъуллар ҳолатга муносабат билдиришганди.
Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси (аввалги Бухоро давлат Тиббиёт институтида) тарихий-этнографик паркнинг шундоқ теварагида жойлашгани ва қулай шароитга келтирилгани ота-оналар хавотирини йўққа чиқарди.
Маълум бўлишича, 1937 йилда ташкил этилган ушбу умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари энди институт типидаги ўқув биноларида таҳсилни давом эттиришади. Мактаб 1122 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда 2214 нафар ўқувчи таҳсил бошлади. Жорий ўқув йилида мактабга 4 та синфга 144 нафар 1-синф ўқувчилари қабул қилинган.
Билдирилишича, ушбу мактаб биносини реконструкция қилиш учун жорий йилда 13,4 миллиард сўм маблағлар ажратилган. 735 ўринли ўқув биноси дарс жараёнлари учун шай ҳолатга келтирилган.
Институт биносига кўчирилган мактабда ўтказилган «Биринчи қўнғироқ»да иштирок этган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қисқа фурсатда яна 435 ўринга мўлжалланган қўшимча ўқув биноси ҳамда спорт зали қуриб фойдаланишга топширилиши арафасида эканини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter