Бугун Украина ва Молдованинг ЕИга кириши бўйича музокаралар бошланиши расман эълон қилинади
Бугун, 25 июн куни Люксембургда Украина ва Европа Иттифоқининг ҳукуматлараро конференциясида Украинанинг ЕИга қабул қилиниши бўйича музокараларнинг бошланиши расман эълон қилинади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
«Бугун ЕИ Украина ва Молдованинг кириши тўғрисидаги музокараларни очади. Биз бу икки мамлакат учун ҳал қилувчи палла бўсағасидамиз. Олдинда осон бўлмаган, аммо улкан имкониятларга тўла йўл турибди», — дейилади Еврокомиссия баёнотида.
«Бу чинакам тарихий воқеа. Украина бирлашган Европанинг бир қисми бўлган ва шундай бўлади ҳам», — деди Украина президенти Зеленский.
Апрел ойи охирида Зеленский иттифоққа кириш бўйича музокараларни бошлаш учун Украина барча жорий талабларни бажарганини маълум қилганди.
Июн ойи бошида буни Европа комиссияси ҳам тасдиқлади, бироқ элчилар учрашувида Венгриянинг эътирози сабабли музокараларни бошлаш тўғрисидаги тавсия қабул қилинмади.
Будапешт баёнотига кўра, Украинада миллий озчиликни ташкил этувчи венгерлар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида Киев етарлича ишламаган.
Ушбу муаммо миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари бўйича келишув битими ёрдамида ҳал қилинди. Киев Еврокомиссияга Украинадаги миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида мунтазам ҳисобот бериб туриш мажбуриятини олди.
ОАВ ёзишича, Киев ва Брюссел учун музокара жараёнларини 1 июлга қадар расман бошлаб олиш муҳимдир, чунки шу санадан ЕИ Кенгаши раислиги Белгиядан Венгрияга ўтади, бу эса Украинанинг ЕИга аъзо бўлишини қийинлаштириши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter