Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Блогер: «Қабристонни тозалашга онамни мажбурий олиб чиқишди»

Блогер: «Қабристонни тозалашга онамни мажбурий олиб чиқишди»

Фото: «Troll.uz»

Бухорода бюджет ташкилотлари ходимлари Ҳазрати Имом қабристонини ободонлаштириш ишларига бир ой давомида мажбурий жалб этилмоқда. Бу ҳақда блогер Умид Гафуров (Troll.uz) ўз видео мурожаатида маълум қилди.

Унинг айтишича, онаси ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилган.

«Ҳурматли ҳоким, вазир ва бошқа масъуллар. Сизларда ҳам онангиз бордур, бўлгандур. Нима учун оналаримиз эрта тонгдан жазирамагача мажбурий равишда қабрларни тозалаши керак?» — дейди блогер.

Ушбу видео мурожаат бугун ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

«90 фоиз одам бир марта бўлса ҳам ноҳақликка қарши ҳеч нима қилмаган экан. Ўзим ҳам шу 90 фоиз ичидаман. Айтинг, шундай халқ бўлсак, келажакка ўзи умид борми? Ҳайвонни ғашига тегсанг, оёғи билан тепади, тишлайди. Шу ҳайвончалик эмасмиз. Ҳамма эмас. Атиги 90 фоиз. Бефарқ бўлмайлик...», дейди у.

«Ҳозир онамни ҳокимиятга чақириб, бу хабарларга (видеолавҳада билдирилган фикрларга) қарши матнни имзолашни сўрашибди. Ҳамма ихтиёрий келган экан эрталаб еттидан ишга. Ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам. Қайси ақл билан шундай деяпсизлар? Мард бўлиб тан олмайсизми айбингизни?

Камида ОИТС маркази, 23-интернат, поликлиникалардан келиб ишлаганларни биламан.

Банклар (балки бошқа ташкилотлар ҳам) ҳар куни қабристонда ишлайдиган одамларга ош қилиб беришяпти экан. Навбат билан. Албатта мажбурий равишда. Бир марта ош бериш 3 млн. сўм экан. Бир ой давомида 90 млн. сўм. Кейин бировлар ҳар икки йилда янги «Прадо» минмай биз минайликми?», — қўшимча қилган блогер.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухоро шаҳридаги бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги ушбу хабарлар бўйича текширув бошлаганини билдирди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг