Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (иккинчи суҳбат)

Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип  ва бошқалар ҳақида (иккинчи суҳбат)

«Xabar.uz» «Гендер зўравонликка 16 кун фаол қаршилик» кампанияси кунларида ёлғиз аёл мавзусидаги суҳбатларини давом эттиради. 

Эслатма: туркум мақолаларнинг «Эр керакми?» деган видеочиқишга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Галдаги қаҳрамонимиз ўзини ёлғиз ҳисобламайдиган Феруза Иззат.

Феруза Иззат Анталия университетида инглиз тилидан сабоқ беради. Шу билан бирга Мармара университети тадқиқотчиси ҳам.  Икки қизи ва бир ўғли Туркиядаги нуфузли олий ва махсус таълим даргоҳларида ўқийди.

— Феруза, ўзбек хотин қизлар фаоли сифатида ўз ўрнингиз бор. Аёлларимиз билан доимо мулоқотдасиз. Бугунда ўзбек жамиятида ёлғиз аёл бўлиш қанчалик осон ва қанчалик қийин?

— Менимча, буни битта жавоби бўлмаса керак, чунки бу ёлғиз аёл қаерда эканлигига боғлиқ, ким билан қолганига боғлиқ, болалари борми-йўқми, уларни ёши, ўзини иши борми ёки йўқми, шуларга боғлиқ. Ундан ташқари яқинлари уни қанчалик қўллаб-қувватлайди, шунга қараб қийинчилик камайиб боради.


Мавзуга доир: Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (биринчи суҳбат)


— Авваллари ёлғиз аёллар бошқача эди, деган гаплар қулоққа чалинади.

- Дейлик, 20 йил аввалги қиёсда жудаям катта фарқ кўрмайман. Ўша пайтдаям ёлғиз аёлга қийин бўлган, ҳозир ҳам қийин, жамият ҳар доим ҳам ёлғиз аёлга ҳар хил стеоритиплар билан ёндашади. Кўпроқ ҳаётнинг оғирлиги ҳам унинг бўйнида. Шунга яраша қанақадир салбий фикрлар унга қаратилган бўлади. Фақатгина битта фарқи бор деб ўйлайман. Лекин, қанчалик тўғри,  статистикани билмайман, ўзимни кузатувларимдан келиб чиқиб айтаяпман – ҳозирги пайтда ёлғиз аёллар аввалгига қараганда кўпроқ ва кўпаймоқда.

— Ўзбек жамиятидаги гендер вазият, ҳар қандай зўравонлик ортидаги дадил чиқишларингиз кўпчиликка маълум. Мавзуни шахсий ҳаётга буришни майдалашув демасангиз,  ўзингизнинг ҳаётингиз орқали ёрдашсак.  Ёлғиз аёлсиз. Бу дегани ўзингиз ҳам нималарнидир бошингиздан кечиргансиз. Нима асосида оила қургансиз ўзи?

— Мени биласиз-ку, опа, бандасидан яширадиган гапим йўқ.

Умумий танишларимиз орада туриб оила қуришимизга сабаб бўлишган. Улардан ҳеч қандай гинада эмасман.

— Сизнинг ёлғиз аёл бўлишингизнинг асосий сабаби нима?

— Тўғрисини айтаман, мен ўзимни ёлғиз деб ҳис қилмайман, яъни ўзимни ёлғиз деб эмас, эрсиз деб атаган бўлардим. Чунки қайтанга мен ҳозирги ҳолатимда атрофимда дўстларим,  ҳамфикрларим кўпроқ, ўзим кўпроқ нарсаларга эришдим деб ўйлайман. Ажралишимизга сабаб эса хўжайиним устимга бошқа оила қурганлари бўлган.

— Шунда ҳам оилани сақлаб қолиш ҳақида ўйлаганмисиз?

— Оилани сақлаб қолиш имконияти бўлган. Мен буни қабул қилиб, шу икки хотинликка сабр қилиб яшасам, оиламиз, мазмунини йўқолган бўлса-да, давом этган бўларди. Лекин мен шундай йўл тутганимда ўзимдан кечган бўлардим ва қанчалик мамнун ва бахтли бўлардим, бу ноаниқ.

— Ажрашганингиздан пушаймон бўлган пайтларингиз бўлганми?  Ўзингизни айблаган вақтлар-чи?

— Ажрашганимдан ҳеч қачон пушаймон бўлмаганман. Лекин ёлғиз қолганимда, баъзан, балки сабр қилганимда бошқача бўлармиди деган хаёл кечарди. Бу бошида, депрессияда пайтларимда бўлган ва худога шукур ўтиб кетди. Шукурлар қиламанки, ўзим учун босган ҳар қадамимда яхши натижаларга эришганман. Бу менга яна кўп рағбат, яна кўп мотивация берган.

- Ота-она уйига қайтиб келдингиз, молиявий жиҳатдан ўзингизни бошқариш имконингиз қанақа эди?

— Ман ажрашган пайтим 40 ёшда эдим. Катта қизим Туркияда университетга киришга тайёрланаётган эди. Мен унинг ёнида эдим. Энг кичкина ўғлим 10 ёшда эди.  Туғилган кунимга совға тариқасида менга талоқ совға қилинган.

Молиявий жиҳатдан ўзимни бошқаришга умуман  имкониятим бўлмаган. Чунки мени доимо эрим таъминлаган, ишлашга қўймаган десам ҳам бўлади. Бошланғич ойларда иш топгунимга, менга укамлар қарашиб туришган. Болаларимнинг харажатларини отаси таъминларди, ҳозир ҳам шундай.  Учта бола билан мусофир юртдаман. Ўзим инглиз тили ўқитувчиси мутахассиси бўлсам ҳам, ҳеч қанақа иш тажриба йўқ, тилим деярли ҳеч ишлатилмаган эди. Битирганимга ҳам кўплаб йиллар ўтиб кетган, ўзимга ишонч умуман қолмаганди. Энг катта муаммом ҳам биринчи йил иш бошлаганимда  бўлган. Бегона бир давлатда, бегона бир менталилетдаги одамлар билан, уларни эркатой болаларига дарс бериш жудаям  қийин бўлган. Шу биринчи йилимни ҳалигача қўрқинчли тушдек эслайман.  

— Яқинларингиз томонидан зўравонликка  ўхшаш ҳолатлар бўлганми?

— Эрим билан яхши яшаганмиз деб ўйлайман. Албатта ўзига яраша характери бор эди. Жудаям яхши кўрардим. Охирига бориб, бошқа оиласини билганимдан кейин, ўшанда бошланган. Ўзим ҳам анча ёмон руҳий аҳволга тушганман. Охирида, тўғрисини айтаман, зўравонлик ишлатган ҳолати ҳам бўлган.

— Болалар, айниқса ўғиллар тарбиясида отасининг оилада эмаслиги қанчалик таъсир кўрсатади? Фарзандларингиз отаси билан борди-келди қиладими?

- Бизларни ажрашганимиз фақат ва фақат биз эр-хотинни ажратди, болаларни ажратгани йўқ. Ҳатто, болалар отасига олдингидан кўра кўпроқ боғланди дея оламан. Дадаси келиб туради, Ўзбекистонга булар ҳам боришади, тарбиясида ҳам аралашиб туради. Айрим масалаларни: ота ва она – ўзимиз  ҳал қилишимиз керак деб ўйлайман, лекин эрим нимагадир ўзини олиб қочади. Биз шунақа масалаларни болаларимиз орқали ҳал қиламиз.

— Ёлғиз аёлга жамият қарашини айтдингиз, маҳаллада,  давраларда, жамоада айнан ёлғиз аёл эканингиз таъкидланадими?

— Мен айтганимдек, Ўзбекистонда яшамайман. Лекин менинг ёлғизлигимни ижтимоий тармоқларда жудаям кўп юзимга солишади. Мен энди аёллар ҳақ-ҳуқуқлари учун қайғурганим учун ва кўп ёзганим учун, биринчи навбатда бу ўзи ажрашган, бу аламзада, бу эркакларни ёмон кўради, ўзига ўхшаб ҳаммани ажраттиргиси келади деган муносабатни жудаям кўп эшитганман. Лекин маҳаллада, қариндош-уруғ орасида ёлғизлигим таъкидланмаган. Ишда ҳам, мана мен Туркияда икки марта иш алмаштирдим, ҳеч қаерда оилам, ажрашганлигим тилга олинмаган, бу нарса менга тўғаноқ бўлмаган.

— Ёлғизлик сизга янги имкониятлар учун йўл очиб бердими?

— Тўғрисини айтаман, ёлғизлик мени ўзимни - ҳақиқий  Ферузани кашф қилишимга  ёрдам берди. Яъни эрсизлик. Бу вазиятда мен ўзимни умуман ёлғиз ҳис қилмадим. Болаларим катта эди, қўллаб-қувватлашди. Ёнимда бўлишди. Отам, укаларим ҳар доим менга ҳам маънавий, ҳам моддий дастакда бўлишди. Ўзим учун янги имкониятлар очилди -  ишлашни, ўзим пул топишни бошладим, муаммоларимни ўзим ҳал қилишни ўргандим. Бу менга жуда катта куч берди. Ундан ташқари магистратурада ўқиётувдим, магистратурани битириб докторантурада ўқишни бошладим. Ҳозир фақатгина ҳимоя қолди. Худо хоҳласа тез кунларда ҳимояни ҳам қиламан. Карьера учун ҳақиқатан ҳам жуда катта имкониятларни очиб берди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда фаоллигим ошди, фикримни айта оладиган бўлдим ва энг яхши тарафи ҳамфикрларни топдим ва жудаям кўп яхши дўстлар орттирдим.

— Ёлғиз аёлнинг қайтадан турмушга чиқиш имкони ким ва нимага боғлиқ? Сиз нимага қайтадан турмушга чиқмагансиз?  Агар истаган инсонингиз ҳозир ҳам учраса турмушга чиқасизми? Энди талабларингиз қандай бўлади?

— Бизларда эркакларга қайта уйланиш жудаям осон. Жамиятнинг ўзи ҳам ажрашган аёлга яхши кўз билан қарамайди, худди бу ишлатилган бир маҳсулот каби, кимлардан қолиб кетган нарсадек қарашади. Эркакка негадир бундай қарашмайди. Шу сабаблими, ажрашган эркаклар ажрашган аёлларга уйланишни ҳар доим ҳам хоҳлашмайди, кўпроқ  яна қиз болага уйлангиси келади. Бу ҳам бир сабаб. Бундан ташқари, аёл болалар билан қолади, буни ҳозир олсам болаларига ҳам қарашим керак деган ўй бўлади. Иқтисодга бориб тақалади бу нарса. Бировни боласини ўзимни болам деб қабул қилиш қийинроқ баъзи одамлар учун. Ваҳоланки, 99 фоиз ҳолатда болалар онада қолади, онанинг ўзи шуни истайди, берилмаса эришади. Аслида ота ҳам болаларига қараши мумкин, буни ҳеч ёмон жойи йўқ, чунки ота ҳам худди онадек масъул.

Мен нима учун қайтадан турмушга чиқмадим? Бизнинг ўзбек жамиятида ажрашганларга кўпроқ иккинчи ёки учинчи хотин бўлишни таклиф қилишади. Бунга ўхшаган таклифлар олганман. Лекин ўзимнинг оилам айнан шу сабабдан бузилгани учун, ўзимнинг принципим, мен бунга ҳеч қачон рози бўлмайман. Қолаверса, иккинчи хотин бўлиш ҳеч қандай ижтимоий кафолот ҳам бермайди. Аёл учун пастлик ва хўрлик деб биламан. Бора-бора мен ижтимоий тармоқларда бу фикрларимни айта бошлагинимдан бери унақа таклифлар камайганига хурсанд бўламан.  Лекин мен истаган инсон учраса, албатта турмушга чиқаман деб ўйлайман. Чунки, битта одам бўлиб яшагандан кўра иккита одам бўлиб яшаган яхшироқ.

— Талабларингиз қандай бўлади?

—Тўғриси, қанақадир талабларим бор деб айтолмайман. Лекин албатта аёлларга, оилага ва умуман жамиятга эркинроқ қарайдиган бир инсон бўлишини хоҳлайман. Оила институтининг ўзига ҳам қандайдир бошлиқ ва қўл остидаги одам деб қарашига қаршиман. Умр йўлдоши, ҳақиқий маънода умр йўлдоши бўлишини ҳоҳлайман.

— Орзуларингиз?

— Мен жуда катта орзулар қилмай қўйганман. Ажрашганим ҳам бунга сабаб бўлса керак. Яқин орада бўлиши мумкин бўлган нарсаларни ўйлайман. Ҳозирги кунда энг катта орзуим -докторантурани тугатиш, илмий ишимни ёқлаш ва фан доктори унвонига эга бўлиш.

— Орзуларингизга етинг, Сизга улкан Бахт тилаймиз!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг