«Арзирумга саёҳат»: шаҳар мудофааси учун жангга кирган қаҳрамон аёл
Қадимги пойтахт шаҳар – тоғли Арзирум шаҳри Туркиянинг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, аҳолиси тахминан 350 минг кишини ташкил қилади. Ҳудуд аҳли асосан савдо ва чорвачилик билан шуғулланади.
Арзирум қадимда турли давлатлар таркибида бўлиб келган ва ҳар хил ном билан аталган. 11-асрда салжуқийлар қўл остига ўтгач, ҳозирги ном билан аталган. 1514 йилдан Усмонлилар салтанати таркибида бўлган шаҳар бир неча марта ташқи душманлар ҳужумига дучор бўлган.
Хусусан, 1877 йилда арман ва рус қўшинларининг Азизий горнизонига бостириб кириши тарихи ушбу ерликларнинг «йил онаси» бўлган Нине хотуннинг қаҳрамонликлари билан ёдга олинади.
Шу боис ҳам бугун Арзирумдаги Нине хотун қабри ва Азизий горнизони мудофаа қалъаси сайёҳлар билан гавжум: йўлбошловчилар шаҳар мудофаасида қаҳрамонлик кўрсатган онанинг ҳикоясини айтиб беришдан чарчамайдилар...
Нине хотун 1857 йилда Эрзурумда туғилган. 1877 йилги босқинда у хали 20 ёшли келин, эри фронтда, акаси эса урушда яраланиб, вафот этган азадор ҳолатида эди.
Бу турк-рус урушининг қонли ва қора кунлари эди. 1877 йил 7 ноябрдан 8 ноябрга ўтар кечаси яқин атрофдаги иккита арман қишлоғидан яширинча сафарбар этилган тўда яширинча бориб, Арзурумнинг машҳур Азизий қўрғонига киришга муваффақ бўлди. Қўрғонни ҳимоя қилган оз сонли турк аскари қаттиқ уйқуда эди: улар уйқуларида қиличдан ўтказилди. Орқадан келаётган рус қўшинлари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан қалъага жойлашдилар.
Ўша куни шаҳар ҳудудига уюштирилган босқиндан омон қолган ярадор аскар Арзурумга ёмон хабар олиб келди. Миноралардан эрталабки азон ўрнига: «Москва Азизийга кирди!» деган овоз тарқалди.
Нине хотун ҳам уч ойлик боласини эмизиб, ухлатди ва ёвга қарши отланган маҳаллий аҳоли сафига қўшилди.
Ким кетмон, ким белкурак кўтариб, эркак ва аёл бўлиб, ҳамма Азизий қалъаси мудофааси учун чиқди. Қалъага ўнашиб олган душман яқинлашиб келаётган арзурумликларни қуроллар билан қарши олди. Азизийда қонли жанг бошланди. Тўқнашувда ўз жасорати билан ажралиб турганлар орасида Нине хотун ҳам бор эди...
Азизий қалъаси 2 мингга яқин москвалик аскар қони эвазига озод қилингани айтилади. Арзурум аҳли эса Нине хотуннинг тўқнашув пайтидаги қаҳрамонлигини унута олмади: у яраланганди.
У ўзининг тўқсон саккиз йиллик умри давомида барча Арзурум халқига Москванинг Азизийда қандай мағлубиятга учраганини айтиб берди.
У ўлимидан бир йил олдин ўзини зиёрат қилган НАТОдаги америкалик аскарнинг саволига «Мен ўшанда керакли нарсани қилгандим. Керак бўлса бугун ҳам шундай қиламан» деганди.
Урушдан кейин Нине хотун номи афсонага айланди. У мамлакатда қаҳрамонлик рамзи сифатида танилди. У 1955 йилда «Йил онаси» деб танланди.
Нине хотун 1955 йил 22 майда Эрзурумда пневмониядан вафот этди.
Шаҳар озодлиги учун курашган қаҳрамон аёл – Нине хотунни Азизий қўрғони саҳнига дафн қилишди...
Элбек
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter