Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

«Алламжонов айбдор» китобини ўқиб келган хулосам

«Алламжонов айбдор» китобини ўқиб келган хулосам

Фото: Kun.uz

«Алламжонов айбдор» китобини ўқиб келган хулосам: асли номи «Алламжонов фаришта» бўлиши керак экан.

Ҳар ҳолда, китобни ёзишдан мақсад шуни айтишга ўхшайди.

Буни яхши ёки ёмон демайман, ўқишни бошлаганимдаёқ ҳамма ҳақиқатлар баён қилинган, тан олинган деган фикрим йўқ эди. Сизларга ҳам шундай нейтрал позициядан туриб ўқишни, танқидий дунёқарашни бир зумга бўлсин ўчирмасликни тавсия қиламан.

Чунки бу бошдан оёқ ёлғон ёки бошдан оёқ ҳақиқат эмас. Ҳар қандай рост гап ҳам ҳақиқат бўлавермайди, бу воқеаларнинг бир нуқтаи назардан туриб айтиб берилган версияси холос, албатта, тўлиқ версия эмас.

Табиий, бу китоб, муаллиф тергов ё суд олдида кўрсатма бермаяпти, фақат ҳақиқатни айтишга қасам ичмаган, у воқеликка нисбатан ўзининг субъектив идроки маҳсулини баён қиляпти, холос. Устига устак, муаллиф сиёсатчи, сиёсатчининг мақсади эса омманинг симпатияси бўлади.

Лекин сатрлар аро ўқисангиз, муаллиф қанча яширишга уринмасин, ўзини фош қилган ўринларни кўришингиз, шу пайтгача яширин турган, аммо китоб баҳона пардаси қия кўтарлиган ички «кухня»даги жараёлардан у-бу нарсаларни илғаб олишингиз мумкин, албатта.

Баъзида муаллиф ҳар қандай хатосини, айбини, қоидабузарликларини ҳам оқлаб, ютуқдек кўрсатиши ғашингизга тегади. Чунки хатолари ҳақида гапирганда, сатрлар аро Сизга «мен қайта ундай қилмайман, бу хато йўл» деб тавба қилаётган эмас, «ҳатто хатоларим ҳам ўзимга ярашади» дея мақтанаётган бир шахс қараб турганини сезасиз. Демак, имкон бўлса, яна шу ишни такрорлайди, деган хулосага келасиз (муаллиф ўзи мақтанаётган ютуқларига ҳам шу хатолари соя солишини ҳис қилармикан?).

Агар китобдан мотивация олмоқчи бўлсангиз, шу томонидан ўрганманг, мотивация олманг: синиб қолишингиз мумкин! Чунки сиз Алламжонов эмассиз, ҳаётда ҳаммага ҳам уники каби кучли паноҳлар насиб қилавермайди.

Майли, муаллиф холислиги ўз йўлига, китобнинг ўзи барибир эътиборингизни тортади, ёдингизда қолади, ўқиб тугатмагунингизча сизни қўйиб юбормайди: тили, баёни, динамикаси, композицияси пишиқ. Мана шунақа китоблар (миссияси қандай бўлишидан қатъи назар) кўп ўқилади.

Ҳақиқат баҳслардан туғилади. Бу китобга баҳс очадиган яна шундай мемуарлар керак. Ҳозирча ундай иқрорлар бўлишидан бўлмаслиги аниқроқ, ҳеч бўлмаса, китоб ёзиш кўп вақт талаб қиладиган иш экани важидан. Лекин биз кутаверамиз барибир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг