Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Қизларни «қари қиз» деманг

Қизларни «қари қиз» деманг

Бугун «Қизлар овози» форуми доирасида Modul5 лойиҳасининг махсус сонида спикер сифатида қатнашдим.

Форум Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Зал тўла қизлар, аксари 20-30 ёшнинг нари-берисида. Бири талаба, бири талаба бўлмоқчи, яна бирови аллақачон ҳаётда ўз ўрнини топган. Уларни бу форумга мулоқот, мушоҳада, илм-маърифат иштиёқи олиб келган.

Ёшлар фақат шоу бизнес юлдузларига эргашади, уларни тинглайди деган қарашлар ўзгарди: бугун микрофон турли соҳаларда муваффақиятга эришган инсонлар қўлида. Фикр, муҳокамага ҳам одамлар қизиқишяпти.

Modul5 нинг биринчи спикери Нигора Акилова 18 ёшида Собиқ иттифоқнинг энг нуфузли университетида ўқиш имконияти бўлганда турмушга чиқиб кетгани, кейин ўн йил давомида уйда оналик ва аёллик вазифаларини бажаргани, шу жараёнда мустақил илм билан шуғулланиб, тил ўрганиб, 28 ёшида иш излагани, хорижий университетга грант ютиб ўқишга кетгани, кейин нуфузли хорижий ва маҳаллий ташкилотларда ишлагани, хуллас муваффақиятсизликларни енгиб, муваффақиятга эришиб кучли аёл бўлиб шакллангани тарихини айтар экан хаёлимга «Американские горки» келди: кўтариласан-тушасан, яна кўтариласан, яна тушасан... Кучли шахс шундай шаклланади: енгилса, яна тик туриб, енгса – тўхтаб қолмай...

Актриса Раъно Шодиева ҳам ўз шахсий ҳаётий тажрибаларига асосланган кучли чиқиш қилди. Яна ўзи раҳбарлик қилаётган имконияти чекланган инсонлар учун фаолият юритадиган нодавлат-нотижорат ташкилоти фаолларини ҳам саҳнага олиб чиқди. У инсонларни асло имконияти чекланган деб бўлмайди, улар имконият аслида чегарасиз эканини, инсон уни истаганча кенгайтира олишини кўрсатиб беришди.

Мен ҳам нималардир дедим. Айниқса, ёши каттароқ бўлиб қолган қизларни «қари қиз» деб тамғалаб, ўзига баҳосини туширишларини, кейин бу уларнинг «турмушга чиқиш учунгина турмушга чиқишга» мажбурлаши, қизларимизни шошириб, нотўғри қарорларга ундаб қўйишимиз мумкинлигини айтган жойларим залда анча олқиш олди (ўзим кутмагандим).

Форум анча қизиқ давом этяпти. Бироздан сўнг «Ёш куч» журналининг янги сони тақдимоти бўлади. «Ёш куч» мен учун жуда қадрли — бир пайтлар шу журналнинг бош муҳаррири бўлганман. Журнал тарихида 2 тагина аёл бош муҳаррир бўлган. Иккинчиси ҳозирги бош муҳаррир – олима Ирода Дадажонова.

Бу ҳақида кейин яна ёзаман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг