Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Ака-укачилик? «Йўқ» дейишни ўрганишимиз керак

Ака-укачилик? «Йўқ» дейишни ўрганишимиз керак

Фото: «novoshishminsk.ru»

Ҳозирги пайтда газета, тв ва интернет ресурсларда коррупция ва унга қарши курашиш тўғрисида кўп гапириляпти. Масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, коррупциянинг фундаменти бизнинг менталитетимизга худди ДНК каби «программалашиб» кетмаганмикан?

Буни бизда коррупциянинг кўринишлари жуда кўплигидан ҳам сезиш мумкин: «хамир учидан патир», «ака-укачилик», «муомаласини қилиш», «хизмат бўлса, шаймиз», «бизда ҳам қолиб кетмайди», «сиздан угина, биздан бугина»... ва олдин айтиб ўтганим, «ишни кўзини билиш» ва яна бир қатор терминлар айнан коррупция жараёнларида ишлатиладиган ибораларга айланиб улгурган.

Менталитетимизда «ака-укачилик» феномени алоҳида ўрин касб этади. Акаси каттароқ давлат хизматида ёки кучишлатар тизимларда ишлайдиган Шодивой, босар тусарини билмай қолади. Машинасини хоҳлаган тезлигида ҳайдайди, қизил чироқ у учун эмас, акаси катта ишда ишламайдиганлар учун ёнадигандай гўё.

Тасаввур қилинг: Каттароқ ишда ишлайдиган одамни ўғли ёки укаси, ўша акаси ёки дадасининг кимидур билан «ака-укачилик» ёки «биздан ҳам қолиб кетмайди ака» альянси орқали ўқишга киради. Зўўўўрға ўқишни битириб келади, каллада айфонни сўнги модели ва неччта қизни «ўрагани»дан бошқа нарса йўқ. У ўзини ҳеч қаерда кўрсатмаган, на билими, на кўникмалари орқали ҳеч кимнинг назари тушмаган ва ўқишни битириб ўзи иш тополмайди. Мана шу пайт, юқоридаги феноменлар катта саҳнага чиқиб кела бошлайди. Дадаси ёки акаси кимгадур телефон қилиб, «ака-укачилик»ни эслатади. «Хизмат бўлса, тортинмай айтавериши мумкинлиги» уқдирилади. Натижа қандай? Натижа албатта ўғил ёки уканинг нуфузли ташкилотга ишга кириши, ишга киришини «ювиб» бериши билан якунланади. Тўхтанг, тўхтанг, бу билан якунланмайди, у тентак ишга кирганидан кейин ўзини қандай тутади? У янаям катта лавозимларга кўтарилиб, ушбу бошланган занжирни давом эттираверади. Ёпиқ доира, жаноблар! Биз кейин юраверамиз, нега коррупция тугамайди деб...

Мактабда ўқиб юрган пайтларимда, назорат имтиҳонларда доим ўзимни доирамдагиларга ёрдам берар эдим. Кўчирмачиликнинг мисли кўрилмаган усулларини ўйлаб топиб берар, бу борада «ас» эдим :) Ўзимча мен қаҳрамонман. Мени ҳамма мақтайди, мақташгани сари кўчиришларига яхшироқ шароитлар яратардим, қизларнинг тест вариантларини ечиб берардим. Бундан фахрланардим. Инсонларга ёрдам беряпман гўё...

Чет элга ўқишга кетганимдан кейин, кунларнинг бирида имтиҳон вақти бир голландиялик дўстимдан ёрдам сўрадим, хаёлимда худди у ҳам бир пайтлар мен қилган ишни қиладигандай, лекин у менга «Дўстим, бундай қилишимиз бошқаларга нисбатан адолатсизлик ва ўқитувчига нисбатан ҳурматсизлик бўлади» деди... Ўзимни дунёдаги энг ифлос одамдай ҳис қилиб кетдим...

Бизда коррупция асослари, болалигимизданоқ, бир қарашда жуда яхши бўлган постулатлар орқали қурилади. «Дўстлик ҳамма нарсадан устун», «дўстларга доим ёрдам бериш керак». Бу тушунчаларнинг бошқаларидан устунлиги, онг остида оила ва дўстлар адолатдан ҳам устунроқ деган маданиятни шакллантиради. Бу маданиятда дўстлар қонунларни бузишса ҳам, ёрдам қўлини чўзишимиз керак. Чақимчилар қораланади, бу худди классик мафия маданияти эмасми? Айнан шунинг учун ҳам Италияда, Грецияда, Россияда ва бизда коррупция ҳолатлари Бельгия, Швеция, Голландия каби давлатлардан анча юқорида туради. Бу давлатларда нимага коррупция деярли йўқ? Чунки одамлар фарзандларига болалигидан, адолатнинг бошқа туйғулардан юқори туришини тушунтиришади. Шу мафиоз маданияти авлоддан авлодга (худди фарзандга яхши нарсаларни ўргатяпман деб) ўргатилар экан, бизнинг жамиятимизда коррупция камаймайди.

Коррупцияни йўқотишда ҳозирги коррупционерларни намойишкорона қамашлар эффект бериши мумкин, лекин илдизи билан қўпориб ташлаш учун, аввало биз ўрганиб қолган, эртага бизни ва фарзандларимизни ҳам коррупционерга айлантириши мумкин бўлган норма ва анъаналарни нотўғри эканлигини тан олишимиз керак.

Дўстлар ва яқинларга ҳам улар сўраган нарсага (қонун-қоидаланга зид бўлса) «Йўқ» дейишни ўрганишимиз керак. Кимдур балки бутун бошли маданиятни ўзгартириш мумкин эмас, деб эътироз қилар. Мен сизга, албатта мумкин деб жавоб бераман.

Бошқаларга яхши ўрнак бўла олиш жуда юқумли нарса. Шу мақолани ўқиган 10 кишидан биттаси адолат ва ҳақиқатни ўз бурчи деб билишни бошласа, тез орада унинг атрофидагилар ҳам шу ишни қилишни бошлайди. Биз шундаймиз, ҳамма яхши инсон бўлишни хоҳлайди, минимум бошқалардан ёмонроқ бўлмасликка ҳаракат қилади. Агар атрофда ҳамма ўғри ва порахўр бўлса, сенга ҳам бу ишни қилиш қийин бўлмай қолади... Агар атрофингда адолатли одам пайдо бўлса, адолатсиз бўлиш қийинлашиб кетади. Чунки яхши ўрнакни кўрган одам бирдан виждони уйғониб, қилаётган ишларидан уялишни бошлайди.

Худди шундай мен ҳам голландиялик дўстим олдида уялиб қолгандек. Бу билан унга нисбатан янаям кўпроқ ҳурматим ошди ва адолат, холислик умрим мазмунига айлантиришига у чиндан кўмаклашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг