Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Республика маҳалла кенгаши ёш қизларни бўралатиб сўккан раисни «оқлаш»га уринди. Балиқ бошидан...ми?

Республика маҳалла кенгаши ёш қизларни бўралатиб сўккан раисни «оқлаш»га уринди. Балиқ бошидан...ми?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада Музработ тумани «Фидокор» МФЙ раиси Ғ.М. «Дамас» русумли автомашинани тўхтатиб, унда кетаётган бир неча нафар аёлларни мажбуран тушириб олиб, уларни «пахтага чиқмаётганлик»да айблаш асносида уятсиз сўзлар билан қаттиқ ҳақорат қилади. Шунингдек, ҳайдовчига қўл кўтариб, уни ҳам бўралатиб сўкади.

Ушбу ишни прокуратура ўргана бошлагани «Xabar.uz»да маълум қилинганди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ушбу хабарга расмий муносабат билдирди.

Расмий муносабатда зўравон раисни оқлашга уриниш бўлгани яққол сезилиб қолган. Келинг, аввалига матн билан тўлиқ танишамиз (имло ва стилистика ўз ҳолича сақлаб қолинди):

Сурхондарё вилояти маҳаллалар кенгаши томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш юзасидан Ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилояти Музработ тумани «Фидокор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси «М.Ғ.М.» ҳатти-ҳаракатлари юзасидан шу маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ва Ангор тумани «Навшаҳар» маҳалласида яшовчи дамас русумли автотранспорт хайдовчиси «Г.Б.» ўртасида содир этилган холатлар юзасидан қуйидагилар аниқланди.

«Пахта–2019» ҳосилини тезда териб олинишида Музработ тумани «Фидокор» маҳалласида яшовчи иш билан банд бўлмаган аҳоли билан меҳнат шартномаси асосида пахта отряди тузилган бўлиб, ушбу ҳолатда иштирок этган фуқаролар ҳам шу отряд таркибида бўлган.

Тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ ушбу фуқаролар пахта ҳосилини йиғиб олиш мавсуми тугагунга қадар ишлашларига келишилган бўлса-да, ҳохлаган вақтларида кунлик ишлашга кетиб қолиш холатлари содир этиб келинган. Ҳайдовчи «Г.Б.» Музработ тумани «Фидокор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги хотин-қизларга телефон қилиб, кунлик ишга олиб кетишини ва кўпроқ иш ҳақи беришини айтган ҳамда 11 нафар хотин-қизларни техника қоидаларига ва ҳаракат хавфсизлигига риоя қилмасдан олиб кетаётганида маҳалла раиси «М.Ғ.М.» томонидан тўхтатилган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан ҳайдовчи «Г.Б.»га ҳолат бўйича изоҳ беришини талаб этганида, ҳайдовчи томонидан – «Сен кимсан, менга буйруқ берадиган ЙПХ ходимимисан, бор қўлингдан келганини қилгин» – деб ҳақоратли сўзлар ишлатилган. Натижада маҳалла раиси «М.Ғ.М.» ҳайдовчи ва автомашина ичидаги ўзи раислик қилиб келаётган маҳалланинг 11 нафар хотин-қизларни автомобилдан мажбуран тушириб олган ҳамда шартнома асосида пахта теримига чиқишини тушунтирган. Фуқаролар бу тушунтиришларга эътибор қилмасдан, «М.Ғ.М.»га нисбатан истеҳзоли кулиб, калака қилган.

Маҳалла раисининг тушунтиришича ҳайдовчи ва хотин-қизлар томонидан ҳақаротли сўзлар ишлатилганидан «М.Ғ.М.» ҳам жаҳл устида қўпол сўзларни ишлатганлигини билдирди. 

Ҳайдовчи «Г.Б.» ўзи ва хотин-қизларнинг маҳалла раисига нисбатан қўпол сўзлари ва хатти-ҳаракатларини телефонига ёзиб олмасдан, атайин «М.Ғ.М.»нинг сўзлари сеъмка қилганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат бўйича Музработ туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётган бўлиб, аниқлик киритилганидан сўнг аслида воқеа қанақа бўлганлиги ойдинлашади.

Расмий муносабат тугади.

Бундай муносабатни ўқиб, наҳотки «балиқ бошидан» бўлса, деган фикрга борасиз. Ундаги имло хатолари ва мантиқсиз жиҳатлар ўз йўлига. Аммо қандай қилиб расмий ташкилот ўзбошимча, сўконғич ва зўравон раиснинг куракда турмайдиган қилиқларини бу тарзда «оқлаб» бериши мумкин? Ўзи тарқалган видеода хулоса чиқаришга етарлича ҳолат намоён бўлиб улгарганди. Ҳатто ҳокимлар ўз хатолари учун кечирим сўраб турган бир кунда, маҳалла раиси ва уни оқловчи юқори ташкилоти айбни ёш қизларга-да ағдаришдан тоймаётгани жуда хунук ва ачинарли ҳолат.

Биринчидан, ким ҳуқуқ берганки, маҳалла раиси шу маҳалла аёлларини, ҳали турмушга чиқмаган қизларини бўралатиб сўкишга? Уят, номус, орият қани? Қонунларимизга амал қани? Ахир, биз кўчадаги қайсидир безори эмас, маҳалла раиси ҳақида гапиряпмиз.

Иккинчидан, ким ҳуқуқ берганки, маҳалла раиси йўлда тутиб олган ҳайдовчини сўкиб, уришига? У жиноят қилдимики, бундай йўл тутади? Ҳатто жиноят қилганидаям, маҳалла раисининг ўзича «самосуд» қилишига, нима, Маҳалла кенгаши махсус рухсатнома бериб қўйганми?

Учинчидан, пахта теримига шартнома қилингани, бошқа ишни афзал билиб кетаётган хотин-қизларни куч ишлатиб, яна пахта теришга чиқаришга ҳуқуқ асос берадими? Мажбурий меҳнатнинг кўриниши эмасми бу? Пахта теришни хоҳламаётган бўлишса, шартномани бекор қилиш имкони йўқми?

Тўртинчидан, пахта далаларига одамларни қувиб чиқариш қачондан бери маҳалла раисларининг вазифаси бўлиб қолди? Ёки фарқига бормай қолдикми: улар маҳалла раисими ёки «қамчисидан қон томадиган» эски замон колхоз раиси?

Бирор ҳудудда қандайдир нохуш ҳолат бўлиб қолса, «маҳалла қаёққа қараяпти?» деб койиб ҳам қўямиз ўзимизча. Билдик, қаёққа қарашётганини. Маҳалла раисларининг «ортиқча бошоғриққа» вақтлари йўқ, уларга ҳозир пахта теримига қизларни сўкиб ҳайдаш топширилган. Шундайми? Кенгаш бунга «добро» (зўравонликка ҳам) бериб қўйган кўринадики, йўқса, бундай «чиройли» оқлаб беришга гувоҳ бўлмасмидик... Қайси замонда, нечанчи асрда яшаяпмиз ҳурматли «маҳалла»дагилар? Қачон ўзгарасизлар?

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг