Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Ҳоким сейфидаги 1 миллион доллар

Ҳоким сейфидаги 1 миллион доллар

Фото: «Спутник»

Охирги бир неча ой ичида Самарқанд томондан эсган мудҳиш воқеалар шамоли шунчалик куч олдики, бу довулнинг чеки кўринмаслиги инсонни қўрқув ва хавотирга солиб қўйди.

Дунё сайёҳлари кўришни истайдиган тарихий маскан, ислом олами бир бор зиёрат қилишни орзу қиладиган замин наҳотки шу даражада жиноятлар, бошбошдоқликлар, нафс балоси гирдобида қолди?

Кўча супуришга мажбурлаб чиқарилган ўқитувчиси ўлди, шифокорлари янги туғилган чақалоқларни печкада ёқди, милицияси ҳимоясиз аёлни хўрлади, мактаб директори ўқувчиларга зўравонлик қилди, калтаклади... Бу рўйхатнинг давоми узун. Жуда узун. Ва бу жиноятлар ортида энг каттаси, энг мудҳиши шу вилоят ҳокимининг кирдикорлари бўлди.

Эмишки, тинтув вақтида Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Туроб Жўраевнинг кабинетидаги сейфдан 1 миллион доллар нақд пул борлиги аниқланган. 1 миллион доллар! Ишхонадаги сейфда. Бошқа сейфдагилари, хориж банкларидаги, кўчмас мулкка киритилган, қимматбаҳо буюмлар ва бошқаларга тикилган сармояларичи? Жами қанча бўлишини тасаввур қила оласизми?

Агар дунёдаги коррупциянинг энг аянчлисини кўрсатинг дейишса, мен шу ҳолатни кўрсатардим. Йўқ, буни ҳокимнинг ўз сейфида миллион йиғгани учунгина эмас, оқибатидан жамият қанчалик азият чекаётгани сабаб айтяпман. Ҳокимнинг сейфига оқиб келган пулларнинг ирмоқлари йўл-йўлакай қанчалаб ҳаромга кўниккан жиғилдонларни тўлдирмаган, дейсиз. Ўнлаб, юзлаб шериклар, билиб туриб ёки манфаати учун кўз юмган атрофидагилар... Қуйи тармоқларгача сингиб кетган таъмагирликлар... Ҳаммасини жамласа, қанча сумма йиғилади? Асосий савол: бу пуллар кимники? Минглаб инсонларнинг пешона тери, кўз ёши маҳсули эмасми? Ишсиз, ўзга ўлкаларда тентираб юрган ўзбеклар, маошини зўрға у ойликдан бу ойликка етказадиган хизматчилар, таълимсиз, тарбиясиз ўсаётган авлод кўз ўнгида гавдаланмадими уларни? Айнан ҳоким буни ўйлаши, ҳис этиши керакмасмиди? Фожеа.

Бу пулларга кўча супуришга ҳашарчини мажбурлаб эмас, ободонлаштириш ходимларини пул тўлаб чиқарса, Дианаси ўлармиди? Бу пулларга давлат шифохоналарида шароит яхшиланса, хусусий шифохона очган нафс қуллари қўлида чақалоқлар ёндирилармиди? Бу пулларга таълим тизими тартибга солинса, мактаби директори болаларни калтаклаб, хўрлармиди?

Энг ачинарлиси, бу ягона ёки охирги ҳолат эмас. Тап этадию, эртага бошқа бир ҳудуднинг сейфи тўла ҳокими чиқиб келади. Ёки бир тармоқнинг коррупция ботқоғига ботган раҳбари ҳақида эшитамиз. Ва бу довулнинг ҳам чек-чегараси кўринмайдигандек туюлаверади. Яна қўрқув ва хавотир... Ўт балоси, сув балоси ва... коррупция балосидан асрасин!

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг