Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Контейнер»да яшагим келиб кетди...

«Контейнер»да яшагим келиб кетди...

Фото: «Халқ сўзи»

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бундан роппа роса бир ҳафта олдин  «Бунёдкор» маҳалласига бориб,  маҳалла аҳолиси билан учрашуви давомида «Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнатилади ва унга «вилоят ҳокимининг уйи» деб ёзиб қўйилади. Бу ердаги ҳолатни ўнглаб, кейин бошқа оғир ҳудудга ўтамиз», —  деганди.

Вилоят ҳокимининг бу ташаббуси қўллаб-қувватланди. Ахир ҳокимнинг аҳоли орасида бўлиши, уларнинг муаммоларини танасидан ўтқазиб ҳис қилиши бу бошқа гап. Шунда «Танаси бошқа дард билмас», деган гапга ҳам ўрин қолмайди.

Ҳокимнинг бундай қарор қабул қилишига президентнинг Наманганга сафари чоғида «Бунёдкор»  маҳалла фуқаролар йиғинидаги 74-сонли таянч пункти биносини бориб кўргани ва маҳалладаги ҳолатни танқид остига олгани сабаб бўлган эди. Қолаверса, Наманган вилоят Халқ депутатлари кенгашида вилоят ҳокимлигига Шавкат Абдураззоқов номзодини кўрсатиб, бу ерга бўладиган раҳбар уддабурон, халқпарвар бўлиши шарт, биз Наманганга муносиб инсонни тайинлашимиз лозим, деганди.

Наманганга лойиқ кўрилган ҳоким ростдан ҳам уддабурон чиқди. Сабаби ҳали ҳеч ким қилмаган ташаббусни кўтарди: аҳоли орасида «контейнер» олиб келиб ўрнатиб яшашини маълум қилди. Кўпчилик ҳокимни оддийгина контейнерда яшашини тасаввурига сиғдиролмаган, сиғдиролганлар эса «қойил-е» деб қўйгани ҳам бор гап.

Орадан роппа роса бир ҳафта ўтди. Ташаббускор ҳоким Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлисда яширин овоз бериш жараёнида 6-Сероб сайлов округидан депутат, Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайлангани ҳақида хабар берилди. Орадан саноқли дақиқалар ўтиб эса ҳокимнинг шу кунларда яшаши керак бўлган «контейнери»нинг суратлари яшин тезлигида тарқалди ва бу кўпчилик учун кутилмаган сюрприз бўлди.

Фото: «Халқ сўзи»
Фото: «Халқ сўзи»

Бир ҳафтада қурилган бу «контейнер» ўша маҳаллада неча йиллардан бери битмаётган, сув ва газ кўрмаётган ҳовлилар, нураб ётган маҳалла қўмитасининг биноси, оқланмаган девор «фони»да рамзийлик касб этди...

Фото: Президент матбуот хизмати

Қизиқ, биргина кам таъминланган оила 500 минг сўм ажратилиши учун ойлаб кутиши керак, биргина ер олиб тадбиркорлик қилиш учун 30 дан ошиқ ҳужжат йиғиш асаббузарлиги бор, бир хонали уйингизни ремонт қилишингиз учун камида бир ой вақтингиз кетади, пул топсангиз уста топмайсиз, уста топсангиз пул топмайсиз. Аммо раҳбар учун пулам, устаям, ер ҳам, вақт ҳам чикора экан. Бу ихчамгина, аммо дачалардек ҳашамдор кўринишдаги ҳовлида яшаган ҳоким халққа янада яқин бўла оладими ё яна ўша гап — «танаси бошқа дард билмас», деб ёзғириб юраверамизми?

Ҳолати оғир ҳудудлар кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай контейнерлардан яна қанчаси қурилади? Қанча маблағ, қанча ишчи кучи ва вақт сарфланади — буни кейинги сюрпризлар орқали билиб оламиз. Агар ҳокимларнинг вақтинча «контейнер»и шунақа бўладиган бўлса, ҳақиқий уйлари қанақа экан-а? Бизнинг ҳам шундай контейнерда яшагимиз келиб кетди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг