Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Урганч аэропорти вақтинча ёпиляпти

Урганч аэропорти вақтинча ёпиляпти

Урганч халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилиниши муносабати билан 2024 йилнинг 20 июлидан 7 августига қадар ёпилади.

Маълум қилинишича, реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади. «Uzbekistan Airports» йўловчиларга Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида бепул трансфер хизматини тақдим этади. Автобуслар йўловчиларни жўнаб кетишда ҳам, учиб келишда ҳам манзил аэропортига олиб боради.

Хабарда айтилишича, йўловчилар қуйида кўрсатилган вақтларда белгиланган манзилда бўлишлари керак. Масалан, Урганчдан Москвага HY-9615 рейси билан учаётган йўловчилар Урганч аэропортига соат 23:00 да етиб келиши лозим. Жадвалга кўра, автобуслар йўловчиларни Урганч аэропортидан соат 23:30 да олиб кетади. Соат 02:30 да йўловчилар Нукус аэропортига етказилади ва у ердан Москвага учишади. Москвадан қайтган йўловчиларни Нукусдан Урганчга етказиш жараёни ҳам худди шундай ташкил этилади. Нукус аэропортида чегара назоратидан ўтиб, юкларни қабул қилиб олган йўловчиларни Урганчга йўл оладиган автобуслар кутиб туради.

Ҳар бир алоҳида йўналиш бўйича тўлиқ автобуслар қатнови жадвалини ушбу ҳавола орқали топиш мумкин. Қўшимча маълумот учун эса Алоқа маркази (+998 55 501 45 55)га мурожаат қилиш сўралмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг