Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шериклари билан 145 млрд сўмни ўзлаштиришга уринган божхона мансабдори қамоққа олинди

Шериклари билан 145 млрд сўмни ўзлаштиришга уринган божхона мансабдори қамоққа олинди

145 млрд сўмга яқин маблағни суғурталаш орқали ўзлаштирмоқчи бўлган божхона мансабдори ҳибсга олинди. У бўлим ходими мақомидаги шахс бўлиб, тўловлар бўлимида ишлаган  ва у суғурта компанияси билан тил бириктирган.

Яъни, ходим божхона тизимида бор бўлган суғурта полиси асосида тўловларни маълум муддатга кечиктиришга рухсат бериш амалиётидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб келган. Божхона ходими суғурта компанияси билан келишиб, унинг манфаатини ноқонуний равишда ҳимоя қилган.

Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Илҳом Мухторовнинг билдиришича, ходим қўмитанинг ўз хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда 2−3 ой кузатувда бўлган. Кузатув давомида унинг жиноий гуруҳларга аралашиб, уларнинг манфаатлари учун хизмат қилгани аниқланган. 

Хизмат текшируви асосида у 23 ноябрь куни ишдан бўшатилган. Жиноий шериклар – суғурта компаниясининг бир-икки ходими чет элга қочиб кетган, улар қидирувга берилган.

– Бу ерда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш йўналишидаги бир амалиёт — суғурта компанияларидан тақдим қилинган суғурта полиси асосида маълум муддатга божхона тўловларини кечиктириш учун рухсат бериш ҳақида гап кетяпти. Рухсат бериш жараёнида ўша ходим суғурта компанияси билан жиноий тил бириктирган. Қўмита раҳбарияти томонидан бу схемани аниқлаш бўйича топшириқ берилган. Жойлардан олинган маълумотлар асосида текширув натижасида 145 миллиардга яқин маблағ суғурталаш орқали ўзлаштиришга эришмоқчи бўлишганини аниқладик. Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган. Ходимимиз устидан керак бўлса, ўзимиз жиноят иши қўзғатиб, ўзимиз тегишли идораларга олиб бориб топшириш имкониятимиз бор, – дейди Илҳом Мухторов.

Ҳозирда 145 миллиард сўм зарардан 84 миллиард сўми ундиришга эришилган. Компаниянинг бир-икки ходими чет элга қочиб кетган, улар қидирувга берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг