Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ МИБ ходими ва икки солиқчини жиноят устида ушлади

ДХХ МИБ ходими ва икки солиқчини жиноят устида ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда МИБ ходими, адвокат ва икки солиқчини жиноят устида ушланди.

Хабарда айтилишича, Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи 3 та МЧЖнинг солиқ қарзларини, ушбу МЧЖларни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 2023 ва 2024 йиллар учун ер солиғидан аниқланган 11 млн 200 минг сўм миқдоридаги қарздорлигини бартараф қилиб бериш эвазига 7 млн. сўм, шунингдек, ушбу фермер хўжалик раҳбарининг танишига тегишли нотурар жойнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган 55 млн 100 минг сўм қарздорлигини ҳам тўлиқ бартараф қилиб бериш эвазига 28 млн сўм талаб қилади. У талаб қилинган жами 35 млн сўм пул маблағини олган вақтида ушланди.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги мева-сабзавот сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга совутиш омбори қуриш ва унга зарур бўладиган агрегатлар сотиб олиш учун 2023 йилнинг январ ойида акциядорлик тижорат банкидан 170 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади. Аммо, олинган кредитни тўлаш даврида 3 ойлик қарздорлик юзага келиб, уни ундириш мақсадида банк томонидан Мажбурий ижро бюросининг Учқўрғон туман бўлимига мурожаат қилинади.

Шундан сўнг, МЧЖ томонидан кредит қарздорлиги тўлансада, бюронинг 2 нафар давлат ижрочиси МЧЖ раҳбарини алдаб, гўёки туман прокуратураси томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганлигини айтиб, уни жавобгарликка тортилмаслигига ёрдам бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилишади. МИБ Учқўрғон туман бўлимининг давлат ижрочилари сўралган пул маблағини олган вақтларида ушланди.

Жиззах шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати Жиноят Кодексининг 165 ва бошқа моддалари билан айбланиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ўз ҳимоясидаги судланувчига нисбатан, суд органларидаги мансабдор танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг