Самарқандда ЙПХ ходими устига машина ҳайдаган фуқаро қамоққа олинди
Самарқандда ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан инспекторнинг ҳаёти учун хавфли ҳаракатлар содир этган ҳайдовчи қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 31 январ куни Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли кўчасида хизмат фаолиятини олиб бораётган ЙПХ ходими давлат рақамисиз ҳаракатланиб келаётган Onix автомошинасига тўхташ ишорасини беради.
Ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмай, машинани ходим устига ҳайдаб, унга тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter