Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қуръоннинг ўзбек тилидаги еттинчи маънолари таржимаси чоп этилди

Қуръоннинг ўзбек тилидаги еттинчи маънолари таржимаси чоп этилди

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги янги маънолар таржимасини чоп этди.

«Анворул-Қуръон: «Файзул-Фурқон» – ўзбек тилидаги еттинчи тўлиқ таржимадир. «Файзул-Фурқон» таржимаси нашрига анча олдин, яъни чорак аср рухсат берилган бўлса-да, моҳир таржимон Мирзо Кенжабек таржимани тобора такомиллаштириш мақсадида уни кўп нусхада чоп этишга шошилмаган. Таржимоннинг ёзишича, ушбу таржима 2009 йил 19 март куни ниҳоясига етган, сўнгги таҳрири эса 2021 йил 6 апрелда тугалланган», – деб ёзди академик Акмал Саидов «Жадид» газетасининг жорий йил 46-сонида чоп этилган мақоласида.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар Қуръони каримнинг ўзбек тилига маънолар таржимаси тўлиқ ҳолда қуйидаги муаллифлар томонидан амалга оширилган:

  1. Саййид Маҳмуд Тарозий – Олтинхон Тўра (1994);
  2. Шайх Ҳожи Муҳаммаджон Мавлавий Ҳиндистоний-Қўқандий – «Баёнул Фурқон фи таржиматул Қуръон»;
  3. Шайх Алоуддин Мансур – «Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима» (1992);
  4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – «Тафсири ҳилол» (1991);
  5. Шайх Абдулазиз Мансур – «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» (2001);
  6. Шайх Усмонхон Алимов – «Тафсири ирфон».

Моҳир мутаржим Мирзо Кенжабек томонидан амалга оширилган еттинчи таржимага муфассир, ҳофизи Қуръон, ўн қироат бўйича ижоза соҳиби Ҳасан Таҳсиннинг таржимаси, таъвил, изоҳ ва шарҳлари асос қилиб олинган.

Академик А.Саидовнинг ёзишича, Қуръоннинг дунёдаги турли тилларга таржима қилиниши буюк маданий-маърифий ҳодисадир. Ҳозирга қадар Каломуллоҳ 250 дан ортиқ тилга кўп маротаба, такрор-такрор таржима қилинган. Жумладан, инглиз тилида 120 га яқин, француз тилида 120 дан ортиқ, рус тилида 20 дан ортиқ, лотин, испан, немис ва бошқа тилларда ҳам кўплаб таржималар мавжуд.

Муқаддас Каломнинг маънолар таржимаси туркий тиллар, жумладан, турк, татар, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ҳамда форс тилларида ҳам нашр қилинган. Умуман, туркий тиллардаги таржима ва тафсирлари адади икки юздан ошади.

Оташин шоир ва моҳир адиб, зукко таржимон ва қалами ўткир публицист Мирзо Кенжабек ҳозирга қадар Имом Термизийнинг «Сунани Термизий», «Аш-Шамоили ал-Муҳаммадийя», Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», Шайх Мавлоно Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг «Жомиъ ул-мутун», Абул-Футуҳ Шайх Аҳмад Ғаззолийнинг «Баҳрул маҳабба», Маҳмуд Асъад Жўшоннинг «Ҳақиқий севги», «Тасаввуф ва гўзаллик», «Муршиди комил ҳикматлари», Қутбиддин Изникийнинг «Муршиди мутааҳҳилийн», Ҳожи Аҳмаджон Махдум Ҳанафий-Нақшбандийнинг «Рисолаи сужуди саҳв» каби илмий-маърифий ва ҳадис китобларини она тилимизга таржима қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг