Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётганларга ўз тилида «пошёл на х... » – собиқ депутат

Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётганларга ўз тилида «пошёл на х... » – собиқ депутат

Бир муддат олдин россиялик пропагандачи-амалдор Захар Прилепин очиқчасига босқинчилик ғоясини илгари сургани, унда гап муҳожирлар муаммоси ҳақида бошланиб, собиқ СССР ҳудудларини, жумладан, Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишга ҳеч ким қаршилик кўрсата олмаслиги билан тугагани ҳақида хабар берилган эди. 

Рус амалдорининг ушбу иддаоларига депутат Иномжон Қудратов ҳамда собиқ депутат Расул Кушербаев муносабат билдириб чиқди.

«Жаноб Прилепин, шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон мустақил, суверен давлат. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тилни ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди.

Аксинча, урушни тарғиб қилиш — бу жиноятдир. Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз — мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! 

Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли», — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов. 

Кушербаев эса Прилепин ва «Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётган бошқаларга, биринчидан, ўз тилида «пошёл на х...», деб ёзади (рус тилидаги «пошёл на хрен» ибораси «жаҳаннамга равона бўл» маъносида ишлатилади, — таҳр.).

«Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли.

Иккинчидан, ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар.

Расмий Кремл мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади», — дейди Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаев.

У, шунингдек, Ўзбекистон ТИВдан бу борада ўз позициясини қатъий билдиришини, «бу бўйича расмий Нота юбориши»ни сўради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг