Ўзбекистонда уч йил ичида болалар камбағаллиги қарийб 12 фоизга камайган
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда болалар ўртасидаги камбағаллик даражасини баҳолаш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини таҳлил қилди.
Унга кўра, болалар камбағаллиги даражаси 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2023 йилда 13,7 фоизгача камайган.
Камбағалликни камайтириш тенденциялари, жумладан, шаҳар ва қишлоқ жойлари ўртасида сезиларли даражада фарқ қилган. Масалан, қишлоқ жойларда болаларнинг камбағаллик даражаси 24,6 фоиздан 14,5 фоизгача камайган бўлса, шаҳарларда эса бу кўрсаткич 18 фоиздан 13 фоизгача бўлган рақамларга тўғри келган.
Тадқиқот натижаларига кўра, болалар камбағаллиги даражаси энг паст бўлган ҳудудлар Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри бўлса, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида эса болалар камбағаллигининг нисбатан юқори эканлиги қайд этилган.
Қайд этилишича, 2021 йилда ўтказилган сўровда 10 минг хонадон иштирок этган бўлса, 2023 йилда мамлакат бўйлаб 16 мингдан ортиқ оила ўрганилган.
Маълумот учун, тадқиқотда ижтимоий ҳимоя тизимининг камбағаллик даражасига таъсири таҳлил қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий нафақалар бўлмаса, мамлакатда болалар камбағаллиги даражаси 1,6 баравар ошади.
Болаларнинг камбағаллик даражаси Статистика агентлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган уй хўжаликлари бюджети ўрганиш маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter