Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўликлар рўйхатига тушиб қолган қизалоқнинг тирик эканини исботлаш учун яқинлари 1,5 йил сарсон бўлишди

Ўликлар рўйхатига тушиб қолган қизалоқнинг тирик эканини исботлаш учун яқинлари 1,5 йил сарсон бўлишди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи Аслиддин Муҳаммадиев ва Сожида Исматовалар оиласида 2022 йилнинг 24 июнь куни уч нафар эгизак дунёга келган. Қарши шаҳридаги роддомда туғилган чақалоқларнинг бири — Фотимахон исмли қизалоқ бўлиб, у туғилганидан уч кун ўтгач, вафот этди. Зуҳрахон исмли эгизакларнинг бири тирик бўлса-да, ФҲДЙ ходимлари айби билан ўликлар рўйхатидан жой олди, деб ёзмоқда «Дарё» нашри.

Қизалоқнинг бобоси нашр мухбири билан суҳбатда ушбу воқеа сабаб Зуҳрахон Фаҳриддинованинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси яроқсиз қоғозга айлангани, бунинг ортидан оила бир ярим йилдан бери сарсон-саргардончилик бўлаётганини айтган.

Қайд этилишича, Зуҳрахоннинг вафот этганлар рўйхатида тургани яқинларига 2022 йилнинг август ойида маълум бўлган.

«Болалар пули учун ҳужжат тайёрлаймиз деб борганда ўғлим билиб қоляпти-да. Бу бола ўлди турибди-ку дейишганда, чопа-чоп бўлиб қолди. Мурожаат қилмагшан жойимиз ҳам қолмади, учрашмаган ташкилотимиз ҳам қолмади», – дейди бобо.

Унинг қўшимча қилишича, унинг вилоят прокуратурасига қилинган такрорий мурожаатларидан сўнг прокуратура Қарши шаҳар ФҲДЁ мудираси ишини ўргана бошлаган. Аммо кўп ўтмай, воқеа яна бости-бости қилинган.

«Вилоят прокуратураси буларнинг устидан жиноят иш очганди. Лекин на бизни терговга чақиришди, на улар билан юзлаштирилдик. Ҳеч ким сўрамади. Кейин билсак ими-жимида раҳбари қолиб, камбағал инспектор қизчага нисбатан чора кўришган экан», – дейди у.

Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Шоимова мазкур воқеа сабаб 2 нафар ФҲДЁ ходимига ҳайфсан берилганини билдирган.

Маълум бўлишича, уч нафар эгизакнинг биринчиси номаълум сабабларга кўра туғилиши ҳам, ўлими ҳам расмий ҳужжатларда қайд этилмай қолиб кетган. Маълумотлар базасида эгизакларнинг иккинчи ва учинчисига оид қайдлар топилган холос. Биринчи фарзанднинг ўлимини қайд этишда ахборот тизимида иккинчи фарзанд З.Ф.нинг ЖШШИРи кўрсатилгани сабабли унга нисбатан «вафот этган» деган маълумот шаклланган. Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан ўрганилиб, шу йил ноябрь ойида биринчи фарзанд Ф.Ф.нинг туғилиши ва ўлими қайд этилган. Ахборот тизимида иккинчи фарзанд З.Ф. нинг вафот этганлиги билан боғлиқ маълумотларга тузатиш киритилган.

Бироқ эгизакларнинг бобоси «Дарё» мухбири билан суҳбатда набирасига нисбатан қўлланилган қўпол хатолик баратаф этилганини 2023 йилнинг 5 декабрь куни билгани айтган. Айнан шу кундан бошлаб оиланинг сарсонгарчилиги барҳам топган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг