Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Менинг биринчи уйим» дастури Зангиота туманидан бошланади

«Менинг биринчи уйим» дастури Зангиота туманидан бошланади

«Менинг биринчи уйим» дастурининг биринчи босқичи тажриба-синов тариқасида Зангиота тумани «Туркистон» МФЙда амалга оширилади. Бу борада Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бунда дастур доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги «Менинг биринчи уйим» дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади.

Белгиланишича, Дастур доирасида:

  • кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини самарали жойлаштириш, лойиҳалаштириш ҳамда қуриш ишларини ташкил этиш Дирекция томонидан амалга оширилади;
  • кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари тендер савдолари асосида аниқланади.
  • Дастур доирасида қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади;
  • имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади;
  • уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилади. 

Маълумот учун, мазкур дастур Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Туркиянинг ТОКИ давлат компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида Тошкент вилоятида «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастури бошланиши ва Дастур доирасида, биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилиши айтилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг