Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маҳкумларга видеоучрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади – лойиҳа

Маҳкумларга видеоучрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади – лойиҳа

Амалдаги Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этилган шахсларга уларнинг яқинлари билан суҳбатлашишга доир ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. 

Қайд этилишича, мазкур Кодексга киритилаётган ўзгартиришлар билан маҳкумларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқаларини таъминлаш орқали оилавий муносабатларини сақлаб қолиш, тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашиш ҳамда ижтимоийлашувини жадаллаштириш орқали уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, ижтимоий қоидалар ва анъаналарга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш ёки сақлаб қолиш кабилар мақсад қилинмоқда.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларга уларнинг ихтиёрига кўра масофали видеоучрашувлар ёки телефон орқали сўзлашувлар ҳуқуқи берилади.

Умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда жазони ўтаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашувлари ёки телефон орқали сўзлашувлари муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланади.

Масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувлар миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади. Маҳкумнинг илтимосига кўра, маҳкум жазони ижро этиш муассасасига етиб келгандан кейин, шунингдек алоҳида ҳолларда унга қўшимча равишда масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Интизомий бўлинмаларда сақланаётган маҳкумларга фақат алоҳида ҳолларда масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашув ёки телефон орқали ўзаро сўзлашувлари тақиқланади.

Маҳкумларга масофали видеоучрашув ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг